Кириш Регистрация
28/09 00:00 Вальядолид 1-2 Мальорка
28/09 16:30 Ньюкасл 1-1 Манчестер Сити
28/09 17:00 Хетафе 2-0 Алавес
28/09 17:00 Бунёдкор 2-2 Насаф
28/09 18:00 Удинезе 2-3 Интер
28/09 19:00 Арсенал 4-2 Лестер
28/09 19:00 Брентфорд 1-1 Вест Хэм
28/09 19:00 Эвертон 2-1 Кристал Пэлас
28/09 19:00 Ноттингем Форест 0-1 Фулхэм
28/09 19:00 Челси 4-2 Брайтон
28/09 19:15 Райо Вальекано 1-1 Леганес
28/09 21:00 Женоа 0-3 Ювентус
28/09 21:30 Реал Сосьедад 3-0 Валенсия
28/09 21:30 Вулверхэмптон 1-2 Ливерпуль
28/09 23:45 Болонья - Аталанта
29/09 00:00 Осасуна - Барселона
29/09 15:30 Торино - Лацио
29/09 17:00 Сельта - Жирона
29/09 18:00 Рома - Венеция
29/09 18:00 Комо - Верона
29/09 18:00 Ипсвич - Астон Вилла
29/09 19:15 Атлетик Бильбао - Севилья
29/09 20:30 Ман. Юнайтед - Тоттенхэм
29/09 21:00 Эмполи - Фиорентина
29/09 21:30 Бетис - Эспаньол
29/09 23:45 Наполи - Монца
30/09 00:00 Атлетико - Реал Мадрид
30/09 23:45 Парма - Кальяри
01/10 00:00 Вильярреал - Лас-Пальмас
01/10 00:00 Борнмут - Саутгемптон

Футбол ҳамжиҳатлик омили

Баҳо:
+ | -

Дунёнинг турли нуқталарида юз бераётган нотинчликлар минглаб фуқароларни хорижга чиқиб кетишга мажбур этмоқда. Табиийки, мажбурий сайёҳларни етарли шарт-шароитлар билан таъминлаш аксарият мамлакатларга жиддий муаммолар туғдирмоқда. Уларни бартараф этишда эса футбол муҳим роль ўйнамоқда.

Невен Суботич 1988 йилда Банья-Лука шаҳрида дунёга келган. Босниядаги уруш туфайли бошпанасиз қолган серблар каби унинг оиласи ҳам ватанни ташлаб кетишга мажбур бўлди. Шу тариқа 5 ёшли Невен ота-онаси билан қочоқ сифатида Германиядан паноҳ топди. Уруш тугагач, улар яна сафарга отланишди - Банья-Лукага қайтишни истамаган Суботичлар оиласи АҚШдаги қариндошлари томон йўл олишди. Шу тариқа болакайнинг ёшлиги саргардонликда ўтди. Ҳозирда Дортмунднинг «Боруссия» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Суботич бундеслиганинг энг сара марказий ҳимоячиларидан бири. Аммо унинг турмуш тарзи жамоадошлариникидан анча фарқ қилади. Машғулотларга ноутбук билан ташриф буюрадиган ҳимоячи қисқа танаффусларни ўз хайрия жамғармасининг фаолияти билан танишишга сарфлайди. Яъни хайр-эҳсонлари билан африкаликларни ҳимоя қилади - сербиялик ҳимоячининг маблағлари эвазига олис «қора қитъа»да ночор болакайлар учун тиббий ва маиший иншоотлар қад ростламоқда. Ёзда Суботич кўплаб касбдошлари каби ҳордиқ чиқариш учун Мальорка ёки Малайзияга эмас, балки Эфиопияга йўл олди. У ерда футболчи 2 ҳафта давомида қашшоқ фуқароларнинг шароити билан танишди. Мақсад - ўзи каби қийичиликларга дуч келган болаларга ёрдам бериш.

