Бугунги кунда Украинанинг «Рух» ҳаваскорлар футбол клубида тўп сураётган ҳамюртимиз Максим Шацких фаолиятидан мамнун. Чунки бир муддат «Говерла» шарафини ҳимоя қилиб, турли қийинчиликларга дуч келган ҳужумчининг ҳаётига ёруғ кунлар қайтмоқда.
Мураббийлик дипломи
- Максим, маълумки, сиз айни пайтда «Рух» ҳаваскорлар жамоасида тўп суришдан ташқари, мураббийлик бўйича ҳам таълим оляпсиз. Бу маълумот асослими?
- Ҳа, худди шундай. Чиндан ҳам Киевда мураббийлик билимларини ўзлаштиряпман.
- Илк таассуротлар қандай?
- Осон эмас экан. Эрталабдан кечгача партада ўтириш керак. Шунга қарамай, қийинчиликларни енгиб ўтишга интиляпман. Ахир халқда «Машқ қанча мушкул бўлса, жанг шунчалик осон кечади», деган гап бор.
- Ўқитувчиларингиз ким?
- Ҳар доим ҳар хил мутахассислар дарс беришяпти.
- Бу жараёнда ёнингизда таниш футболчилар ҳам бордир?
- Албатта. Улар кўпчиликни ташкил қилади: Рева, Срна, Шевчук, Калиниченко... Хуллас, гуруҳимиз каттагина.
- Демак, диплом келаси йили қўлга тегар эканда?
- Йўқ, шу йилнинг ўзида. Аниқроғи, октябрь ёки ноябрда сўнгги имтиҳонларни топширамиз ва «А» тоифадаги дипломга эга бўламиз. Шундан сўнг PROга ҳаракат қилсам бўлаверади. Ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас: PRO лицензияси учун ўқишни дарҳол бошласаммикан ёки озроқ ишлаб, тажриба оширганим маъқулми? Энг муҳими - бошланган иш тўхтаб қолмаса, бас.
«Рух» ва сирли Англия
- «Рух» таркибида кетма-кет ўйинлар ўтказиб, голлар уришга ҳам улгурдингиз. Афтидан, ҳаваскорлар турнирида тўп киритиш унчалик қийинчилик туғдирмаётгандек?
- Йўғ-е, сира бундай демаган бўлардим. Чунки ҳаваскорларда ҳам турли даражадаги жамоалар бор. Тўғриси, премьер-лигада ўйнаш мураккаброқ туюлсада, аслида ҳар жабҳада аниқлик мужассам - схемалар, тактикалар, стратегиялар... Бирор-бир рақибга қарши майдонга чиқиш олдидан унинг кучли-кучсиз томонлари ҳақида етарлича тасаввурга эга бўласиз. Ҳаваскорлар турнирида эса ҳаммаси бошқача. Яхши томони - натижалар кўпинча жамоавий бирдамликка боғлиқ бўлади. Бизда эса ана шундай яхши жамоа шаклланган. Булар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун биринчи лигада ўйнаб кўриш керак.
- «Рух» президенти Григорий Козловскийнинг қайси гаплари УПЛдан воз кечишингизга сабаб бўлди?
- Биласизми, «Рух»нинг биринчи даврадаги сўнгги ўйинини Козловский билан бирга томоша қилдим. Ўшанда иккимиз бафуржа гаплашиб олдик. Клубда футболчилар учун аъло шароит яратилган. Мендан талаб қилинадигани - фақат майдонга тушиб, маҳорат кўрсатиш. Ўшандаёқ севимли машғулотдан роҳат олиш даври келганини тушуниб етдим. Чунки бунгача «Говерла»да тушкунликлар гирдобида қолиб кетгандим.
- Эҳтимол, «Рух» таклифини қабул қилишда узоқ йиллик дўстингиз Александр Алиевнинг ҳам таъсири бўлгандир?
- Шубҳасиз. У билан гаплашиб, икир-чикирларгача сўраб, билиб олдим. Саша Винникида қишгача қолишини айтди. Шунингдек, иккимиз ҳам футбол билан хайрлашмоқчи эмасмиз. Ҳозирча келишувни қишгача мўлжаллаганмиз. Кейин нима бўлишини вақт кўрсатади
- Яқинда, «Англиядан тушган бир қатор таклифларни кўриб чиқяпмиз», дегандингиз...
- Бу борада керакли одамлар иш олиб боришмоқда. Ҳозирча ҳеч нарсани аниқ айтолмайман. У ёқларда футболга қараш бошқачароқ. Англияда ҳам, Осиёда ҳам шундай. Бу жойларда одамлар сенинг паспортингга қарашмайди. Улар учун қачон туғилганинг эмас, қандай футболчи эканлигинг муҳимроқ. Украинада эса аксинча ҳолат.
