Кириш Регистрация
25/06 00:00 Албания 0-1 Испания
25/06 00:00 Хорватия 1-1 Италия
25/06 03:00 Колумбия 2-1 Парагвай
25/06 06:00 Бразилия 0-0 Коста-Рика
25/06 20:00 Олимпик 2-0 Сурхон
25/06 21:00 Франция 1-1 Польша
25/06 21:00 Нидерландия 2-3 Австрия
26/06 00:00 Англия 0-0 Словения
26/06 00:00 Дания 0-0 Сербия
26/06 03:00 Перу 0-1 Канада
26/06 06:00 Чили 0-1 Аргентина
26/06 20:00 Андижон - Навбаҳор
26/06 20:00 Металлург - Насаф
26/06 21:00 Словакия 1-1 Руминия
26/06 21:00 Украина - Бельгия
27/06 00:00 Чехия - Туркия
27/06 00:00 Грузия - Португалия
27/06 03:00 Эквадор - Ямайка
27/06 06:00 Венесуэла - Мексика
27/06 20:00 Нефтчи - Локомотив
27/06 20:00 Пахтакор - Бунёдкор

Кимсиз ўзи, Риёд Маҳрез?

Баҳо:
+ | -

«Лестер Сити» ёхуд «тулкилар». Бу жамоа ўтган йили АПЛ сафига қўшилдию, тезда ўз ўрни - мақомини аниқлаб олди: кучлиларга яқин бақувватгина ўртамиёна. Қисқаси, мухлислар ўтган мавсумдаёқ «Лестер»нинг шижоатли ўйинларига кўникишди. Аммо янги, 2015-2016 йиллар мавсумини «тулкилар» шундай шиддат билан бошлашдики, бунга ҳали-ҳамон кўпчиликнинг ишонгиси келмаяпти. Ҳар қандай чемпионатнинг дастлабки 1-2 турида қандайдир «сенсация»ларнинг юзага келиши табиий ҳол. Аммо «Лестер» 4-турдан кейин ҳам кучли учликда бормоқда. Энг қизиғи, АПЛдаги шунча донгдор ҳужумчилар туриб, тўпурарлар рўйхатини «Лестер»нинг 8та голидан ярмига, яъни 4тасига муаллифлик қилган Риёд Маҳрез бошқармоқда. Шундай экан, 1991 йилнинг 21 февралида Франциянинг Сарсель (Валь-д-Уаз) шаҳарчасида дунёга келган иқтидорли қанот ярим ҳимоячиси ҳақида мақола тайёрламаслик айб саналса керак.

Маҳрезнинг устунликлари нимада?

Қисқа қилиб айтганда, Маҳрез уддабурон ва тезкор замонавий қанот ҳужумчисининг типик вакили бўлиб, жамоасининг чиройли, сифатли комбинацияларида энг муҳим ўринни эгаллайди. Қолаверса, у ҳаракатчанлиги, ғалабаларга ташналиги туфайли рақиб ҳимоячиларига тинимсиз равишда босим ўтказишга қодир. Риёд нафақат ўзи голлар уради, балки рақиб дарвозасини забт этиш учун қулай  вазиятлар яратишни ҳам ўрнига қўяди. Эътиборлиси, у бу ишни кўпинча қойилмақом тарзда уддалайди, уддаламоқда. Айтиш мумкинки, мазкур вазифани бажаришда Риёдга туғма иқтидори, дриблинг салоҳияти ва футбол учун жуда яхши ривожланган ақли ёрдам бермоқда. Маҳрез ҳар қандай рақибни таҳликага солувчи ўткир «пас»лар беришдан ташқари, жамоасининг ҳимоясига ҳам тез-тез ёрдамлашиб, дадиллик билан ўзини ҳужумчилар оёғи остига ташлайдиган фидокор футболчидир. 

Унинг АПЛнинг ўтган мавсумида (2014|2015 йиллар мавсуми) хавфли вазиятлар яратиш бўйича қайд этган натижалари кишини ҳайратга солади. Қуйида илова қилинган жадвалга диққат билан қараб, ўзингиз мушоҳада қилинг.

АПЛ футболчиларининг кўрсаткичларини мунтазам равишда таҳлил қилиб борувчи WhoScored.com порталининг Маҳрезга барча йўналишлар бўйича деярли энг юқори баҳони берганини ҳам таъкидлаш ўринли. Албатта, бу ерда гап янги мавсум ва унинг дастлабки турлари ҳақида кетаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Аниқроқ айтсак, Риёд дастлабки 2та турда 9,38 баллга лойиқ ҳаракат қилди. Баҳолаш тизими 10 баллик тизимда олиб борилганини эътиборга олсак,  ҳавас уйғотадиган кўрсаткич. Шуниси диққатга сазоворки, Риёднинг баҳоси кимсан Давид Сильва («Манчестер Сити»)никидан 0,8 балл, ўтган йили кашфиётга айланган Эден Азар («Челси»)никидан 2,49 баллга юқори. Тўғри, дастлабки турлардан кейин ҳисобланган бу натижаларга ҳаддан ортиқ эътибор қаратиш ярамайди. Лекин шу манзаранинг ўзиёқ АПЛда янги юлдуз етишиб чиқаётганини айтиш учун етарли эмасми?

Диққатга савозор яна бир жиҳат шуки, Риёд ҳозирча АПЛнинг кетма-кет 2та ўйинида энг яхши футболчи сифатида эътироф этилган ягона иштирокчи бўлиб турибди. Агар воқеалар ривожи шундай давом этса, Маҳрез ҳам бора-бора урилган голлари сони ва «Олтин тўп»лар жамғармаси бўйича Мессига етиб олса, ажабмас. Аммо бу жуда-жуда қийин масала...

