Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Филиппиндаги ғалаба хулоса чиқаришга етарлими?

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоа­си ЖЧ-2018 саралашидаги навбатдаги учрашувини Манилада ўтказиб, Филиппинни йирик (5:1) ҳисобда мағлуб этди. Мазкур баҳс олдидан турлича фикрлар янгради. Кимларнингдир кўнглига хавотир оралаган бўлса, айримлар термамиз устози Самвел Бабаяннинг муваффақият қозонишига ишонишмади. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор: Филиппин дастлабки икки ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди, таркибини «ёлланган» футболчилар эвазига кучайтирди. Қолаверса, Яманга қарши ўйинда ҳамюртларимиз кичик ҳисобдаги ғалаба билан кифояландилар. Лекин ёмғирли оқшомда ўтган баҳс­дан сўнг бу фикрлар асоссиз эканлиги ойдинлашди. Одил Аҳмедов урган тезкор гол рақиб режаларини бузган бўлса, Сардор Рашидов ва Игор Сергеевнинг «дубл»и йирик ҳисобдаги ғалабамизга замин яратди. Шунга қарамай, хулоса чиқаришга шошилмаслик керак.

Ташкил топганидан бери ҳали мақташга арзигулик муваффақиятларга эришмаган Филиппин термаси бош жамоамизнинг бугунги кучи, мураббийлар штабининг эса салоҳиятини белгилаб бермайди. Бу босқичдан муваффақиятли ўтиб олсак, олдинда бизга қитъанинг кучли ўнталигидан жой олган жамоалар пешвоз чиқишади. Албатта, бундан аввал КХДР ва Баҳрайн билан ҳисоб-китобимиз бор. Айнан шу икки терма жамоанинг келгусида бизга асосий рақибга айланиши маълум бўлиб қолди. Хуллас, термамизни бир-биридан масъулиятли ўйинлар кутиб турибди. Ҳақиқий синовлар олдинда. Муҳими, футболчиларимиз ғалабадан руҳланишсину асло хотиржамликка берилишмасин.

Миллий термамизнинг Яман ва Филиппинга қарши ўтказган учрашувларини бутун ўзбек жамоатчилиги кузатганини эътиборга олиб, футболчи ва мутахассисларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.

Азамат Абдураимов (мураббий):

- Терма жамоамизнинг кетма-кет икки ўйинда қимматли 6 очкони қўлга киритганидан хурсандман. Бу ғалабалар эвазига жамоамиз гуруҳда 2-ўринга кўтарилиб олди. Ушбу муваффақият билан футболчилар, Самвел Бабаян бошчилигидаги мураббийлар штаби ва албатта, миллионлаб футбол ишқибозларини табриклайман. Пхеньяндаги мағлубият мухлислар кўнлига ғулғула солгани бор гап. Очиғи, Тошкентда ўтказилган Яманга қарши баҳсда натижа муҳимлик касб этди. Якунда термамиз рақибни кичик ҳисобда мағлубиятга учратди. Бу ғалаба биринчи галда мураббийлар штабига жуда муҳим эди. Дебютда уч очко сув ва ҳаводек зарур. Мазкур натижа жамоа­мизнинг ке­йинги муваффақиятларига замин яратади. Ўйин мухлислар кутганидек шиддатли кечмади. Бундай ўйин­лардан кейин одатда шундай фикр билдирилади: «Ўйин унутилади, натижа сақланиб қолади...»