- Ҳеч бўлмаса, гап қайси мусобақа ҳақида кетаётганига ойдинлик киритинг: сизни премьер-лига жамоаси чорладими ёки чемпионшип?
- Айтяпман-ку: бу ҳақда масъуллар бош қотиришяпти. Бошқа ҳеч нарса дея олмайман. Вазиятга ойдинлик киритилса, бирор фикр билдиришим мумкин. Ҳозирда эса ушбу мавзуни кўтаришдан наф йўқ.
- Қачонлардир таниқли Бобби Робсон, сизни «Ньюкасл»да кўришни истаганди. Нега ўшанда Англияга кета қолмагансиз?
- Шунчаки, «Динамо» мени қўйиб юборишни истамаган. Лекин «Ньюкасл»дан расмий таклиф келгани рост. Бу ҳақда ўзимга ҳам айтишганди. Музокараларни эса клуб раҳбарлари олиб боришган. Афсуски, бундан бошқа бирор арзирли гап айта олмайман.
- Винникига оилангизни ҳам олиб келасизми?
- Рафиқам шу ерда. Зеро Винники Киевдан унчалик узоқ эмас. Аммо тез орада қизларимнинг ўқиши бошланади. Шундай экан келгуси ҳаётимиз қуйидагича кечса керак: ё мен уйга - Киевга бориб келаман ёхуд улар мени кўришга Винникига келишади. Иш кунларим тартиби якшанба-чоршанба-якшанба кўринишида бўлгани учун ортиқча қийналмасак керак, деб умид қиламан.
«Говерла»
- Юмшоқ қилиб айтганда, «Говерла»даги фаолиятингиз «ўхшамади». Сиз билан бирга Герасимюк ва Хоминни ҳам жамоадан ҳайдаб юборишди. Нега бундай бўлганини аниқладингизми?
- Клуб раҳбарлари билан учрашишга уриниб кўрдим. Вице-президент «Бу менга боғлиқ эмас», дейиш билан чекланди. Мураббийимиз эса вице-президентга учрашишим кераклигини айтди. Шу, холос. Аслида, ортиқча саволлардан тийилдим. Бу - уларнинг муаммоси. Ўзлари бош қотираверишсин. Ҳозир ҳамма ўзининг гапини маъқуллайверади. Лекин олий ҳакам - вақт бир кун келиб барча сирларни ошкор қилади.
- «Говерла»да сиз тўқнаш келган энг расво, ёввойи ҳолат...
- О, у ерда бундай ҳолатлар керагидан кўп учради. Ҳар бир ўйин атрофида турли гап-сўзлар, тахминлар, миш-мишлар. Кимларнингдир ўйин натижаси учун пул тиккани ҳақидаги гапларни ҳам эшитдик. Бир сўз билан айтганда, мен бундай ножўя ишларга аралашмасликка ҳаракат қилардим.
Ким нима билан шуғуллангани ҳақида ўйлаш - аҳмоқлик. Фақат бир нарсани биламан: мен майдонда бўлганимда ҳеч қандай тушунарсиз ўйинлар кузатилмаган. Чунки нимадир шубҳали туюлса, мен дарҳол кўраман, сезаман ва... У ёғи Яратганга аён. Мен ўйнамаган баҳсларда - бемалол, билганларини қилишсин. Аммо ортимдан бирор иш қилишларига йўл қўймайман. Футболни тушунадиганлар келишилган ўйинни дарҳол сезишади.
- «Говерла» сиздан қанча маош қарздор?
- Ҳозир август. Демак, 12-13 ойлик маошимни беришлари керак.
- Нима деб ўйлайсиз, улар сиз билан ҳисоб-китоб қилишармикан?
- Бўлмасам-чи?! Ахир буни шундай қолдиролмайман. Агар улар инсоф доирасидан чиқишса, бу иш билан шуғулланишга қодир идоралар бор... Тушунаман, ҳозир Украина чемпионатига ҳавас қилиб бўлмайди. Лекин, кўпчилик ишлаяпти, ўз бурчини бажаряпти. Бунинг нима фарқи бор - кимдир заводда, кимдир фабрикада, яна кимдир эса футбол майдонида меҳнат қиляпти. Меҳнатга эса албатта, ҳақ тўланиши шарт. Ахир барчанинг оиласи, фарзандлари, яқинлари бор. Уларни боқиш, тарбиялаш керак-ку! Аммо ҳозирги ҳолатда масъул ташкилотлар бу масалаларга етарлича эътибор қаратмаяпти.
