“Локомотив” футбол клуби ярим ҳимоячиси Санжар Шоаҳмедов бугун 25 ёшни қарши олди. Шу муносабат биланинг унинг ҳаёти ва футболчилик фаолиятига оид баъзи қизиқарли маълумотларни келтириб ўтишни лозим топдик. Ўйлаймизки, бу маълумотлар мухлислар қизиқишига сабаб бўлади.
– Санжар Шоаҳмедов 1990 йил 23 сентябрь куни Тошкент шаҳар, Шайҳонтоҳур туманида туғилган.
– Оиласида жами етти киши. Ота-онасидан ташқари тўрт ўғил ва бир қиз. Санжар оилада ўғил болалар орасида кенжа фарзанд. Учта акаси бор. Ўзидан икки ёш катта акаси Сарвар Шоаҳмедов “Локомотив” футзал клубида тўп тепади. Катта акалари эса футболдан йироқ кишилар. Ўзининг айтишича, ёшликдан бирга ўсгани учун Сарвар билан сенсираб гаплашади.
– Сарвар Шоаҳмедов катта футболга ўтса, ўйнаб кета оладими? Бу саволга Санжар шундай деб жавоб берди: “Акам жисмонан бақувват, ҳаракат қилса ўйнаб кетса керак”.
– Санжар Шоаҳмедов ҳозирча уйланмаган. Маълумот учун, яхши кўрган қизи ҳам йўқ.
– Шунингдек, унда шахсий автомобил ҳам йўқ.
– “Олмалиқ” – Санжарнинг олий лигадаги илк клуби. Унгача эса Чиғатой футбол мактабида Геннадий Денисов қўл остида шуғулланиб юрган. У “Олмалиқ” таркибига 2008 йил бориб қўшилган. Икки йил ўринбосарлар таркибида майдонга тушиб, 2010 йилдан буён эса асосий таркибда ўйнашни бошлаган.
– Санжар Шоаҳмедов 2010-2014 йиллар мобайнида “Олмалиқ” шарафини ҳимоя қилган. Бу вақт оралағида олий лигада 98 ўйинда майдонга тушиб, 11та гол урган. Олий лигадаги дастлабки тўпини 2011 йил “Сўғдиёна” дарвозасига киритган.
– Санжар Шоаҳмедов 2015 йилдан бошлаб “Локомотив” футболчиси ҳисобланади. У ҳозиргача олий лиганинг 21 учрашувида майдонга тушиб 11та гол урди ва 2 бор сариқ карточка олди.
– У “Олмалиқ”да тўрт йил ўйнаб 11та гол урган бўлса, бу ишни “Локомотив”да бир мавсумнинг ўзидаёқ уддалади. Ваҳоланки, ҳали чемпионат тугагани йўқ ва насиб қилса ҳали яна кўп гол уради.
– Шоаҳмедов “Локомотив”да 22-рақам остида тўп тепади. Шу пайтгача олий лигада жами урган голлари ҳам 22та чиқяпти. Бу йил ҳисобидан Кубокда “Металлург” билан ўйинларда 2та гол урди. Хуллас ҳамма ёқда “икки”.
– Санжар Шоаҳмедов қувноқ футболчи, ҳазилни ёқтиради ва кўтара олади. Унинг айтишича, “Локомотив”даги энг ҳазилкаш футболчи бу – катта Жасур Ҳасанов.
– Санжар танқидга қандай қарайди? “Агар ўйиним қовушмаса, мухлислар танқид қилишади ва бунга тўғри муносабатда бўламан. Мен одамлар эътибор бергани учун ҳам ўйинингни ё мақташади ё танқид қилишади деб ўйлайман”, – дейди унинг ўзи бу ҳақда.
– Шоаҳмедовнинг жаҳон футболида ёқтирган футболчиси – Хави.
– Санжар гол уришдан кўра голли тўп узатишни амалга ошириш қийин деб билади.
Х.Холиқов.