Аслида ўзгалар даромадини ҳисоблаш унчалик маъқул эмас. Аммо бу нарса кўпчиликни қизиқтириши та-йин. Қисқаси, қуйида Sports.ru сайтининг маълумотлари асосида «А» сериясидаги бир қатор ажабланарли маош тўловини кўриб чиқамиз - албатта, беғараз ниятда.
Даниэле Де Росси («Рома») - 6,5 млн. евро. Ҳа, Италия терма жамоаси ҳужумчиси бир неча йилдан буён «А» сериясида энг кўп маош олувчи футболчи бўлиб турибди. Лекин у ноодатий рўйхатга бирор марта тушган эмасди. Чунки бошқа номзодлар етарли эди. Энди эса унинг учун белгиланган 6,5 млн. евро ҳаддан зиёд кўпдек кўринмоқда. Де Росси, маош бобидаги иштаҳангни сал пасайтирадиган вақт келмадимикан...?
Хуан Суньига («Наполи») - 3,2 млн. евро. Қизиқ, жуда қизиқ. 2 йилча олдин ҳамма Суньиганинг маоши ўта камлигидан ҳайрон қолганди. У қандайдир «арзимас» 800 минг евро оларди ва ҳаттоки, «Наполи»дан кетишга тайёр турганди. Бироқ клуб соҳиби Аурелио Лаурентис колумбиялик йигитга белгиланган маош миқдорини кескин оширди ва у Неаполда қолди. Кейин эса барчаси чаппасига кетди - кутилмаганда қимматлашган Суньига доимий тарзда жароҳатга йўлиқиб, жамоа учун деярли ўйнагани йўқ. Хуллас, энди унинг маоши яна муҳокамаларга сабаб бўляпти. Ахир майдонда бирор нарсани қойил қилмаётган футболчи йилига нақ 3,2 «лимон»ни санаб оляпти-да.
Марио Балотелли («Милан») - 2,25 млн. евро. Марио «Ливерпул»га ўтгунига қадар «Милан» унга бир йиллик кароматлари учун 4 млн. евро берарди ва бу ғирт аҳмоқлик эди. Мана, охирги вақтларда ишончни йўқотган ҳужумчи яна Миланга қайтди. Унга сўнгги (энг-энг сўнггиси!) имкониятни тақдим этган Адриано Галлиани мерсисайдликлар билан музокаралар чоғи ақллилик қилиб, «қизиллар»ни Марионинг бир қисм маошини тўлашга кўндирди. Бироқ «россонерлар» ўз зиммаларига олишган 2,25 миллион евро ҳам анча кўпдек кўринмоқда. Ҳарқалай, Марионинг шунча сармояга мос ўйнаши гумон.
Эшли Коул («Рома») - 2,3 млн. евро. Рим клуби Эшлини янги мавсум учун топширилган «заявка»га киритгани йўқ ва унга дўстона хайрлашишни таклиф этди. Аммо инглиз футболчиси тайёр 2,3 миллион евродан воз кечолмади, чоғи, шартномани бекор қилишни истамади. Расмий баёнотга кўра, Эшли нисбатан паст савияли жамоага ўтишни хоҳламаган, кучли клублардан эса таклиф тушмаган. Хуллас, «қариган» ва аллақачон ўйин сифатини анча пасайтирганча чуқур захирадан жой олган қанот ҳимоячиси айни пайт дейлик, бетакрор Франческо Тоттидан салгина камроқ пул топяпти...
Антонио НОчерино («Милан») - 1,9 млн. евро. Атиги бир мавсум фаол ўйна ва ўзингга ғам-ташвишсиз ҳаётни таъминла. Бу гап айнан Антонио Ночеринога тегишлидек. У бир гал ўзини кўрсатди ва миланликларни буткул «эритди». Энди футболчида ҳаммаси яхши, фақат майдондаги ишлари чатоқ. Оддий айтганда, Ночерино ҳеч қачон топ-даражада ўйнамади ва ўйнамаса ҳам керак. Аммо «А» серияси ўлчовлари бўйича олганда, яхшигина маошга эга. Дейлик, «Лацио»даги Кандрева ҳам ундан 100 минг кам ҳақ оляпти.
