Кириш Регистрация

Раҳмат, Мираброр ака!

Баҳо:
+ | -

Ҳозир тафсилотлари достон бўлиб улгурган ўша «Пахтакор» - «Металлург» ўйинини мен ҳам томоша қилгандим. Томоша қилиш гапми, ундан руҳланиб, «Раҳмат, Рустам ака» сарлавҳаси остида мақола ёзишни ўйлаганим ҳам рост. Аммо кейин ...воқеалар жараёни шундай кўриниш олди-ки, мақола ҳақида унутишга тўғри келди. Қарангки, сарлавҳа увол кетмади ва салгина ўзгарган ҳолда бугунги мақола боштахтасидан ўрин олди. Тақдир, пешона деганлари шудир-да... «Пахтакор» - «Металлург» учрашувига келсак, 83-дақиқадан сўнг кўпчилик қатори менинг ҳафсалам ҳам ўйин кайфияти билан қўл ушлашиб, аллақайларга йўқолганди. Аслида бунақаси биринчи марта рўй бермаяпти. Илгари ҳам қайсидир ўйиндан завқланиб, нимадир ёзишни режалаштирганман-у, аммо сўнгги дақиқалардаги қандайдир ўзгаришлар сабаб, ўйлаганларим қоғозга кўчмаган. «Пахтакор» - «Металлург» ўйини ҳам шулар қатори хотирамнинг қайсидир қатларида қолиб кетиши кутилганди. Аммо ЎФФ томонидан чиқарилган баёнот ва унинг ортидан Мираброр Усмоновнинг нутқи... Айнан шу нутқ туфайли ҳам, Мираброр акага раҳмат айтмоқдамиз. Нафақат мен, балки кўпчилик...

ЁВ ҚОЧСА

Сиз ўша баёнот билан ҳам, Мираброр Усмоновнинг ЎзПФЛ клублари раҳбарлари ва мураббийлари иштирокида ўтказилган йиғилишда айтган гаплари билан ҳам танишиб чиққансиз. Агар ҳозир «Пахтакор» - «Металлург» ўйини ҳақида гап очиб, «Бу учрашув аввалдан ғалати кўринганди», десам, аниқки, «ёв қочганда кўпаядиган»лар қаторига қўшиламан. Шу сабабли, эътиборни бевосита учрашув эмас, балки ЎФФ томонидан чиқарилган баёнот ва Мираброр Усмоновнинг нутқига қаратганим маъқул.

Демак, ЎФФ қошидаги Келишилган ўйинларга қарши курашиш қўмитаси ниҳоят, ўз ишини бажарди ва фаолиятида илк марта «шубҳали ва спорт принципларига зид» келадиган ўйинни фош этди. Гарчи қўмита номи «Шубҳали ва спорт принципларига зид келадиган ўйинларга қарши курашиш» эмас, балки «Келишилган ўйинларга қарши курашиш» бўлса-да, барибир, бу баёнот биз учун улкан янгилик. Чунки ўзбек футболи тарихида бунақаси илгари кузатилмаганди.

 

МИРАБРОР АКАНИНГ ГАПЛАРИ

«Пахтакор» ва «Металлург» жамоа­лари ўртасидаги тўқнашув 83-дақиқадан сўнг «шубҳали ва спорт принципларига зид» кўриниш олгани ва бекободликлар устози Рустам Мирсодиқовнинг мураббийлик лицензияси 2015 йил охирига қадар бекор қилиниши айтилгач, кўпчиликда ўз-ўзидан ҳақли савол туғилди. Агар ўйин натижаси дарҳақиқат, майдондаги кураш эмас, бошқача усулда ҳал қилинган бўлса, нима учун фақат бир киши жазоланиши керак? Тўғри, балки Рустам ака асосий айбдордир, аммо унинг ёлғиз ўзи захира ўриндиғида ўтириб олиб, ўйин тақдирини ҳал қилмагандир? Бунинг учун кимларнингдир ёрдами керак бўлгандир?

Албатта, ўша «кимлар» аслида кимлигини билмаймиз. Ҳозирча билмаймиз. Чунки ЎФФ томонидан берилган баёнотда фақат Рустам Мирсодиқовнинг номи келтирилди. Аммо қолганлар билан ҳам яқин орада «танишиб» олсак керак. Бунга ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг шахсан ўзи ваъда берди. Демак, яқин орада катта ўзгаришларни кутиш мумкин. Чунки ЎФФ президенти мавсум олдидан ўтказилган йиғилишда келишилган ўйин­ларга қарши кураш бошланганини айтган ва бундай қинғир ишларга аралашганлар қаттиқ жазоланишларини таъкидлаганди. Мираброр Зуфарович ушбу ваъдаси устидан чиқмоқда - охирги воқеалар бунга яққол мисол. Камига «Пахтакор»дек клуб раҳбарияти шаънига айтилган гаплар ҳам ЎФФ президенти ўз ишига астойдил киришганини билдиради. Нима ҳам дердик, энди Мираброр Усмонов таъкидлаганидек, йил якунини кутишга тўғри келади.

