Кириш Регистрация

Бахтиёр Бобоев: «Финал ўтказилаётган жойнинг имкониятларини ҳисобга олишса тўғри бўларди»

Баҳо:
+ | -

Бугун “Суғдиёна” марказий стадиони анжуманлар залида Ўзбекистон Кубоги— 2015 финал учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманинг биринчи қисмида “Бунёдкор” клубининг директори  Бахтиёр Бобоев ва жамоа ҳимоячиси Анвар Ражабовлар иштирок этишди.

– Финал Жиззах шаҳрида ва нейтрал майдонда ўтказилишига фикрингиз қандай?
— Бунақа финал учрашувларни ўтказиш олдидан шаҳар инфраструктураси ва шароитлари ҳамда финал ўтказилаётган жойнинг имкониятларини ҳисобга олишса тўғри бўларди. Масалан, биз жойлашган меҳмонхонада баъзи бир муаммоларга дуч келдик.

— Жамоангизда  қандай йўқотишлар бор?
— Жамоамизда ўзингизга маълум бир неча етакчи ўйинчилар эртага майдонга туша олишмайди. Улар қаторига Жавлон Иброҳимов ҳам қўшилди, унинг жароҳати бор, ўйлайманки, майдонга тушган ўйинчилар уларнинг йўқлигини билдиришмайди.

— ОЧЛга чиқиш учун сизга кубокни ютиш керак бўлади, бунда ўз шогирдларингизни қандай тайёрлай оддингиз?
— Албатта, биз бу йил чемпионликни бой бердик, шунинг учун ОЧЛга чиқишга эртага биз учун яхши имконият бор, бунинг учун йигитлар бор кучини бериб ҳаракат қилишади деб, ўйлайман.

Анвар Ражабовга савол: — “Насаф” таркибидаги ўйинчиларни яхши биласиз, улардан қайси бири сиз учун хавфлироқ?
— “Насаф” жамоасида  яхши ўйинчилар бор, ҳар бир футболчиси яхши ўйнайди ва рақиб жамоа сифатида яхши шаклланган. Лекин биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Эртага биз “Насаф”дан кучлироқ эканлигимизни ўйинда исботлашга ҳаракат қиламиз.

— Сизнинг рақибга бўлган тактика бўйича қандай режаларингиз бор. Эртага Шодиевни дастлабки таркибда майдонга туширасизми?
— Мен учун “Насаф” жамоаси яхши таниш. Ўзим вақтида Қашқадарёда ҳам ишлаганман, “Насаф”нинг ташкил қилаётган ўйинларини гувоҳи бўлаяпмиз, эртага бўладиган ўйинда кимда иштиёқ кучли бўлса ва қайси жамоа ўйинчилари якка курашларда устун бўлса, ютуқ ана шу жамоа томонда бўлади. Шодиев тўғрисидаги фикрим — у жароҳатдан сўнг анча ўзига келиб қолди, бу ўйинчи хизматидан фойдаланиш режамиз бор.

— Эртага “Насаф” жамоасининг беш мингга яқин мухлислари бевосита стадионда туриб ўз жамоасига далда бўлади, бу сизларнинг зарарларингизга ишламайдими?
— Албатта, мухлисларнинг кўплиги жамоага доимо ёрдам беради, аммо бу ҳолат баъзан тескари таъсирини ҳам кўрсатади. Эртага бизнинг мухлислар ҳам стадионга кўплаб ташриф буюришади ва бизни қуллаб-қувватлашади деган умиддаман.

Анвар Ражабовга савол: — Эртага сиз Хайрулла Каримовни ҳам ўрнини босишингизга тўғри келади, сиз бунга тайёрмиз?
— Албатта, бу биз учун катта йўқотиш бўлди. Аммо, ўйлайманки, биз уларнинг йўқлигини билдирмаймиз.

Манба: voha.uz
Киритилди: 18:01, 16.10.2015.
Ўқилди: 4057 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.