Мозий юлдузлари рукни орқали бу сафар Футбол қироли Пеленинг футболчилик фаолиятига қисқача назар солиб ўтамиз.
Тўлиқ исми шарифи Эдсон Арантес ду Насименту Пеле. У 1940 йилнинг 23 октябрь санасида таваллуд топган. У Бразилиянинг камбағал оиласида ўсиб улғайди. Пелени ёшлигида Дико деб чақиришар эди. Унинг отаси Жоао Рамос ҳам профессионал футболчи бўлиб, Дондино лақаби билан машҳур бўлган. Аммо оғир жароҳат унинг футболчилик фаолиятига якун яслаишига сабабчи бўлади.
Пеле лақабини у ўзининг болалик йиллари ўтган Бауру шаҳрида Бразилия Мустақиллиги нишонланадиган “7 сентябрь куни” шарафига қўйилган. 16 ёшли Пеле мамлакатнинг энг кучли футбол жамоаларидан бири ҳисобланадиган “Сантос” жамоасига қабул қилинади.
“Сантос”
1957 йилда 17 ёшли йигитча “Сантос” сафида дебют мавсумини ўтказди. Ҳаммаси кутилганидан ҳам аъло даражада эди. Пеле мавсум давомида 38 учрашувда майдонга тушиб ўз ҳисобига 41 та гол ёздириб қўйди. Дебют мавсумдаёқ бундай натижа шунчаки фантастика эди!
Иккинчи мавсум янада омадли келди. 18 ёшга тўлган Пеле мавсум мобайнида 46 учрашувда 66 та гол урди. Бутун Бразилия янги қиролнинг ўйинларидан баҳраманд бўлаётган эди. Пеле эса майдонда ўзини “сувдаги балиқ”дек ҳис қиларди. Уни тўхтатиб қолишнинг фақатгина битта йўли бор эди… қўполлик… Бундан бошқа чорани излаган ҳимоячилар ўз дарвозаларига кириб бораётган голларни шунчаки томоша қилишарди.
У 19 ёшида бир мавсумда 126 та, 21 ёшида эса 110 та гол уриб, бутун дунёни ҳайрат кўчаси сари етакларди.
Пеле 25 ёшигача бир мавсум давомида 30 тадан 60 тага голлар уриб келди. 1966 йили эса оғир жароҳат унинг бу супер анъанасига барҳам берди. Пеле ўша мавсум чемпионатда атиги 13 та гол урди. Бироқ бунинг учун у 14 та учрашувдагина майдонга тушган эди.
Футбол қироли “Сантос” билан халқаро мусобақалрда ҳам зафар қучди. 1962 йили “Бенфика”, 1963 йилда эса “Милан” мағлуб этилиб Қитъалараро кубоги Пеле жамоадошларига насиб этди.
1969-йилда 29 ёшида “Маракана” стадионида “Васко да Гама” дарвозасига ўзининг фаолиятидаги 1000-голини киритди. Бунинг учун қиролга 909 та учрашув кифоя қилди. Бундай фантастик натижани ҳалигача ҳеч бир футболчи такрорлай олгани йўқ.
Пеле “Сантос”да 1974 йилга қадар тўп суриб, 6 марта Бразилия чемпиони, бир бора кубоги соҳиби, 10 марта Паулиста лигасида, 3 бора Сан-Пауло турнирида, 2 марта Либертадорес кубогида, 2 бора Қитъалараро кубогида ғолибликни қўлга киритди.
1958 йилда Паулиста лигасида 58 та гол уриб, такрорланмас рекорд ўрнатди. Клуб учун 1120 та учрашув ўтказиб, 1087 та гол киритди!
“Космос”
34 ёшли Пеле ўз ватанидан кетиб АҚШга йўл олди ва бу ерда маҳаллий “Ню-Йорк Космос” жамоаси сафига бориб қўшилди. У Ню-Йоркликлар таркибида олдингидек сермаҳсуллик намойиш эта олмади. Шунга қарамай ҳужумчи 3 мавсум ичида 107 ўйинда 64 та голга муаллифлик қилди. Пеле Америкада футболни ривожланишига ўз ҳиссасини қўша олди. 1976 йилда “Пепси кола” компанияси АҚШ чемпионатининг мавсум якунларига кўра энг айхши деб топилган футболчисига 10 минг долларлик мул мукофотини жорий этгани ҳам бежиз эмас албатта.
Бразилия терма жамоаси
Пеле Бразилия терма жамоаси сафидаги дебютини 17 ёшида амалга оширди. 1957 йилнинг 7 июльида Аргентина (2: 1)га қарши ўйинда майдонга тушган вундеркинд ўз ҳисобига гол ёзиб қўйишни ҳам уддалади.
1958 йилги жаҳон чемпионатида Пелени бутун дунё тан олди. 18 ёшли йигитча мусобақа давомида 5 та гол киритиб, ўз терма жамоасини илк бора жаҳон чемпиони бўлишида катта ҳисса қўшди.
Пеле 1962 йилги мундиалда терма жамоаси билан иккинчи бора, 1970 йили эса учинчи марта ЖАҲОН ЧЕМПИОНИга айланди. Ҳалигача бирорта футболчи бундай натижани қайд этмаган!
ҚИРОЛ терма жамоадаги фаолиятига эрта якун ясади. 1971 йили 31 ёшли Пеле Бразилия термаси билан хайрлашди. Бу пайтга келиб у ўз юрти термаси учун 92 ўйинда 77 та гол киритиб рекорд ўрнатиб қўйган эди. Бу рекорд ҳам ҳалигача янгиланмасдан келмоқда.
Футболда ташқари
Пеле футбол майдонида тўп тепишдан ташқари яхшигина ёзувчи ҳам ҳисобланади. 1965 йилда у томонидан ёзилган “Мен Пеле” автобиографик китоби нашрдан чиқарилди. Мазкур китобни ўқишни хоҳловчилар шу қадар кўп эдики ўн минглаб саводсиз бразилияликлар ўқиш ва ёзишни ўрганишни бошладилар. Бундан таъсирланган малакат маъданият ва таълим вазирлиги китобнинг машҳур муаллифини эсдалик олтин медали билан тақдирлади.
1970 йилларнинг ўрталарида чиқарилган “Пеле – футбол устаси ва унинг усули” номли ҳужжатли филм 9 та халқаро совринларга сазовор бўлди. У шунингдек “Клон” сериалида ҳам рол ижро этиб, актёрлик қобилайтини намоён қилди.
Фактлар
1. Пеле фаолияти давомида 1363 ўйинда 1281 та гол киритган.
2. У 90 марта “хет-трик”, 30 бора “покер”, 4 марта “пента-трик”ка эришган.
3. 1964 йилда эса “Ботафого” жамоаси дарвозасига 8 та гол киритган.
4. 1959 йили фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумни ўтказган. Ўша йили у 126 та гол урган.
5. 1961 ва 1967 йилларда терма жамоа сафида тўп сурмаган.
6. World Soccer нашри томонидан ХХ асрнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилган.
7. ФИФА версияси бўйича юз йилликнинг энг яхши футболчиси бўлган.
8. МОҚ томонидан ХХ асрнинг энг яхши спортчиси деб эътироф этилган.
9. 1973 йилда жанубий Америка қитъасининг энг яхши футболчиси деб топилган.
10. 14 мавсумда 50 та ва ундан ортиқ гол урган.
Фурқат Юсупов тайёрлади
Манба: www.Furkat.uz
Мозий юлдузлари: Алфредо ди Стефано