Британиялик таниқли сиёсатчи Энтони Глис томонидан «саховатпеша мамлакат» сифатида эътироф этилган Германияда 400 мингдан ортиқ қочоқларга ҳамма бирдек хайрихоҳлик билдирмаётгани ҳам бор гап. Ечимини кутаётган муаммолар ҳам бисёр. Аввало мажбурий равишда ўз юртини тарк этган муҳожирларни шунчаки иш излаб келган мигрантлардан фарқлай билиш керак. Кейин уларнинг юртларида чиндан ҳам сиёсий ёки диний сабабларга кўра таъқиб остида эканликларини аниқлаш лозим. Шундан кейингина муҳожирларни янгича шароитга мослаштириш, иш билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратиш мумкин. Тўғри, қочоқлар оқими Европанинг ривожланган  давлатлари иқтисодиётини янада кучайтириши мумкинлигини ҳеч ким инкор этмайди. Лекин Германия ва Швейцарияда қочоқлар меҳнатидан фақат 15 ойдан кейин тўлиқ фойдаланиш мумкин. 26 йиллик ҳаётининг катта қисмини дарбадарликда ўтказган Суботични Германиянинг бугунги сиёсати учун чинакам қаҳрамон сифатида кўрсатиш мумкин. Суриялик қочоқларнинг Европада кўзлаган манзиллари - Германия ва Скандинавия давлатлари. Лекин сурияликларнинг барчаси кўҳна қитъага отланишмоқда, деган фикр нотўғри. Қочоқларнинг 90 фоизи қўшни давлатлардан паноҳ топишни афзал кўришмоқда. Немисларнинг қочоқларга нисбатан мулойимликларига эса,тарихий воқеалар сабабчи - мусофирчилик машаққатлари уларга бегона эмас. Шу боис, хорижликларга нисбатан холис муносабатда бўлишади. Аммо қочоқлар масаласини муваффақиятли ҳал этишда нафақат фаровон ҳаёт кечираётган немисларнинг саховатпешаликлари, балки футбол ҳам яқиндан ёрдам бермоқда. Чунки бу спорт турининг немисларга таъсири жуда кучли. Аҳолининг тенг ярми ўзини футболнинг ашаддий мухлиси санайди. Демак, ҳар қандай стадиондаги қочоқларни қўллаб-қувватлашга бағишланган даъват уларни камситмаган ҳолда муомала қилишга чақиради. Тўғри, яқин ўтмишда вазият тамоман ўзгача эди: 90-йилларда қоратанли футболчиларни бананлар билан меҳмон қилиш, қочоқлар лагерини ёқиб юбориш радикал кайфиятдаги фанатлар учун одатий ҳол эди. Берлин деворидан сакрашга жазм этиб, собиқ ГДРни тарк этган ҳар қандай киши қаҳрамон сифатида олқишланарди. 20 йил ичида мамлакатнинг шунчалик ўзгариб кетганига ишонгинг келмайди. Ижобий ўзгаришларнинг олдинги сафларида германиялик футбол ишқибозлари боришмоқда. Ҳар қандай камситишларни хуш кўрмайдиган немисларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига радикал кайфиятдаги фанатлар стадионлардан сиқиб чиқарилди. Уларнинг ўрнини чинакам фидойи мухлислар эгаллашди. Бундеслиганинг олий ва биринчи дивизионларида тўп сурадиган барча жамоалар қочоқларни яқиндан қўллаб-қувватлай бошладилар. Трибуналарда тегишли панолар пайдо бўлди. Айрим жабҳаларда янада сезиларли ишларга қўл урилди. Масалан, «Бабельсберг» клубида қочоқлардан тузилган Welcome United жамоаси 3-лигада қатнаша бошлади. «Карл-Цейс Йена» жамоаси қочоқлар учун абонементлар ажратди. Кўпчилик бошқа жамоалар ҳам бепул чипта ажратишни йўлга қўйишди. Натижада қочоқлар билан маҳаллий аҳоли ўртасида тотувлик юзага келди. Футболнинг қочоқлар масаласи билан боғлиқ  иккинчи сезиларли таъсир йўналиши - интеграция. Гарчи Европага асосан ҳеч бўлмаганда инглиз тилидан салгина хабардор зиёлилар йўл олсалар, бу жараён анча мураккаб кечади. Футбол учун эса тил билиш ортиқча муҳим эмас. У етарли даражада демократик табиатга эга, оммабоп ва ҳамма ерда ўз мухлислари бор.