Стефан Де ВРЕЙ («Лацио») - 900 минг евро. Голландиялик йигит арзимас «чақа» учун майса «чайнаяпти». Қаранг ҳаттоки, камтарин «Сассуола» сардори Паоло Канаварога ҳам Де Врейникидан кўпроқ маош белгиланган. «Лацио» ва унинг хўжайини Клаудио Лотито бахтига, Де Врей зиқна ёки жанжалкаш йигитга ўхшамаяпти. Унинг яқин орада маошини оширишларини талаб этиши ҳам даргумон, гарчи бунга тўла ҳақли бўлсада.
Антонио Ди Натале («Удинезе») - 800 минг евро. Фахрий голеадорнинг маошини йил ўтгани сайин «қирқишмоқда». Лекин Поццо оиласи томонидан шундай қилинаётгани мантиққа мос. Инсоф юзасидан айтсак, 800 минг евро - бу фаолияти уфққа яқинлашиб қолган 37 ёшли Тото учун чакки маблағ эмас. Масаланинг бошқа томони кишини ҳайратлантиради - Антонио шу вақтга қадар MLS ёки Қатарга минг марта бориши ва у ерда хотиржам ҳолда тўп суриб, 3-4 миллион олиши мумкин эди, аммо... Ҳа, ҳаётда пулдан муҳим нарсалар ҳам бор, албатта.
Эмиль ХалЛЬфредССОн («Верона») - 600 минг евро. Исландиялик «ёпишқоқ» ва бақувват йигит мисол учун, Симоне Падоиндан ҳам кам ҳақ оляпти - бу қандайдир даҳшат. Ахир гап «А» сериясидаги энг ақлли, кучли ва тартибли ярим ҳимоячилардан бири ҳақида кетяпти. Қисқаси, Эмиль анча баланд гонорарга ҳақли, аммо... Тўғри, унинг вақти бироз ўтди. Ҳарқалай, ўртамиёна клубда ўйнаётган 31 ёшли фахрийга кимдир манфаатлироқ шартнома таклиф этишга жазм қилолмаса керак.
Марко Боррьелло («Карпи») - 550 минг евро. Нима? У ҳали ҳам ўйнаяптими? Марко Боррьелло - ҳар йили шу каби рейтингга тушувчи «масхарабоз-ҳужумчи». Тўғри, у худди аввалги мавсумлардаги каби ақл бовар қилмас даражада катта маош олаётгани йўқ. Бироқ камтарин «Карпи»нинг унга клуб бўйича энг кўп ҳақ белгилагани барибир, ғалати.
Фелипе («Удинезе») - 150 минг евро. Эҳтимолки, рейтингнинг энг «қаймоқ» жойига келдик. Бразилиялик ҳимоячи Фелипе - «Удинезе» тарбияланувчиси. У Италиянинг турли клубларида ўйнаган. Дейлик, охирги бир неча мавсум давомида «Парма» шарафини ҳимоя қилиб, йилига 500 минг евродан олди. «Парма» «парчалангач» эса, Филипе «Интер»ни танлади, бироқ унинг таркибида 3 марта майдонга тушган бўлсада, тўлақонли шартнома тузгани йўқ. Ёзда «вайрона арава» билан ишсиз қолган бразилияликни «ҳимматли» «Удинезе» ўз бағрига чорлади. Шундай қилиб, Фелипе фаолиятига ўзининг илк клубида хотима ясайдиган бўлди. Фақат шуниси борки, у футбол билан «А» сериясида хизмати энг арзон ўйинчилардан бири сифатида хайрлашади, чоғи...