Ҳозирда терма жамоамиз ўз ўйинини топишга интиляпти. Мураббийлар фалсафа ва қарашларини футболчиларга сингдиришга ҳаракат қилишяпти. Бунинг учун вақт керак. Терма жамоа янги мураббий бошчилигида эндигина битта ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Бошқа томондан, бундан аввалги жаҳон чемпионати саралаш босқичида ўйнаган футболчиларимизнинг аксарияти ҳозир ҳам сафда. Улар профессионал ўйинчилар. Яман сингари аутсайдер жамоаларга қарши баҳсларда тажовузкор футбол кўрсатишни ўргатиш шарт эмас. Улар ўйинга руҳий жиҳатдан мустақил тайёрланишлари керак. Ўша учрашувда ҳам ҳужумда, ҳам рақибдан тўпни олиб қў-йишда шиддатни ошириш лозим эди. Кўпчилик футболчилардан айнан шуни кутганди. Кейин ўйинни камида икки нафар ҳужумчи билан бошлашимиз керак эди. Шу тариқа рақиб жарима майдончасида босимни кучайтиришга имкон туғиларди. Бошланган комбинацияни гол билан якунлаш учун бир ҳужумчи камлик қилади. Учрашувни тўрт ҳимоячи билан бошладик. Таянч ярим ҳимоясида Жавоҳир Соҳибов ўйнади. Ямандек жамоаларга қарши ҳимоявий тактикани танлаш тўғримикан? Ўз майдонимизда аутсайдерга қарши 20 мингга яқин мухлислар олқиши остида ўйнадик. Майдонда деярли беш ҳимоячининг ҳаракат қилиши шахсан менга ҳаддан зиёд эҳтиёткорлик сифатида кўринди.

Энди иккинчи ўйин ҳақида фикр билдирсам, бу учрашув кўплаб саволларни кун тартибидан олиб ташлади. Тўғри, Филиппин гуруҳнинг дастлабки икки ўйи­нида ғалаба қозонди. Жамоа таркиби хориждан ташриф буюриб, Филиппин фуқаролигини қабул қилган футболчилар эвазига тузилган. Уларнинг аксарияти Европада тўп суриши ҳам бор гап. Манилада ўтган баҳс рақиб биз ўйлаганчалик кучли эмаслигини кўрсатди. Тўғри, жамоа ўйинида мураббийнинг иши кўринди. Лекин яна қайтараман, биз бежиз хавотирга берилган эканмиз. Эътиборли яна бир жиҳат, мураббийларимиз Яманга қарши ўйиндаги услубдан бу учрашувда ҳам деярли воз кечишмади. Ушбу тактика энди ўзини оқлагандек. Чунки биз меҳмонда, боз устига, гуруҳ пешқадамларидан бирига қарши майдонга чиқдик. Мураббийлар штаби асосан иккита ўзгаришни амалга оширди. Ўтган ўйин-да ҳаракат қилган Жавоҳир Соҳибовнинг ўрнини Азиз Ҳайдаров эгаллади. «Ал-Шабаб» ярим ҳимоячиси дисквалификация сабаб Тошкентдаги учрашувда терма жамоамизга ёрдам беролмаганди. Кутилган ўзгаришлардан яна бири - Станислав Андреевнинг майдонга туширилиши. Шунингдек, Яманга қарши баҳс қаҳрамони Александр Гейнрих ҳам жароҳат туфайли Маниладаги учрашувни ўтказиб юборди. Асосийси, Филиппинга қарши ўйин кўпчилик қатори менга ҳам жуда ёқди. Ҳам таблодаги якуний ҳисоб, ҳам ўйиннинг боришидан роҳатландим. Айниқса, муваффақиятли старт олинди: Одил Аҳмедов ўз услубида чиройли гол муаллифига айланди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, иккинчи тўп ҳам киритилди. Танаффусга қадар ҳисоб йирик кўриниш олди.

Таъкидлаш жоиз, Филиппинга қарши баҳсда ҳужум чизиғи вакиллари катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Муҳими, уларнинг ўйини қовушди. Хавфли ҳужумлар ташкил этиш, дарвозага зарбалар йўллаш бўйича ҳам устунликка эришдик. Натижа ҳам шунга монанд бўлди. Рақибларнинг ҳам охиригача курашишганини ёддан чиқармаслик керак. Бу эса футболчиларимизни хотиржамликка берилмасликка ундади. Яман билан ўйиндан фарқли равишда рақиб тинмай таъқиб этилди, ҳужумлар хилма-хил кўриниш олди. Ҳимоячиларимиз ҳам ажойиб ўйнашди. Ўтказиб юборилган голга тўхталсам, бу каби ҳолат буюк дарвозабонлар фаолиятида ҳам учраб туради. Шунчаки Лобанов тўпнинг бундай йўналиш олишини кутмаганди.