 

ТАХМИН

Ҳозирча бу иш юзасидан фақат Рустам Мирсодиқов жазоланди. Аммо суриштирув ишлари давом этмоқда ва ҳали «янги номлар» кашф этилиши эҳтимоли катта. Бу номлар расман маълум қилинишига қадар бир нарса деёлмаймиз. Бироқ Мираброр Зуфаровичнинг нутқидан сўнг асосий гумон «Пахтакор» клубига тушиши турган гап. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам, шубҳа манфаатдор томонга қаратилади. «Металлург»нинг мағлубиятидан ким фойда топгани эса аниқ - 3 очко қайси томонга кетганини яхши биламиз.

Шу ўринда ЎФФ Ижроқўми томонидан қабул қилинган қарор ҳақида икки оғиз мулоҳаза билдирсак. Ҳамма гап шундаки, Ижроқўм қарорига илова қилинган изоҳда «Бундай шубҳали ғалаба «Пахтакор» раҳбарияти ва мухлисларига керакми?» қабилида риторик савол қўйилган. Яхши биламиз, расмий ташкилот томонидан чиқарилган расмий қарорда ҳамма нарса очиқ-ойдин кўрсатилиши лозим. Ҳарқалай, турли сўз ўйини қилиб, тагдор гаплар билан нимагадир шаъма қилиш расмий ташкилотга ярашмайди. Натижада ушбу баёнот орқали «Пахтакор» расман айблангани ёки айбланмаганини билолмай қолдик. Бу эса саволлар кўпайишига олиб келди. Мабодо бу можарода «Пахтакор»дан ҳам кимдир иштирок этган бўлса, у нима учун  жазоланмади? Агар акси бўлса, унда «Металлург»нинг атайлаб ютқазишидан қандай маъно бор? Ахир яна кимдир айбдор бўлиши керак-ку!

Бу саволларга Мираброр Усмонов қисман жавоб қайтарди. Ўзбек футболи раҳбарининг айтишича, Аҳрол Иноятов можарога «Пахта­кор»нинг алоқадор жиҳатларини тополмаган. Шу сабаб, клубдан ҳали ҳеч ким жазоланмади. Аммо «Фақат ҳозирча», деб таъкидлашни ҳам унутмади Мираброр ака. Демак, бу ишларнинг давоми очиқ. Аммо унга қадар масаланинг бошқа томонига ҳам бир қараб қўйсак, зарар қилмас...

 

ТОТАЛИЗАТОР

Яхши биламиз, футболда тотализатор, яъни ўйин натижасини олдиндан тахмин қилиб, пул тикиш иллати азалдан мавжуд. Сўнгги вақт­ларда бу иллат ўзбек футболига ҳам кириб келгани ҳақида гапирилмоқда. Яхшиямки, юртимизда бундай жирканч ишлар тақиқланган. Аммо замонавий технология ривожи хорижда жойлашган тотализаторга пул тикиш имкониятини бер­япти ва бундан кимлардир фойдаланишлари мумкин. Ўз вақтида ривожланган мамлакатлар футболи-да бу иллатдан зарар кўрган. Тотализаторда иштирок этган футболчи, мураббий ҳамда бошқа ходимлар қаттиқ жазоланишганини ҳам биламиз.

Балки «Металлург»нинг бу тахлит ютқазишига шу тотализатор айб­дордир? Мураббий ва футболчилардан кимдир натижа учун пул тикиб, ке­йин ҳисобни сунъий тарзда юзага келтиришга уринган бўлиши мумкин эмасми? Албатта, бу тахмин холос, аммо Келишилган ўйинларга қарши курашиш қўмитаси буни ҳам кўриб чиқса яхши бўларди. Зеро, иш бошландими, охирига қадар олиб борилиши ва барча эҳтимолий назариялар кўриб чиқилиши керак. Акс ҳолда, кўзланган натижага эришиш қийин. Аро йўлда сарсон қолишдан эса ёмони йўқ. Бир вақтлар буюк «Ювентус» қинғир ишларга аралашгани учун қуйи лигага тушириб юборилган эди. Шундай экан, нима учун бизда ҳам қаттиққўллик қилинмаслиги керак? Айб ишга қўл уришдими, демак, жавоб беришни ҳам ўрганишсин-да.

ЯНА КИМ АЙБДОР?

