Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Виктор Жалилов камчиликларни бартараф этади!

Баҳо:
+ | -

Шу кунларда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Бир ҳафтага мўлжалланган йиғинда асосан терма жамоанинг иккинчи рақамли футболчилари ва шу билан бирга, илк бор термадан таклиф олган номзод ўйинчилар иштирок этишяпти. Яқиндагина олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланган Виктор Жалиловга машғулотларни ўтказишда ёшлар ва ўсмирлар футболида каттагина тажриба тўплаган мутахассис Дилшод Нуралиев ёрдам беряпти. Якшанба куни бошланадиган иккинчи йиғинда олимпия терма жамоасининг асосий таркиб футболчилари ҳам машғулотга қўшиладилар. Ўтган душанба куни эса олимпиячиларимиз илк йиғиндан ўрин олган дастлабки назорат учрашувида майдонга тушишди.

Виктор Жалилов шогирдларига олий лиганинг биринчи даврасини барқарор ўтказа олмаган Муборакнинг «Машъал» клуби рақиблик қилди. «Жар» стадионида­ бўлиб ўтган ўйинда устунлик олимпиячиларимиз томонида бўлди. Экспериментал таркиб билан ўйнаганига қарамай, Жалилов шогирдлари якунда 3:0 ҳисобида зафар қучишди. Ўйин соат 18.00да бошланди. Бу пайтда ҳаво ҳарорати камида 38 даража иссиқни ташкил этаётганди. Аслида учрашувни соат 20:00да бошласа ҳам бўларди. Аммо негадир ўйин жуда эрта бошланди. Оқибатда футболчилар иссиқда тўп суриб, анча қийналишди.  Буни сезган учрашув бош ҳаками ўйинчиларга ҳар икки бўлимда томоқни ҳўллаб олиш учун имконият яратиб берди. Бу ҳам футболчиларга бироз ёрдам берди. Ўйинни кўриш учун эса тахминан 100 нафар томошабин «Жар» стадионига келди.

Биринчи бўлимда терма жамоа етакчиларидан бири Жалолиддин Машарипов ўнг қанотдан ҳужумга қўшилиб, дарвозабон билан бирга-бир вазиятда ҳисобни очди. Лекин Машарипов учун бу гол татимади. Сабаби, кичик тўқнашув натижасида «Пахтакор» ярим ҳимоячиси жароҳат олиб, майдонни шифокорлар ёрдамида тарк этди. Танаффусга жамоалар шу ҳисоб билан чиқиб кетишди. Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа таркибида ўзгаришлар амалга оширилди. Олимпиячиларимиз сафида майдонга туширилган Темур Ҳакимов, Мурод Бобожонов, Қувондиқ Рўзиев, Достон Турсунов каби футболчилар терма жамоа ўйинини сезиларли тарзда кучайтирдилар. Бунинг натижасида аввалига ҳимоячи Максимилиан Фомин белгиланган пенальтидан гол урди. Кейин эса Шоҳруҳ Достонов айланма зарба билан чиройли голга муаллифлик қилди. Шу тариқа, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси илк ўртоқлик ўйинида йирик ҳисобдаги ғалабани тантана қилди. Биз учрашувдан сўнг терма жамоа бош мураббийи Виктор Жалилов ҳамда етакчи футболчиларнинг фикрлари билан қизиқдик.

- Виктор Романович, аввало ғалаба билан табриклаймиз. Тўғри, жамоангиз йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Лекин ҳали бартараф этилиши керак бўлган камчиликлар борлиги кўзга ташланиб қолди. Шундай эмасми?

- Албатта. Фикрингизга қўшиламан. Терма жамоа ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмаган. Гувоҳи бўлганингиздек, мазкур ўйинда терма жамоага илк бор таклиф этилган футболчилар ҳам майдонга тушишди. Уларнинг жамоавий ўйинга қўшилиб кетиши учун вақт керак бўлади. Шундай баҳслар орқа­ли ушбу ўйинчиларнинг бугунги ҳолати, истиқболи қандай эканлиги, терма жамоада ўйнаб кета оладими, йўқми, деган саволларга жавоб оламиз. Бир-иккита ўйин билан футболчига тўлақонли баҳо бериб бўлмайди. Олдинда яна назорат баҳсларимиз бор.­Ўша учрашувларда ҳам янги номзод футболчиларни кўрикдан ўтказамиз.