Умуман, муҳим ғалабалардан сўнг футболчиларда ўзига бўлган ишонч янада ортди. Мураббийлар штаби бошлаган ислоҳотлар ўз мевасини бера бошлади. Асосийси, ишлашдан тўхтамаслик керак. Олдинда терма жамоамизни бунданда мураккаб ўйинлар кутмоқда. Биз кейинги босқичга гуруҳ ғолиби сифатида йўл олишимиз шарт. Биринчи турдаги мағлубият учун ҳали реванш оламиз. Кейинги босқичдаги жамоаларнинг савияси икки ҳисса кучли бўлади. Бу исбот талаб қилмас ҳақиқат. ЖЧ-2018 йўлланмаси Осиёнинг кучли 10та терма жамоаси ўртасида ҳал этилади. Фурсатдан фойдаланиб, терма жамоамизга кейинги ўйин­ларда омад ёр бўлишини тилайман.

 

Эркин Бойдуллаев («Насаф» клуби ярим ҳимоячиси):

- Миллий термамизнинг сўнгги икки ўйинни ўз фойдасига ҳал этгани қувонарли, албатта. Менга кўпроқ иккинчи учрашув ёқди. Бош жамоада ўйиндан-ўйинга ўсиш кузатилмоқда. Шу зайл давом этилса, ниҳоят футбол ишқибозларининг кўп йиллик орзуси рўёбга чиқади. Ўша оқшом Манилада ёққан ёмғир терма жамоамизга ёрдам берди, дейиш фикридан йироқман. Аксинча, бундай об-ҳаво шароитида ўйнаш техник салоҳияти юқори бўлган футболчиларимизга халал бериши аниқ. Бошқа томондан, Филиппин терма жамоаси Ўзбекистон учун кучсиз рақиб. Жамоамиз 2011-2012 йилдаги ҳолатига қайтса, бемалол ЖЧ-2018га чиқади. Ҳақиқатан ҳам, ўша йиллари термамиз жуда кучли ўйин намойиш этганди. Балки бунга қўшилмайдиганлар ҳам топилар. Мен шунчаки шахсий фикримни билдирдим, холос. 

 

Алишер Шоғуломов («Олмалиқ« ҳужумчиси):

- Терма жамоамиз иштирокидаги ўйинлардан Маниладагиси менга кўпроқ маъқул келди. Яман билан ўйинда эса Александр Гейнрих учун хурсанд бўлгандим. Унинг маълум муддатли танаффусдан сўнг яна бош жамоага қайтгани ажойиб ҳодиса. Саша ўз қайтишини чиройли, шу билан бирга, жамоамизга муҳим уч очко тақдим этган гол билан нишонлади. Ушбу форвард улкан тажрибага эга. Яман каби жамоаларга қарши ўйинларда тажриба шижоатдан устун келади. Гейнрих буни амалда исботлади. Мураббийлар ишончини оқлаш баробарида, ўз шаънига ёғдирилган баъзи гап-сўзларга ҳам чек қўйди. Тўғри, таблодаги якуний ҳисоб мухлислар кутганидек йирик кўриниш олмади. Стадионга ташриф буюрган, телевизор қаршисида ўйинни томоша қилган футбол ишқибозлари кўпроқ гол кутишганди. Мухлислар ҳам тушунишлари керак. Режалар ҳамиша ҳам амалга ошавермайди. Осиё жамоа­лари аста-секин футбол ўйнашни ўрганишмоқда. Кучлиларга қарши ўйинда ҳимоявий тактика эвазига керакли натижани қайд этаётган ўртамиёна жамоалар бисёр. Бундай ўйинларда ҳужум уюштираётганларга қийин. 1:0 ҳам, 5:0 ҳам жамоага 3 очкони тақдим этади. Футболчилар ўша куни урилмаган голларни Манилада ишга солдилар. Фурсатдан фойдаланиб, Яман билан ўйинда терма жамоадаги дебют учрашувини ўтказган барча футболчилар, бош мураббий ва унинг ёрдамчиларини муваффақият билан табриклайман. Иккинчи учрашувда жамоамиз ўз ўйинини топиб олди. Термамиз яна аввалги ёрқин ўйинни кўрсатишни бошлади. Ҳужумлар ҳам хилма-хиллик касб этяпти. Қанот футболчиларимиз жуда ҳам фаол ҳаракат қилишди. Сардор Рашидов бежизга легионер мақомини олмаганлигини исботлади. Одил Аҳмедов сардорларга хос тарзда ўйнади. Шу куни тезкор гол ғалаба қозонишимизни таъминладими? Йўқ, шахсан мен бундай фикр билдиришдан йироқман. Шунчаки якунда ғалаба биз томонда бўлиши аниқ эди. Балки йирик ҳисоб қайд этилмаслиги мумкиндир, лекин аниқ айта оламан, терма жамоамиз Тошкент­га 3 очко билан қайтарди. Асосийси, ҳозир терма жамоада ўйнашга лойиқ футболчилар жамланган.   