 

Клубдаги фаолият

Маҳрез энг қуйи лигалардан юқорига кўтарилган камсонли футболчилар тоифасига мансуб. У миллионлар ўйини бўйича илк сабоқларни AAS Sarcelles мактабида олди. 2009 йили «Кимпер» номли ҳаваскорлар клуби сафига қўшилди. Кейинги мавсум эса Францияда нисбатан машҳурроқ саналмиш «Гавр» клуби аъзосига айланиб, жамоанинг ўринбосарлар таркибида ҳаракатлана бошлади. Эътиборга арзийдиган жиҳати шуки, у ўринбосарлар сафидаги 2та мавсумда 24та гол уриб, секин-аста асосий таркибда кўриниш беришга одатланди. Аммо шу ўринда тан олиш лозим, Маҳрез 2014 йилни тўлиғича «Гавр»да ўтказдию, атиги 6та гол билан чекланди.

Риёднинг бахтига, Англиянинг «Лестер» клуби худди шу вақт чемпионшипда совринли ўринлар учун курашаётган ва ҳамёнбоп нархдаги истеъдодли, тезкор вингерга катта эҳтиёж сезаётганди. Хуллас, «Лестер» скаутлари кучли бешлик чемпионатларининг қуйи дивизионларида изғий-изғий, ахири Маҳрезни топишди. Асли жазоирлик йигитча скаутларга шунчалик манзур келдики, улар клуб масъуллари билан алоқага чиқиб, Риёд учун белгиланган 350 минг евролик товон пулини дарҳол «Гавр» ҳисобига ўтказиб беришни талаб қилишди. Ваҳоланки, Маҳрез яна ярим йилдан сўнг эркин агентга айланарди. Буни кутиш эса шундай футболчини «ким ошди» савдосига ташлаб қўйиш билан баробар эди. Хуллас, Маҳрез бахтли тасодиф туфайли футбол ватани бўлмиш Англияга йўл олди. Клуб мураббийлари эса унинг муҳитга мослашишини ҳам кутмай, дарҳол «жанг»га ташлашди. «Жанг» натижаси ҳайратланарли: «тулкилар» чемпионшипдан дадиллик билан АПЛга қўшилишди. Қаҳрамонимиз эса ўзининг 4та голи ва 3та самарали узатмаси билан жамоага ёрдам берибгина қолмай, маҳаллий футбол жамоатчилигининг ёқимтойига айланди.

Дарвоқе, шу ўринда қизиқарли яна бир фактни кўрсатиб ўтиш зарар қилмайди: Сарселда туғилиб-ўсган Риёд Маҳрез 3та мамлакат - Жазоир, Франция ва Марокаш фуқаролигига эга. Лекин у танлов вақти фақат Жазоир термаси сафида ўйнаши мумкинлигини айтган.

«Лестер» устози Клаудио Раньери жазоирлик футболчининг ўйинларидан шу қадар ҳайратдаки, гарчи футболчи клуб билан 2017 йилгача давом этадиган ишончли шарт­номага эга бўлса ҳамки, келишувни 2019 йилгача узайтиришни талаб қилмоқда. Зеро, Маҳрезга ҳозирнинг ўзида кўплаб гранд жамоа­лар кўз тикиб туришгани очиқ-ойдин фактга айланди. Лекин Раньерининг фикрига футболчи қандай қарайди - бу ҳозирча маълум эмас. Чунончи, ўрни келганда таъкидлаш лозим, Раньери бош­қарган деярли барча жамоалар мавсумни ўта жадаллик билан бошлашгану, аммо жўшқинлик финиш маррасигача бир хил давом этавермаган. Бу статистикага туғма ақл ва иқтидор эгаси бўлмиш Маҳрезнинг эътибор қаратмаганидан қаратгани аниқроқ...

Биз Маҳрезнинг футболдаги фаолиятини ўрганаётган бир вақтда «Лестер» АПЛнинг 3-тури доирасида «Тоттенхэм» билан куч синашди. Албатта, «шпорлар»нинг чап қанот ҳимоячиси  Бен Дэйвис ўйинга кучли тайёргарлик кўрди ва Риёдни тўхтатиб қолиш учун қўлидан келган барча ишни амалга оширди. Аммо Маҳрез шунча тайёргарликни бир пул қилиб, барибир, бир марта унинг таъқибидан қочиб кетди ва ҳисобни тенглаштиди - 1:1. Тўғри, янги юлдузча кейинги, «Борнмут»га қарши ўйинни маълум сабабларга кўра, голсиз якунлади. Умуман, у бу баҳсда жамоаси шарафини бир бўлим ҳимоя қилди, холос. Шуниси аниқки, жамоатчилик энди бу йигитни кузатишдан тўхтамайди. Ажабмаски, у тез орада янада сермаҳсул ва фойдали ҳаракатлари билан АПЛ­нинг ёрқин ўйинларига қўшимча жило олиб кирса...

 

МАҚТОВ

- Маҳрез шундай футболчилар сирасига кирадики, бундай ўйинчилар ўз хатти-ҳаракатлари чиройли чиқаётганини кўриб, ўзгача роҳат оладилар. Риёд - йўқ жойлардан ҳам хавфли вазият яратадиган ажойиб иқтидор соҳиби. Жамоамиздаги барча-барча футболчилар у каби ҳаракатланишни орзу қилишади. («Лестер» дарвозабони Каспер Шмейхелнинг Sky Sportsга берган интервьюсидан парча).

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 00:05, 11.09.2015.
Ўқилди: 3744 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.