Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа 3-0 Кальяри
30/04 00:00 Барселона 4-2 Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Яна эффектли харидлар хусусида

Баҳо:
+ | -

Футболдаги йирик трансферларни таваккалга қиёслаш ўринли. Харид омад келтирмаса, бош эгилганча қолади. Аммо сарфланган пуллар самара берса-чи? Айниқса, ўша ўйинчини кейинчалик 2-3 баробар қимматига пуллаш нақадар ёқимли. Демак, диққатингиз марказида йирик сумма эвазига харид қилиниб, кейинчалик жамоасига фойда келтирган футболчилар ўнлиги.

Алексис САНЧЕС

«Удинезе»ни сифатли футболчилар етиштирувчи инкубаторга қиёслаш мумкин. Италия жамоасининг селекция ишлари бўлимида Жанубий Америка ва Африкадан арзон, шу билан бирга, келажаги порлоқ футболчиларни топишда устаси фаранглар фаолият юритишади. Бир неча йилдан сўнг улар эвазига мўмай даромад топилади.

Чили термаси юлдузи бу фикрларнинг яққол далили. 2006 йили «Удинезе» Санчес учун «Кобреола» клубига 1,7 млн. фунт тўлади. Орадан 5 йил ўтиб, Алексис «Барселона» билан шарт­нома имзолаши натижасида Италия клуби ғазнасига 25 млн. фунт келиб тушди. Тафовут сезиларли.

 

Златан ИБРАГИМОВИЧ

Швециялик ҳужумчи йирик трансферларнинг мунтазам иштирокчиси саналмайди. Шунга қарамай, 2009 йили Златанни 20 млн. фунтга харид қилган «Интер» уни «Барселона»га 55 млн.га сотди. Қўшимчасига трансфер шартларида Самуэль Это`Онинг миланликлар сафига қўшилиши ҳам назарда тутилганди. Тўғри, Ибранинг Каталониядаги фаолияти турли сабабларга кўра омадли кечмади. Бироқ бу «Интер»нинг муаммолари доирасига кирмайди.

 

Раҳим СТЕРЛИНГ

Раҳимни «Ливерпуль» тарбияланувчиси деб билувчилар адашишади. Аслида мерсисайдликлар ёш иқтидор эгасини 2010 йили «Куинз Парк Рейнжерс»дан атиги 600 мингга сотиб олишганди.

Ўтган ҳафтада Стерлинг «Ливерпул»­ни тарк этди. Унинг учун «Манчестер Сити» 50 млн. фунт тўлади. Тўғри, мазкур сумманинг 20 фоизи «КПР»га тегишли. Шунга қарамай, 40 млн.ни йирик даромадлар қаторига киритиш мақсадга мувофиқ.

 

Эдинсон КАВАНИ

«Наполи»нинг Кавани учун «Палермо»га 17 млн. тўлашини Италия шароитидан келиб чиқиб, ортиқча сарф-харажатга йўйилганди. 2013 йил бу фаразлар нотўғри эканини исботлади. «ПСЖ» уругвайлик ҳужумчи учун 64 млн. евро сарфлаши натижасида 47 млн. ишлаган Аурелио Де Лаурентис вазиятдан «плюс» билан чиқди.

 

Зайниддин ЗИДАН

Жаҳон футболига йирик трансферлар бугун ё кеча кириб келмаган. Бундан 14 йил муқаддам «Реал» франциялик даҳонинг хариди учун 48 млн. фунт ажратди. Ваҳоланки, Зиданнинг собиқ клуби «Ювентус» 1996 йили футболчи учун «Бордо»га 2,5 млн. тўлаганди. Гап суперюлдузлар ҳақида кетаркан, мадридликлар пул тежаш ҳақида мутлақо ўйлашмайди.

 

КАКА

Сўнгги фикримизнинг яна бир исботи. 2009 йили «Реал» Кака учун 56 млн. фунт сарфлади. Бинобарин, «Милан» уни 6 йил аввал 8,5 млн.га харид қилганди. Фойда миқдори - 50 млн.га яқин. Афтидан, ушбу трансфер Сильвио Берлусконининг ҳаётидаги энг тўғри қарорлардан бири бўлгани шубҳасиз.

 

Луис СУАРЕС

Англия премьер-лигаси топ-клублари ўз юлдузларини арзон сотишга одатланишмаган. Айниқса, ўша футболчи яхшигина маблағ эвазига харид қилинган бўлса. «Ливерпуль» Суарес учун «Аякс»га 22 млн. фунт тўлаган. Луис «мерсисайдликлар»­нинг ишончини тўла оқлади. Натижада, «Барселона» унинг учун 75 млн.дан воз кечди. Мўмайгина даромад.

 

Хамес РОДРИГЕС

Қисқа муддат ичида икки клубга фойда келтирган футболчилардан бири. Дастлаб «Порту» колумбиялик ёрқин иқтидор эгаси учун аниқ нарх белгилади - 40 млн. фунт. Ваҳоланки, Хамес португалияликлар учун ўн баробар арзонга тушганди. «Монако» уни ҳеч иккиланмай шу суммага харид қилди.

Хуллас, 2014 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг «Реал» Родригес учун 63 млн. фунтдан воз кечди. Натижада, ушбу футболчининг трансферидан нафақат «Порту», балки «Монако» ҳам фойда билан чиқди.

 

Криштиану РОНАЛДУ

Англия - Испания йўналиши бўйлаб амалга оширилган яна бир трансфер. 12 млн. фунт эвазига «Манчестер Юнайтед»га ўтган Криштиану АПЛда нималарга қодирлигини намоён этди. Қўшимчасига манкунианликлар билан Чемпионлар Лигасида ҳам зафар қучди. 2009 йили эса соф виждон билан «Реал»га ўтди. Флорентино Перес раҳбарлигидаги клуб ушбу трансфер учун 80 млн. сарфлади.

 

Гарет БЭЙЛ

Фаолиятини «Қироллик клуби»да давом эттираётган яна бир ўйинчи. «Тоттенхэм» 2007 йили 18 ёшли уэльс­лик футболчи учун «Саутгемптон»га 10 млн. фунт тўлаганди. Афтидан, заковатли Даниэль Леви тўғри тахмин қилган. «Реал» 2013 йили «шпорлар» билан узоқ талашиб-тортишди. Натижада лондонликлар ўз етакчиларини 85 млн. фунтга баҳолашди. Бу ерда Левининг уддабуронлигини алоҳида таъкидлаш ўринли: Бэйлнинг «Реал»даги ўйинлари ҳаминқадар. Лекин пул тўлаб бўлинган-ку...

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:07, 31.07.2015.
Ўқилди: 6296 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.