Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Акром Комилов: "Чемпионни мағлубиятга учратиш ёқимли"

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон кубогининг иккинчи ярим финалида «Бунёдкор» клуби ҳамшаҳри «Пахтакор»ни ҳар икки ўйинда ҳам мағлубиятга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритди. «Пахтакор» стадионида кечган учрашувда 3:2 ҳисобида зафар қучган «қалдирғочлар» жавоб ўйинида ҳам ғалаба қозонишди - 1:0. Очиғи, дастлабки ўйиндан кейиноқ Сергей Лушан шогирдларининг финалга чиқишларига кўпчилик шубҳа қилмаётганди. Амалда бу тахминлар ўзини оқлади. Шу куни «Пахтакор» чемпионат доирасидаги «Локомотив»га қарши баҳсдаги ўйинини кўрсата олмади. Балки «шерлар» асосий эътиборни пешқадамликни мустаҳкамлаб, чемпионлик унвонини сақлаб қолишга қаратишаётгандир. Демак, Ўзбекистон кубоги финалида «Бунёдкор» ва «Насаф» ўзаро куч синашадилар. Ушбу учрашув Жиззахдаги янги стадионда ўтказилиши ҳам мумкин. Биз «Пахтакор»га қарши кечган жавоб ўйинидан сўнг «Бунёд-кор»нинг ёш ҳимоячиси Акром Комиловдан интервью олдик.

- Акром, авваламбор, Ўзбекистон кубоги финалига йўл олганинглар билан табриклайман. Сизнингча, «Бунёдкор» амалдаги чемпионни ҳар икки учрашувда ниманинг эвазига мағлуб этди?

- Табрик учун раҳмат. Менимча, жамоамиз ярим финал баҳсларида ўзига хос характер намойиш этди. Кучли клубга қарши ҳар бир чизиқда астойдил курашдик. Мураббийларимизнинг ўйинолди кўрсатмаларини тўғри бажардик. Ҳар икки ўйин, айниқса, дастлабкиси жуда қийин кечди. Албатта, амалдаги чемпионни мағлубиятга учратиш ёқимли. Бу муваффақият чемпионатнинг қолган ўйинлари ҳамда кубок финалида бизга қўшимча ишонч ва куч бағишлайди.

- «Пахтакор» Ўзбекистон кубоги ярим финалида «Локомотив»га қарши кўрсатган ўйинини намойиш эта олмади. Балки шу жиҳат ҳам ғалаба қозонишингизга ёрдам бергандир?

- Тўғри айтасиз. Фикримча, «Пахтакор» футболчиларида чарчоқ сезилди. Жавоб учрашуви олдидан «Пахтакор»-«Локомотив» ўйинини қайта кўриб чиқдик. Ўша баҳсдаги тезлик ва иштиёқ кубок ярим финалида «шерлар»га етишмади. Қолаверса, жавоб баҳсида биринчи бўлиб гол урсак, кейинги дақиқалар нисбатан осонроқ кечишини билардик. Буни амалда уддалаб, якунда муҳим ғалабани қўлга киритдик. Урилган голдан сўнг ўзимизга бўлган ишонч янада ортди.

- Финалда «Насаф»га қарши майдонга тушасизлар. Тўғри, танлаш имконияти йўқ. Шунга қарамай айтингчи, ҳал қилувчи баҳсда қайси клубга қарши баҳс олиб бориш қулайроқ эди: «Насаф»ми ёки «Локомотив»?

- Очиғи, рақиб ким бўлишининг аҳамияти йўқ, чунки финалга кучсиз жамоалар чиқишмайди. Ўйин ўз номига яраша қийин кечиши, биргина хато қимматга тушиши аниқ. Зеро, битта учрашувдан иборат финалда йўл қўйилган хатони қaйта тузатиш имкони йўқ. Вазиятни айнан шу 90 дақиқалик ўйинда ижобий томонга ўнглаш талаб этилади. «Насаф» тартибли жамоа. Уларга қарши баҳслар ҳамиша қийин кечган. Финалда ҳар икки жамоага ҳам осон бўлмайди.

- «Бунёдкор»нинг чемпионатда бироз иши юришмаяпти. Айниқса, биринчи даврада кўп очко йўқотдинглар. Бунинг сабаби нимада?

- Тўғри, чемпионат стартида жамоамиз ўзига ўхшамади. Аксарият учрашувларда керакли ва қимматли очколар бой берилди. Биринчи давра охирларига келибгина ўзимизни ўнглаб олдик. Мана, ҳал қилувчи босқичда ҳам ёмон ўйин кўрсатмаяпмиз. Ўйлашимча, ҳозирги ҳолатда ҳам чемпионлик учун курашсак бўлади. Кумуш ва бронза медаллар учун эса имкониятимиз юқори. Мақсадга эришиш учун сўнгги тургача курашамиз. Буни қанчалик уддалай олишимизни эса, албатта, вақт кўрсатади.

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 18:11, 25.09.2015.
Ўқилди: 2392 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.