Футбол бўйича XXIV миллий чемпионатимиз Олий Лига ўйинлари секин-аста ўзининг ҳал қилувчи палласига кириб бормоқда.
Ҳозирга келиб жамоалар аллақачон 24-тадан ўйин ўтказиб улгуришди. Етакчилар совринли ўринлар учун баҳс олиб боришаётган бўлса, “Бухоро”, “Андижон”, “Сўғдиёна” ҳамда “Динамо” жамоалари элитада жон сақлаб қолиш учун ҳаракатни бошлаб юборишган. Зеро бу тўртала клубга Олий Лигани тарк этиш хавф солиб турибди.
Жиззахликлар сафида жорий мавсумда “очила” билган ёш истеъдод эгаси Санжар Рашидов SPORTS.uz мухбирига ўз жамоасининг олдида турган асосий вазифаси ҳақида гапириб берди.
- Насиб этса, Олий Лигада қоламиз, албатта. Бунга ишонаман. Чунки бутун жамоамиз шуни истамоқда ва ҳали имкониятларимиз етарли. Умуман олиб қарайдиган бўлсак, чемпионатимиз ўйинлари осон ўтаётгани йўқ. Учрашувларда анчагина шиддат бор.
Агар олдинда турган учрашувларда имкон қадар максимал очколарни қўлга кирита олсак, мақсадимизга етишимиз мумкин бўлади. Мухлисларимиз биздан нима кутишаётганини барчамиз ҳис этиб турибмиз. Ҳудо хоҳласа, элитада қолиш вазифасини уддалаймиз. Зеро қандай ўйин бўлмасин стадионни тўлдириб ўтирган ишқибозларимизни ҳафа қилишни истамаймиз.
Таркибимиз асосан ёшлардан иборат. Ҳали биз бир-биримизни тўла тушуниб ўйнаётганимиз йўқ. Устозларимиз ҳар доим ёшларга имкон бериб келишмоқда. Ҳали биз ўз устимизда кўпроқ ишлаб, уларнинг ишончларини оқлаймиз, албатта. Қолган учрашувларда майдонда боримизни беришга ҳаракат қиламиз ва “Сўғдиёна”ни Олий Лигада олиб қоламиз, - дейди ёш ярим ҳимоячи.
Таъкидлаб ўтамиз, “Сўғдиёна” навбатдаги учрашувни Олий Лига 25-тур ўйинлари доирасида “Пахтакор”га қарши ўтказади. Мазкур матч 16 октябр санасида бўлиб ўтади. Ҳозирда жиззахликлар ҳисобида 20 очко мавжуд ва улар мусобақа жадвалида 14-поғонани банд этиб туришибди.