лобановский -
футбол мияси
- Сиз - Украина чемпионатининг энг яхши тўпурарисиз. Айтинг-чи, бу борада Ребровни қувиб ўтиш мумкинлигини қачон тушунгансиз?
- Бу ҳақда умуман ўйламаганман! Унинг натижасини яхшилаш мумкинлиги ҳақида Ребровга етишимга бир-иккита гол қолганда гапира бошлашди. Лекин мен шундаям «ҳар бир ўйинда гол уришим шарт», деб ўзимни қийнамасдим. Боз устига, бу вақтга келиб мен ҳужумчидан кўра, ярим ҳимоячи вазифасини кўпроқ бажараётгандим. Вазиятларни бошқариш, шерикларимни кутилмаган тарзда тўп билан таъминлаш жуда ёқиб қолганди. Шунинг учун рекорд ўрнатишимга оз қолганида ҳамма қатори майдонга чиқиб, ўз вазифамни бажаравердим. Натижа эса ўзи келаверди.
- Ҳаммаси Москванинг «Спартак» клуби таклифини рад этиб, «Динамо» (Киев)га келганингиздан кейин бошланган эди. Айтинг-чи, қандай қилиб ўзбек йигитининг юрагида «Динамо»га муҳаббат уйғонган?
- Биласизми, «Динамо»ни майдон четидаги тўпларни олиб келиб юрган чоғларимдан яхши кўрардим. Ўша кезлари «Пахтакор» стадионига «Днепр», «Спартак», «Динамо», «Торпедо» каби жамоалар меҳмон бўлиб келишарди. Адашмасам, у вақтлари «Динамо»да Юран ва Саленко жуфтлигига тенг келадигани йўқ эди. «Днепр»да эса Антон Шох тўп сурарди. Айнан «Днепр» «Пахтакор»ни мағлуб эта олган (0:2), ўша ўйинда Шох «дубл»га эришганди. Киев «динамочилари»ни эса бизникилар худди шу ҳисобда енгишган. Лужний ўша пайтлари энди-энди танилаётганди. Ёдимда, йўлакдан «динамочилар» чиқиб келишар, биз эса худди стадионга футболчилар эмас, қандайдир «машина» чиқиб келаётгандек ҳайратдан қотиб турардик. Киевликларнинг ҳаммаси бақувват, гавдали, қайишқоқ йигитлар эди. Бунгача эса «Динамо»нинг ўйинларини телевизорда кўрардим. Ўшанда қалбимнинг ич-ичида бу клубга меҳр уйғонган.
- «Динамо»даги дебют голингиз ЧЛ саралаши доирасида «Жальгирис» дарвозасига урилганди. Қайси омиллар сабаб жамоага бунча тез мослашиб кетгансиз?
- Чунки «Динамо»да аъло даражадаги муҳит ҳукм сурган. Агар янги келганлар орасида «тасодифий» футболчи учраб қолса, у тез орада ўз-ўзидан четга чиқиб қоларди. Аммо мен бундай муаммога дуч келмаганман. Қолаверса, катталарни ҳурмат қиладиган оғир-босиқ йигитча эдим.
- Валерий Лобановскийни учта сўз билан таърифлаб берингчи...
- Ана холос, менга бу саволни илгари ҳам беришганди. Жуда қийин масала! Бу инсонга учта сўз билан таъриф бериб бўлмайди. Лобановский - юз йилда бир дунёга келадиган даҳо! У футболни бир неча йил олдиндан кўра оларди. Ҳалигача унинг услублари дунё футболида қўлланиб келинмоқда. Хуллас, Лобановский - футбол мияси эди.
Ватанга муҳаббат
- Ўзингизни қайси миллатга кўпроқ алоқадор деб ўйлайсиз: украин ёки ўзбек?
- Ватан танланмайди! Мен Ўзбекистонда туғилдим, болалигим, ёшлигим шу юртда ўтди. Бир сўз билан айтганда, инсон сифатида айнан Ўзбекистонда тарбияландим. Қолаверса, менинг футболдаги илк қадамларим ҳам серқуёш ўлкада қўйилди. Терма жамоамизга қўлимдан келганча ёрдам беришга интилдим. Афсуски, жаҳон чемпионатида иштирок этиш насиб қилмади. Менда ўзи иккита орзу бор эди - мундиалга бориш ва ЕЧЛда ғолиб чиқиш. Униси ҳам, буниси ҳам ушалмади. Ачинарли, лекин нима ҳам қилардим. Шунинг учун иккита ажойиб Ватаним бор, дея оламан. Фурсатдан фойдаланиб Ўзбекистондаги ватандошларимни Мустақилликнинг 24 йиллик тантанаси билан табриклайман!