Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Кахи Махарадзе:«Қолган ўйинларимиз финал мақомидек»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон чемпионати олий лигасининг 21-турида «Локомотив»ни мағлуб (2:1) этган  «Пахтакор» чемпионлик сари дадил қадам ташлади. Гарчи «пойтахт дерби»сида Вадим Абрамов жамоаси ташаббусга эга бўлсада, якунда юзага келтирилган вазиятлардан унумли фойдаланган «шерлар» муҳим ғалабани қўлга киритишди. Тўғри, ҳали олдинда чемпионатнинг 9та учрашуви бор. Ҳар икки жамоа ҳам очко йўқотиши мумкин. Лекин «Пахтакор» чемпионлик учун бундай қулай имкониятни қўлдан чиқармаса керак. Буни ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида темирйўлчилар устози ҳам таъкидлади. Вадим Карленович ҳатто «Пахтакор»ни чемпионлик билан табриклади. Ёдингизда бўлса, ўтган йили ҳам Самвел Бабаян жамоаси айнан «Локомотив» клубини мағлубиятга учратиб, чемпионлик масаласини узил-кесил ҳал қилганди. Ўшанда «темирйўлчилар» оғзиларидаги ошни олдириб қўйишганди. Бу йил ҳам шунга ўхшаш манзара такрорланадиган кўринади. Ҳар ҳолда беш очколик фарқни йўққа чиқариш осон эмас. Биз дербидан кейин ғолиб жамоа сардори Кахи Махарадзедан интервью олдик.

- Ўйиннинг кучли босим остида ўтиши олдиндан маълум эди, - дея сўз бошлади грузиялик легионер. - Амалда ҳам шундай бўлди. Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун ҳаракат қилди. Кейин бу ўйин чемпионлик тақдирини ҳал қилишини ҳамма тушуниб турганди. Бундай масъулиятли ўйинда ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб, шу куни бизни стадионда қўллаб-қувватлаб турган барча мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Ғалабамизда уларнинг хиссалари бўлди.

- Меҳмонлар худди ўз майдонларида ҳаракат қилгандек ўйнашди. Айниқса бу иккинчи бўлимда яққол кўзга ташланди. «Локомотив»дан шундай ўйин кутганмидингиз?

- Албатта, чунки, «Локомотив»нинг ҳужум қилишдан ўзга чораси йўқ эди. Уларни фақат ғалаба қониқтирарди. Шу сабабли имкон қадар биринчи бўлиб ҳисобни очишга ҳаракат қилишди. Ҳимоядаги ишончли ўйинимиз ва Саша Лобановнинг саъй-ҳаракатлари эвазига бунга йўл қўйилмади. Аксинча, ҳисобни очиш бизга насиб қилди. Шерзод Каримов деярли майдон марказидан чиройли тарзда дарвозани ишғол қилди. Дарвозабоннинг чиқиб кетганлигини кўриб, ўз вақтида зарба бера олди. Бир сонияга кеч қолганида дарвозабон ўз жойига қайтишга улгурарди. Кейин иккинчи голимиз ҳам чиройли чиқди. Бир сўз билан айтганда, «Локомотив»га қарши ўйинда «Пахтакор» Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси эканлигини исботлади.

- Ўз майдонингизда иккинчи рақам остида ҳаракат қилиш бу катта таваккал. Рақиб жамоа томонидан уюштирилаётган кетма-кет ҳужумларнинг бири гол билан якунланиши мумкин эди. Шу ҳолатдан чўчимадингларми?

- Чиндан ҳам, бу қалтис тактика эди. Лекин бошқа томондан тўғри қарор эканлиги якунда ойдинлашди. Мураббийларимиз иккинчи бўлимда ҳужумга берилиб кетиб, ҳимояни унутмаслигимизни уқтиришганди. Биз қарши ҳужумларда омадимизни синаб кўрмоқчи бўлдик. Учта вазият юзага келди ва уларнинг биридан унумли фойдаландик. Кейин тан олиш керак, бизга ўша куни омад ҳам кулиб боқди.

