“Барселона” француз ярим ҳимоячиси Поль Погба трансфери борасида “Ювентус” билан келишувга эришди. Мазкур савдо каталон клубига 80 миллион еврога тушади. Қолаверса, хавбек янги мавсумни Туринда ўтказиши керак, деб хабар бермоқда eurosport.ru Bleacher Report нашрига таяниб.
Қайд этилишича, Погба борасида барча музокаралар футболчининг агенти Мино Райола билан эмас, балки “Ювентус” раҳбарияти билан ўтказилмоқда.
“Биз бир неча ой мобайнида “Барса” билан музокара олиб бордик. Бу ерда ҳаммаси очиқ ва шаффоф. Бу жуда тўғри йўл, айниқса, дунё футболида муҳим аҳамият касб этувчи икки жамоа ўртасида”, - деди туринликлар бош директори Жузеппе Маротта.
Аввалроқ “Барселона” президентлигига номзодини қўйган Жоан Лапорта сайловда ғалаба қозонса, Погбани сотиб олишга ваъда берганди. Сайловда ғолиб чиққан Бартомеу эса агар Погба Энрикега керак бўлса, уни Каталонияга олиб келишга ҳаракат қилишини таъкидлаганди.