Юқоридаги фикрлардан хулоса чиқарадиган бўлсак, футболи гуркираб ривожланаётган Германия қочоқлар учун энг манзур гўша. Немис матбуотининг ҳеч бир куни Сурия, Ироқ, Мали ёки Украинадан келган мигрантлар фарзандлари маҳаллий клубларда кўрикдан ўтишаётгани ҳақидаги хабарларсиз ўтмайди. Қочоқлардан тузилган жамоалар ўртасидаги мусобақалар ҳам кенг ёритилади. Албатта, уларнинг айримлари ортга қайтишга мажбур бўлишлари ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, бошпана илинжида нигерияликлардан тушган аризаларнинг 90-100 фоизи Германия, Швейцария ва Скандинавия мамлакатларида рад этилади. Аммо кимларгадир ўз мақсадига эришиш насиб этади. 2012 йилда қизиқ воқеа юз берди: «Люцкендорф» номли қишлоқ жамоаси маш­ғулотига ташриф буюрган қочоқлар мураббийдан биргаликда тўп суришга изн сўрашди. Айрим футболчиларнинг эътирозига қарамай, мураббий Марко Брандт чақирилмаган меҳмонларга ўйнаш имконини берди. Ҳозирда «Люцкендорф» таркибининг 33 фоизи қочоқлардан иборат. Маҳаллий футболчилар ҳам, мухлислар ҳам улардан норози эмаслар. Хуллас, интеграция осонликча амалга ошди. «Мен фақатгина футболчи эмаслигимни яхши тушунишим шарт. Ҳозирда футбол ҳам шунчаки бир ўйин эмас, унинг аҳамияти катта», - деди Невен Суботич ўзининг Африкадаги фаолияти хусусида ҳикоя қиларкан. Ҳа, футбол танишиш, мулоқот ва бирдамликнинг қудратли воситаси. Унинг иқтисодий-ижтимоий самараларига Германия мисолида гувоҳ бўлдик. Олмон ўлкасидаги илғор тажриба бошқа қитъаларга қанча тез тарқалса, шунча яхши. Чунки Африкадаги қашшоқлар дунёнинг турли нуқталарида ҳам мавжуд. Умид қиламизки, Невен Суботич каби саховатпеша кишилар сафи ҳам кенгайиб бораверади.

 

Бундеслига жамоаларининг ҚочоҚларга кўмаги

«Бавария» - ўзининг ўртоқлик учрашувларидан тушган маблағ ҳисобидан бир миллион еврони қочоқлар ҳисобига ўтказади. Уларнинг фарзанд­лари учун машғулотлар лагери ташкил этган, 250та Adidas фирмасининг либослари жамланмаси билан таъминлади.

«Вольфсбург» - қочоқ болакайларнинг жамоа машғулотларига ташриф буюришига рухсат этилган.

«Боруссия» М. - жамоанинг 2та уй учрашувига қочоқлар таклиф этилади.

«Байер» - қочоқ болакайларга немис тилини ўзлаштириш учун махсус ўқув- курс­ларини ташкил этган.

«Аугсбург» - ўтган мавсумдан бошлаб жамоа уй учрашувларига муҳожирларни таклиф этмоқда.

«Шальке» - жамоа қочоқлар учун кийим-кечак, ўйинчоқлар ва бошқа буюмларни тўплаш ишларида иштирок этади.

«Боруссия» Д. - жамоа ўзининг ЕЛ доирасидаги «Одд»га қарши ўйин­га қочоқларни таклиф этди. «Санкт Паули» билан ўртоқлик учрашувининг танаффус пайтида қочоқларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбир ўтказди.

«Хоффенхайм» - уй учрашувларига қочоқларни таклиф этиб, уларга эҳсон улашди. Зинехайм муҳожирларнинг 1000 нафарини бошпана билан таъминлаган.

«Айнтрахт» - мавсум бошланиши арафасида старт беллашуви учун 100та чипта ва шунча футболка қочоқларга инъом этилди.

«Вердер» - Бременнинг 5та туманида қочоқлар учун машғулотлар ташкил этилди. Бундан ташқари, талабалар жамоанинг уй учрашувларига ташриф буюрадилар.

«Майнц» - клуб хайрия жамғармаси қочоқлар масаласи кенгашига 14 минг евро хайрия берди. 200 нафар қочоқлар стадионга таклиф этилди.

«Кёльн» - қочоқлар масаласи кенгаши ҳисобига беш минг евро ўтказди.

«Ганновер» - 2 нафар муҳожир ёшлар жамоасига тиббий кўрикдан ўтиш учун таклиф этилди. Қочоқлар лагерига футболка ва тўплар совға қилинди.

«Штутгарт» - қочоқлар фарзандларига академияда шуғулланиш имкони берилди.

«Герта» - уй учрашувларига қочоқларни таклиф этишни режалаштирган.

«Гамбург» - қочоқлар учун лагерь барпо этди. Ушбу клуб посбони Рене Адлер ҳамда «Санкт-Паули» ҳимоячиси Лассе Зобех лагерда бир кун меҳмон бўлишди.

«Ингольштадт» - мажбурий миг­рантларга ёрдам бериш лойиҳасини яратди.

«Дармштадт» - жамоа ўз мухлисларини қочоқлар учун хайрия беришга даъват этмоқда. Шунингдек, қочоқларни иш билан таъминлашга кўмак бермоқда.

Манба: Championat.com,

Cодиқ СОБИР тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:01, 21.09.2015.
Ўқилди: 2151 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.