- Сизни кўпроқ қайси позициялар ташвишлантиряпти?

- Ҳозир бир нарса дейиш қийин. Агар терма жамоамизнинг Бангладешда ўтказган саралаш босқичидаги ўйинларини таҳлил қилиб чиқадиган бўлсак, асосий муаммо ҳужум чизиғида эканлиги ойдинлашади. Сермаҳсуллик жуда кам бўлди. Терма жамоанинг потенциалидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, биз қитъанинг ўртамиёна жамоаларига кўпроқ гол уришимиз керак. Ҳозир замонавий футболда кўпроқ ҳужумда ўйнаган жамоа ютади. Кейин ҳимояда ҳам камчиликлар бор. Ҳозир хатоларни бирин-кетин санаган билан ишимиз енгиллашиб қолмайди. Биз нима учун терма жамоага бош мураббий этиб тайинландик? Албатта, мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун. Ҳозир шу муаммолар устида ишлаймиз. 

- Терма жамоага таклиф этилган янги футболчиларнинг бугунги ўйини ҳақида нима дея оласиз?

- Мазкур терма жамоа сафида деярли 80 фоиз янги футболчилар майдонга туширилди. Улар орасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан жаҳон чемпионатида иштирок этган ўйинчилар ҳам бор. Умуман олганда, уларнинг ҳаракатлари  ёмон эмас. Лекин юқорида айтганимдек, ҳали уларга вақт керак. Ҳозир ўйинни кўриб, таҳлил қилиб чиқамиз. Илмий гуруҳ ҳар бир футболчи ҳақидаги маълумотларни бизга тайёрлаб беради. Учрашув 10 дақиқа аввал якунланди. Шу боис, ҳозир тайинли бир нарса айта олмайман. 20-26 июль кунлари ўтказиладиган йиғинда асосий таркиб футболчилари ҳам терма жамоа йиғинига қўшилишади. Миллий терма жамоа билан иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиш режалаштирилган. Ўша ўйинларда асосий таркиб футболчилари майдонга туширилади. Кейин бир нарсани унутмаслик керак, таркибимиздаги ёш ўйинчилар ҳар доим ҳам бир маромда ўйин намойиш эта олишмайди. Бугун ўйини умуман қовушмаган футболчи кейинги учрашувда баҳс қаҳрамонига айланиши мумкин. Бундай ҳолатлар ўсмир ва ёшлар футболига хос. Шунинг учун ҳам хулоса чиқаришга шошилмаймиз.

- Олимпия терма жамоамизнинг август ойи бошида Туркияда ўтказиладиган халқаро турнирда иштирок этиши хабар қилинди. Бу маълумот қанчалик ҳақиқатга яқин?

- Мазкур халқаро мусобақада қатнашиш режамизда бор. Лекин ҳали боришимизни расман тасдиқлаганимиз йўқ. Иккинчи йиғинимиз арафасида бу нарсага ойдинлик киритилади. Бизда бошқа таклифлар ҳам йўқ эмас. Ўзимиз учун энг мақбул вариантни танлаймиз.

- Дарвозабонлар масаласида гапирилиб, бу борада барча ёш тоифасидаги терма жамоаларимизда муаммо бир эканлиги айтилганди. Сизнинг жамоангизда ҳам шундай камчилик кузатилдими? Агар бўлса, унга қандай ечим топмоқчисиз?

- Ихтиёримизда ярим йилга яқин вақт бор. Афсуски, посбонлар муаммоси бизнинг жамоамизда ҳам бор. Бежизга олий лига клубларига легионер дарвозабонларни ўйнатишга тақиқ қўйилмади. Ҳақиқатан ҳам, киперлар танқислиги бугунги кун ўзбек футболидаги энг глобал муаммо, десам хато қилмайман. Эътибор беринг, нима учун хориж клубларида дарвозабонларимиз легионер сифатида ўйнашмайди? Чунки, халқаро талабга жавоб берадиган дарвозабонларга эга эмасмиз. Қолган барча чизиқ вакилларидан легионерлар бор. Демак, ушбу масалани ҳамма клублар билан биргаликда ҳал қилиш шарт. Бу борада ЎФФ ва ПФЛ томонидан илк қадам ташланди.       