- Бу ўйинга чемпионлик учрашуви бўлди, деб таъриф бериш мумкинми?

- Чемпионлик масаласи расман ҳал бўлмагунига қадар кураш давом этади. Ҳали бунинг учун анча меҳнат қилишимиз керак. Аммо сўнгги ўйин кўп нарсага ойдинлик киритди, деб бемалол айта оламан. Ҳақиқатан ҳам кучли ва аҳил жамоа эканлигимизни қолган 9та тур ўйинида ҳам исботлашимиз шарт.

- Ёш, истеъдодли футболчи Жавоҳир Соҳибов «Локомотив» билан ўйинда ўз ҳаракатлари билан кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди...

- Бу фикрга қўшиламан. Соҳибов ўзбек футболининг келажаги. Унга шундай таъриф бераман. Майдон марказида катта ҳажмдаги ишни бажарди. Иккинчи голнинг урилишида иштирок этди.

- Олдинда сизларни  «Навбаҳор»га қарши ўтказиладиган жуда мураккаб сафар ўйини кутиб турибди. Бу баҳсга тайёргарлик қандай кетяпти?

- Бундан олдин Ўзбекистон кубоги ярим финали доирасида «Бунёдкор»га қарши ўйин бор. Бу учрашув ҳам биз учун жуда ҳам муҳим. Айнан «Бунёдкор»дан кейин «Навбаҳор»га қарши кечадиган баҳсга тайёргарликни бошлаймиз. Водийда ўйнаш ҳамиша қийин бўлган. Мухлислар жамоанинг 12-ўйинчиси вазифасини бажаради. Қолаверса, чемпион жамоага қарши ҳар қандай клуб ҳам алоҳида ёндашув билан тараддуд кўради. «Пахтакор» учун чемпионатнинг қолган ўйинлари худди финалдек ўтади. Буниси аниқ. Икки ҳисса куч билан ҳаракат қиламиз. Худди ўтган йилдагидек Ўзбекистоннинг кучли клуби эканлигимизни исботлашимиз керак.

- «Бунёдкор»га қарши Ўзбекистон кубогининг ярим финал илк учрашувида мағлубиятга учрадинглар. Жавоб ўйинида жамоангизнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз? Ҳали финалга чиқиш учун умид борми?

- Рақибни иккита тўп фарқи билан мағлуб этишимиз керак. Менимча, ҳали ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ. Қолаверса, «Локомотив» устидан қозонилган ғалаба футболчиларнинг кайфиятини янада кўтарди. Ҳозир юқори спорт формасидамиз. Ўйлайманки, финалга чиқиш учун бор имкониятимизни ишга солиб, мухлисларимизни чиройли ғалаба билан хушнуд қиламиз. Вазиятни ўзгартириш учун ҳали имкониятимиз бор.

- Самвел Бабаян миллий терма жамоага бош мураббий этиб сайлангач ,  клубдаги ўрни ва роли билиняптими?

- Катта ўзгаришлар кузатилмади. Бабаян «Пахтакор»ни ўз ҳолига шунчаки ташлаб қўймайди. Гарчи бор эътиборини миллий терма жамоага қаратган бўлсада, клубга ҳам келиб турибди. «Пахтакор» стадиони ва Қибрайдаги клуб базаси Самвел Вячеслав-ловичнинг «уйи»га айланган.

- Грузия терма жамоасининг Евро-2016 саралаш босқич доирасидаги сўнг­ги ўйинларини кўрдингизми?

- Албатта. 4 сентябрь куни ўз майдонимизда ўтказилган учрашувда Шотландия терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратдик. Жуда ҳам чиройли ўйин бўлди. Мухлислар уйларига юқори кайфиятда  қайтишди. Афсуски, 7 сентябрь куни гуруҳ етакчиларидан бири Ирландия терма жамоасига худди шу ҳисобда имкониятни бой бердик. Терма жамоамиз ўйиндан-ўйинга кучайиб боряпти. У бу галги Европа чемпионатида бўлмасада,  нуфузли мусобақаларда ўз сўзини айтишига ишонаман.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:53, 20.09.2015.
Ўқилди: 3072 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.