Кеча Олий лиганинг 23-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Furkat.uz сайти Европа миллий чемпионатларининг ҳар туридан сўнг ўзига хос “Оскар” мукофотини норасмий тарзда “топшираётган” эди. Энди Ўзбекистон чемпионатининг ҳар бир туридан сўнг ушбу анъанаи ҳам йўлга қўйишга қарор қилдик. Фақат футболчиларимизга “Оскар” эмас, балки ўзимизнинг “Эътироф” мукофотини топширамиз. Албатта норасмий тарзда)))
“Энг яхши сценарий”
“Пахтакор” – “Металлург” (3: 2) “филмьи”нинг сценарийи шу қадар зўр чиқдики, уни хоҳлаган режиссёр филм қилиб суратга олишга рози бўлса керак. Ҳаттоки ўша Жеймс Кемерони ҳам бу сценарийга тан берса алсо ҳайрон қолмасдик. Учрашув тугашига 10 дақиқа қолганида меҳмонлар 2:0 ҳисобида олдинда эдилар. Бироқ қолган дақиқаларда воқеалар ривожи бутунлай ўзгариб кетди ва ҳаммаси мезбонлар учун ҳудди ҳинд киноларидаги сингари омадли якунланди.
“Энг яхши филм”
Қаршида намойиш этилган “Насаф”- “Навбаҳор” учрашуви бу номинацияга асосий номзод бўлди. “Кинотеатр”га кирган мухлислар асло зерикиб қолишмади. Улар 90 дақиқа давомида 6 та голга гувоҳ бўлишди. Боз устига биттаси тарихий аҳамият касб этди.
“Энг яхши сериал”
“Ҳакамлар “Пахтакор”га ён босади”. Ушбу сериал яна давом этади. “Металлург”га қарши баҳсда учрашувни бошқарган ҳакам Толибжонов 89 ва 90+3 дақиқалрда “шерлар” фойдасига пенальти белгилади ва мезбонларнинг ғалаба қозонишига “сабабчи” бўлди. Шундан сўнг интернет олами роса қайнади. “Сенга ошиқман” сериалини муҳокама қилаётганлар ҳам тўхтаб қолиб, ушбу сериал ҳақида фикр алмашишмоқда.
Махсус соврин
Ушбу соврин “Насаф” футболчиси Илҳом Чомуродовга насиб этди. Илҳом “аждарлар”нинг Олий лигадаги юбилей 1000-голига муаллифлик қилиб, тарих саҳифаларидан ўрин олди. Шундай экан бу футболчини совринсиз қолдирсак яхши бўлмас.
“Сабрли киностудия” соврини
Бу номинация ҳам махсус бўлиб у “Бунёдкор” Футбол клубига топширилди. Нима учун дейсизми? Боиси “қалдирғочлар” роппа-роса 1 йил давомида 11 метрлик жарима зарбасини амалга оширишмаган экан. Ниҳоят улар “Сўғдиёна”га қарши ўйинда пенальти тепиш имкониятига эга бўлишди ва махсус совринга сазовор бўлишди.
“Энг яхши комик актёр”
“Навбаҳор” ҳужумчиси Улуғбек Бақоев турнинг антиқаҳрамонларидан бири бўлди. У “Насаф”га қарши ўйиннинг 13-дақиқасида гол уриб ҳисобни тенглаштирган эди. 31-дақиқада эса яна бир бор ўз номини таблога ёздириб қўйди. Қизиқ томони у бу сафар рақиб эмас, ўз дарвозасини аниқ нишонга олган эди. Шу тариқа 36 ёшли ҳужумчи ярим соат ичида ҳар иккала дарвозага ҳам гол уриб ушбу номинация ғолибига айланди.
“Энг яхши режиссёр”
Мазкур номинацияга “Бухоро”га “режиссёрлик” қилаётган Жамшид Саидовни лойиқ топдик. Бухороликлар биринчи даврада атиги 5 очко тўплаб турнир жадвалининг энг охирги ўринини анча “мустаҳкамлашди”. Саидов иккинчи даврада жамоасига бўлган ишончи қайтарди. Бу турда “Бухоро” “Машъал”ни мағлуб этиб, Олий лигада жон сақлаб қолиш учун яхши имкониятга эга бўлмоқда.
“Энг яхши ёш актёр”
“Нефтчи” ҳужумчиси Мурод Бобожонов ушбу номинация ғолибига айланди. Фарғоналикларнинг 21 ёшли ҳужумчиси Самарқандда жамоасининг ягона голига муаллифлик қилиб “Нефтчи”га муҳим 3 очкони туҳфа этди.
“Энг яхши хорижлик актёр”
“Олмалиқ”нинг Сербиялик футболчиси “Шўртан”га қарши беллашувда катта саҳнага чиқди. Унинг иккита голи Олмалиқликларга ғалаба келтирди. Шу боис Неманяни ушбу номинацияга муносиб деб топдик. Дарвоқеа, бу номинация бўйича “Насаф”нинг Туркманистонлик легионери Артур Геворкян ҳам давогарлик қилган эди.
“Энг яхши актёр”
Чехия, Словакия каби Европа мамлакатларида тўп суриб келган Азиз Ибрагимов “Бухоро”га келиб, жамоани ўзини ўнглаб олишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Азиз “Машъал”га қарши учрашувда ҳисоб 1: 1 бўлиб турган пайтда, иккита гол уриб “Бухоро”га ғалаба келтирди ва тур “қаҳрамони”га айланди.
Furkat.uz: Ҳафта “Оскар”лари кимларга топширилади
Ҳафта “Оскар”лари кимларга насиб этди? Левандовскидан Карнейрогача…
Фурқат Юсупов
Манба: www.Furkat.uz