Максимилиан Фомин, олимпия терма жамоаси ҳимоячиси:

- Тайёргарликлар режа асосида, кўнгилдагидек давом этяпти. Таркибдаги аксарият футболчилар билан аввал ҳам Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида бирга ўйнаганмиз. Шу сабабли, бир-биримизни тушуниб ҳаракат қилиш у даража­да қийинчилик туғдирмаяпти. Қолаверса, терма жамоамиз устози Виктор Жалилов билан «Пахтакор»да ҳам бирга ишлаганмиз. Виктор Романовичнинг ўйин тактикасини яхши биламиз. Ушбу мутаҳассиснинг олимпия терма жамоамизга бош мураббий этиб тайинланиши яхши бўлди. Илк ўйинда ғалаба қозонганимиз барчамизни хушнуд этди. Старт омадли бошланди. Асосий вазифа ва мақсадимиз келаси йили Рио-2016 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш. Бу мақсадга эришиш учун барчамиз сидқидил меҳнат қилишга тайёрмиз.

Ҳа, елкам бироз лат еди. Лекин бунинг хавотирли жойи йўқ. Аввалдан елкам бироз безовта қилиб туради. Жароҳат жиддий эмас ва кейинги ўйинларда ҳам майдонга тушиб, жамоам муваффақиятига ҳисса қўшишга тайёрман. Кўрсатган ўйинимдан кўнглим тўлдими? Ҳеч қачон ўз ўйинимга баҳо бермайман. Тўғри, бугун жамоамизнинг иккинчи голига муаллифлик қилдим. Лекин бу голда пенальти ишлаган жамоадошимнинг ҳиссаси кўпроқ бўлди. Бундан кейин ҳам ўз ўйиним, ҳимоядаги бехато ҳаракатларим билан терма жамоага фойда келтиришда давом этаман.

Темур Ҳакимов, терма жамоа ҳужумчиси:

- Мазкур учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсакда, бу ўйиннинг енгил ўтганидан дарак бермайди. Баҳсни бевосита стадионда томоша қилганлар ҳам фикримга қўшилишса керак. Майдонда кескин ва шиддатли кураш кечди. Ҳеч ким бир-бирига ён беришни истамади. Кўрдингиз, жуда кўп тўқнашувлар бўлди. «Машъал» футболчилари ҳам мағлубиятдан қутулиб қолиш учун астойдил ҳаракат қилишди. Бизда терма жамоага чақирилган ўйинчилар кўп бўлганлиги боис ҳар икки бўлимда икки хил таркиб ўйнади. Рақиб ҳам кучли, ҳар ҳолда олий лига вакили, таркибида тажрибали футболчилар бор. Шунга қарамай, бор кучимиз билан ўйнадик ва йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Жамоага янги мураббийлар штаби тайинланди. Йиғинда ҳам янги футболчилар қатнашишмоқда. Барча бир-бири билан жуда яхши муносабатда эканлиги қувонарли ҳол. Ҳозирда кунига икки маҳалдан машғулот­ ўтказ-япмиз. Барчамизнинг мақсадимиз ягона - Рио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш. Олимпиадада иштирок этишни хоҳламайдиган футболчининг ўзи бўлмаса керак. Фурсатдан фойдаланиб, мени терма жамоага таклиф қилиб, яна бир бор имкон берган мураббийлар штабига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Уларнинг ишончларини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.

Бугун Ўзбекистон олимпия терма жамоаси «Пахтакор» клубига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Иккинчи йиғин эса миллий терма жамоа билан биргаликда ташкил этилади. 22 ва 25 июль кунлари миллий ҳамда олимпия терма жамоамиз ўртасида ўзаро иккита ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Аввалдан режалаштирилганидек, ўйинларнинг даст­лабкиси «Жар», иккинчиси «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтади.

"ИнтерФУТБОЛ" газетаси, 16 июлдаги пайшанба сони

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:58, 17.07.2015.
Ўқилди: 6982 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.