Ўзбекистон кубоги финали қандай кечгани, унда ким ғолиб бўлгани-ю буни қай тариқа уддалагани ҳақида обдон гаплашдик. Мазкур мавзу узоқ вақт тилдан-тилга кўчиши аниқ. Чунки Жиззахда кечган учрашув шунга арзийди - бундай ажойиб финални яқин орада кўрмагандик. Шаррос қуяётган ёмғирга парво қилмай, жойидан жилмай ўйинни томоша қилган мухлисларга эса тасанно! Бунақасини илгари фақат телевизорда кўргандик. У ҳам бўлса Англия премь-ер-лигаси трансляцияларида. Ўзимизда эса яқин ўртада кузатилмаган. Ҳар ҳолда, биз эслай олмадик.
Ҳатто, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинларида ҳам тўлмайдиган «Пахтакор» ва «Бунёдкор» стадионига олий лигада нари борса битта секторга яраша одам тушиб турганда, Жиззахдаги мухлисликни фантастикага қиёсланмаса, бошқача таъриф топа олмадик. Агар Ўзбекистон кубоги финали Европанинг қайсидир бурчагида намойиш этилса ва бу учрашув Жиззахда бўлаётгани айтилса, аниқки, ишонмайдиганлар кўп топилади. Қолганлар эса нима учун Ўзбекистон футболи ҳақида илгари эшитмаганига ҳайрон бўлиши турган гап. Чунки бундай фидойи мухлисларга эга мамлакат футболи ҳеч бўлмаганда, Осиёда етакчилардан бирига айланиши лозим.
Энг ёмони эса шундаки - биз узоқ йиллар давомида кубок финалидек ажойиб ўйиннинг қадрига етмаган эканмиз. Пойтахтдан вилоятга кўчди-ю, Ўзбекистонда ҳам футбол борлигини кўрсатиб берди. «Насаф» - «Бунёдкор» ўйинидан олган завқни охирги марта ўтган йили ЕЧЛ финалида кўргандик. Гарчи ўзбек клублари «Барселона» ва «Ювентус»га етиши учун узоқ вақт керак бўлса-да, тан олайлик, ўзимиз учун Ўзбекистон кубоги финалидаги ҳаяжон ва иштиёқ Чемпионлар Лигасидагидан кам бўлгани йўқ. Бунинг учун кимга раҳмат айтишни ҳам билмайсан - ажойиб ўйин намо-йиш қилган «Насаф» ва «Бунёдкор»гами ёки ўз регламентига қарши бориб, финал ўйинини анъанавий тарзда «Пахтакор»да эмас, балки Жиззахда ўтказишга қарор қилган ПФЛга? Ҳар ҳолда, барибир, ПФЛдан миннатдормиз - ахир айнан шу ташкилот қарорига кўра, Ўзбекистон кубоги финали Жиззахда ўтказилди-ку, шундай эмасми?
Аммо гап ПФЛ ҳақида кетар экан, ўрни келганда баъзи гапларни ҳам айтиб ўтсак. Зеро, миннатдорчилик билдириш қочмас, ҳозир анча ёқимсиз ҳолатларни эслаймиз. Энг аввало, эътиборингизга ПФЛ сўзининг кенгайтмасини ҳавола қилсак - аслида, биз уни Профессионал Футбол Лигаси деб аташимиз лозим. Аммо бу қандай профессионал лига бўлдики, йилда бир марта ўтадиган финал ўйини тақдирлаш маросимини эплаб ўтказа олмаса. Ҳозиргина кубок финалидаги шиддат ва мухлисликни ЕЧЛга ўхшатган эдик. Энди бошқа ўхшатиш қилишга изн берсангиз. Ўйин ва мухлислик қай даражада ЕЧЛга тортса, унинг тақдирлаш маросими шунчалар аянчли чиқдики, ҳатто қишлоқларда ўтказиладиган оддий турнирда ҳам бундан яхшироқ ҳолатни кўрасиз. Қишлоқ мусобақаларида тилла қурса, самимият кузатилади. Ўзбекистон кубогида эса... Бундай тақдирлашни яна қаерда учратгансиз? Наҳотки, бутун бошли ташкилотда шу масала астойдил муҳокама қилинмаса...?
Аслида, бундай ҳолат ўзбек футболи учун янгилик эмас. Ёдингизда бўлса, ўтган йили Олмалиқда кечган финалда ҳам у такрорланган эди. Ўшанда ҳам ПФЛ матбуотда қаттиқ танқид қилинган ва бу ҳақда бонг урмаган нашр қолмаганди. Аммо якун шу бўлдики, энди бундан ҳам баттарроғига гувоҳ бўлдик. Хўш, нега бу иш яна такрорланмоқда? Нимага ПФЛ бундай йўл тутяпти? Қандай чора қўлласак, мазкур муаммонинг ечимини топамиз? Келинг, шу саволларга жавоб излашга уриниб кўрайлик.
Умуман олганда, саволнинг жавоби у қадар мураккаб эмасдек. Аввало, ПФЛдаги камчиликларга тўхталсак - гап шундаки, у ерда масъулиятни ҳис қиладиган одамнинг ўзи йўқ, чамаси. Акс ҳолда, шунча ўтган вақт ичида бу арзимаган муаммо ўз ечимини топарди. Ахир тақдирлаш маросимини ташкил қилиш у қадар оғир иш эмас-ку, нари борса битта саҳна ясатилади, ортига ПФЛ ва Ўзбекистон кубоги баннери илинади ва ғолиблар табрикланади. Футболчилар кубокни боши узра кўтарган вақтда бироз мушакбозлик қилиб, устидан зар сочилса кифоя, олам гулистон. Ёдингизда бўлса, ўтган йили «Пахтакор» чемпионликни худди шу тарзда нишонлаган эди. Аммо бу тантанага ПФЛнинг ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, ҳаммасини клубнинг ўзи ташкил қилганди. ПФЛда ишлайдиганлар ҳеч бўлмаса бу борада «Пахтакор» клубидан маслаҳат олишса бўлмасмиди?
Яна бир гап - токи ПФЛ вазиятга жиддий ёндошмас экан, Ўзбекистон кубоги финали зерикарли ўтказилишига кўникишга тўғри келади.