Мираброр Зуфаровичнинг нутқидан сўнг кўпчилик «Пахтакор» ҳақида гапиришга тушди. Аммо масаланинг яна бир томони борки, буни унутмайлик - «Металлург» атайлаб ютқазган бўлса, бу ишни Рустам Мирсодиқов ёлғиз ўзи ҳал қилмагандир. Агар футболчилар атайлаб гол қўйиб юборишмаса, ким ҳам улардан ғалабани тортиб олар эди?  Рустам ака жазоланди, майли. Аммо қолганлар-чи? Уларнинг ишлари нима бўлади?

Келинг, шу ўринда эътиборни яна ўйинга қаратсак. Дарҳақиқат, 83-дақиқага қадар «Металлург» ажойиб футбол намойиш этди. Мирсодиқов жамоаси ўзи истаган тақдирда ҳар қандай рақибга қарши тура олишига шу ўйинда яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. «Металлург» лозим топилса, тиғиз ҳимояланди,  футболчилар «подкат» услубида тўп йўлига тўғаноқ бўлдилар ва ўрни келгани ҳамоно қарши ҳужумга ўтиб турдилар. Ҳарқалай, «Пахтакор» ҳужуми 83-дақиқага қадар кўринмас деворга урилиб, тўхтаб қолаверди, ҳимояси эса қарши ҳамлалар хавфи остида таҳликада турди.

Ажойиб ўйин, аммо ҳаммаси сўнгги дақиқаларда ўзгариб кетди. 89-дақиқада Мирғиёс Сулаймонов томонидан амалга оширилган қўполликка салгина мантиқий жавоб бериш мумкиндир (бу вазиятда «Пахтакор» футболчиси дарвоза томон ҳаракатланаётган эди), аммо 90Қ2 -дақиқада Муроджон Тошматовнинг Жалолиддин Машариповни йиқитишига ҳеч қандай изоҳ тополмайсиз. Ўша вазиятда рақиб дарвозага мутлақо тескари йўналишда, бурчак тўпи тепиладиган томон ҳаракатланаётганди. Шундай экан, Келишилган ўйинларга қарши курашиш қўмитаси Тошматовдан ўша вазият учун изоҳ олиши керакдир? «Металлург»дан фақат Рустам Мирсодиқовнинг ўзи жазоланиши кам эмасми? Яхшилаб қидириб кўрилса, балки яна айбдорлар топилар...

 

САВОБ ИШ

Албатта, ЎФФ, хусусан, Мираброр Усмонов катта жасоратга қўл урди. Аммо иш ҳали охирига етказилмади. Халқимизда «Савоб қилсанг, бутун қил», деган гап бор. Иш бошланибдими, энди унинг якунини ҳам кўрайлик. Шунча машмаша асносида ёлғиз Рустам аканинг 2015 йил охирига қадар четлатилиши адолатдан эмас. Қолганлар ҳам жазо олишсин, олганда ҳам, муносиб жазо... Мавсум охиридаги 7та ўйинни ўтказиб юбориш билан кимни ҳам қўрқитардик? Айбдорми, жиддий жазолансин. Ахир четлатишдан ташқари, «қизиқроқ» нимадир ўйлаб топиш мумкин-ку. Шундай эмасми?

Кейин, ўзбек футболи фақат «Пахтакор» - «Металлург» баҳсидан иборат эмас. Илгари ҳам бир қатор ўйинлар мухлисларда шубҳа уйғотган, аммо расмий асос йўқлиги учун ҳеч ким ҳеч нарса деёлмаганди. Айнан шу сабабга кўра, биз ҳам аниқ номларни келтиролмаймиз. Чунки бу иш ЎФФ қошидаги Келишилган ўйин­ларга қарши курашиш қўмитаси ваколатида. Қўмита бир ўйинни фош қилдими, демак, қолганига ҳам кучи етади. Ишонамизки, Аҳрол Иноятов олий лиганинг бошқа ўйинларига ҳам эътибор қаратади. Балки шунда айбдорлар қаторидан ҳакамлар ҳам ўрин олишар? Муҳими, ўзбек футболи тозаланса, бас. Зеро, қачонки, ўйинлар ҳалол ўтса, футболчиларда мардлик ва шижоат ўсади. Акс ҳолда, спектаклда «роль» ўйнаб юраверадилар...



«МЕТАЛЛУРГ» ПФКнинг ЎФФ ИЖРОҚЎМИ ҚАРОРИга

муносабати

- Металлург» ПФК Ўзбекистон футбол федерацияси Ижроқўми томонидан қабул қилинган қарорга эътироз билдирмайди. Ижроқўм мамлакат футболи тизимининг юқори органи бўлганлиги боис, унинг қарори муҳокама этилмайди ва бажарилади.  «Металлург» ПФК раҳбарияти томонидан жамоа бош мураббийи Р.Мирсодиқов йил охирига қадар лавозимидан четлатилди.

Зафар ҚОСИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:04, 07.10.2015.
Ўқилди: 9486 марта.
Фикрлар: 24 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.