 

Ҳусниддин Ғофуров («Явор» (Сербия) ярим ҳимоячиси):

- Очиғини айтсам, иккинчи ўйинни кўра олмадим. Вақтдаги тафовут халақит берди. Лекин ҳисобнинг йириклиги терма жамоамизнинг 8 сентябрь оқшомида қандай ўйин намойиш этганидан далолат бериб турибди. Муҳими, мазкур ғалаба футболчиларимизнинг руҳиятини янада кўтаради. Олдинда Баҳрайнга қарши сафар ўйини кутмоқда. Ушбу баҳс­да ҳам 3 очкони қўлга киритишимиз шарт. Менимча, терма жамоамиз шу йўсинда давом этса, кейинги босқичга гуруҳ ғолиби сифатида йўл олади.  

 

Азиз Ибрагимов («Бухоро» ярим ҳимоячиси):

- Яманга қарши ўйин фақат бир дарвоза олдида бўлиб ўтгани билан ёдда қолди. Лекин дарвозага бор-йўғи битта гол урилди. Бундай ҳолатлар сўнгги пайт­ларда замонавий футболда тез-тез учраб турибди. Аммо муҳими бу эмас, асосийси, жуда ҳам зарур бўлган 3 очко қўлга киритилди. Иккинчи учрашувда ҳам яққол устунлик терма жамоамиз томонида бўлди. Тезкор гол футболчиларимиз руҳиятини кўтариб, иштаҳасини очди. Одилнинг голи йирик ҳисобдаги ғалабамизга замин яратди, десам тўғрироқ бўлар. Одатда саралашнинг бу бос­қичидан ҳамиша муаммосиз ўтганмиз. Ўйлашимча, бу гал ҳам анъана давом этади. КХДР билан ўйиндаги мағлубиятни эса эсдан чиқариш керак. Насиб қилса, улардан Тошкентдаги учрашувда реванш оламиз.

 

Камолиддин Мурзоев («Динамо» ҳужумчиси):

- Авваламбор, икки ўйиндаги ғалаба билан футболчилар, мураббийлар штаби ва мухлисларни табриклайман. Пхень­яндаги мағлубият тасодиф эканлиги ойдинлашди. Шахсий фикрим, миллий терма жамоамиз гуруҳдаги рақиблардан бир бош устун. Буни Маниладаги ўйин ҳам кўрсатди. Энг муҳими, ана шу шиддатли баҳс ва юқори темпни сақлаб қолиш керак. Шунда гуруҳ ғолиби сифатида асосий саралаш босқичига йўлланма қўлга киритилади.  

 

Шуҳрат Тожибоев («Гансу» (Хитой) футзал клуби аъзоси):

- Биринчи ўйин жамоамиз учун нисбатан қийинроқ кечди. Биринчидан, КХДРдан қабул қилиб олинган мағлубиятнинг тасодифий эканлигини исботлаш талаб этиларди. Иккинчидан, бош мураббий ва айрим футболчилар учун бу дебют ўйини эди. Яхшиямки, Александр Гейнрихнинг стандарт вазиятдан киритган тўпи жамоамизга ғалаба келтирди. Акс ҳолда, жуда оғир вазиятга тушиб қолардик. Асосийси, кетма-кет икки ўйинда 6 очко қўлга киритилди. Футболчилар ўз ўйинларини топиб олишди. Тактикада, ўйин услубида ўзгаришлар кўзга ташланяпти. Ўйлайманки, бу сафарги мундиал саралашидан муваффақиятли ўтиб, Россияда ўтказиладиган ЖЧ-2018да терма жамоамиз ўйинларидан баҳра оламиз.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:37, 15.09.2015.
Ўқилди: 4303 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.