Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида давом этаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида яна бир спортчимиз финалга чиқди.
64 кг.гача бўлган вазнда иштирок этаётган ҳамюртимиз Фазлиддин Ғоибназаров таиландлик Вуттичай Масук билан баҳс олиб борди ва рақибини бутунлай маҳв этди. Фазлиддин жангнинг бошидан охиригача устунликка эга бўлди ҳамда кетма-кет зарбалар берди. Рақиб эса ватандошимизга тайинли зарба бера олмади. Ҳакамларнинг баллари буни исботлаб турибди — 30:27, 30:27, 30:27.
Қизиқ томони, бундан бир ой аввал Таиландда ўтказилган Осиё чемпионати финалида Вуттичай Масук ҳамюртимизни мағлуб этганди. Ғоибназаров ўша мағлубият учун муносиб реванш олди.
Фазлиддин Ғоибзаров финалга чиқиш билан бирга Рио-2016 йўлланмасини ҳам қўлга киритди. Бундан бироз аввал Муроджон Аҳмадалиев ҳам финалга чиққани ҳақида маълумот бериб ўтгандик.
Бугун, шунингдек, ўзбкеистонлик боксчилардан Бектмеир Мелиқўзиев финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади. Қолган 3 нафар спортчимиз ўз жангларини эртага ўтказишади.