Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Ҳаётбахш мағлубият

Баҳо:
+ | -

Одатда, жонсиз жасадни тирилтира оладиган ўта ҳузурбахш лаҳзаларга тарихий ғалабалар эвазига эришилади. Таажжубки, Уэльс терма жамоаси бундай неъматга асосий рақобатчилардан бири - Босния майдонидаги мағлубият (0:2)дан кейин сазовор бўлди. Ҳа, Зеница шаҳридаги «Билино Поле» стадионида Крис Коулман шогирдлари имкониятни бой беришган бўлсада, 25 000 мухлис уларнинг чексиз шодликларига шерик бўлди. Уэльс Швециядаги ЖЧ-58дан кейин илк марта яна йирик мусобақалар иштирокчисига айланди! 57 йиллик интизорликдан сўнг қўлга киритилган йўлланма бахш этган шукуҳни тасаввур қилиш қийин эмас!

- Уэльслик мухлислар жойлашган сектор қаршисида у ёқдан бу ёққа тинимсиз айланиб юрган Крис Коулманнинг ҳаракатларини тушуниб бўлмасди. Ваҳоланки, у устозлик қилаётган терма жамоа Евро-2016 доирасидаги саралаш беллашувларида ўтган йилнинг 13 октябридан бери дастлабки голни қабул қилиб олган ва гуруҳдаги илк мағлубиятини тан олганди. Аммо британиялик мураббийнинг эътибори умуман бошқа ёқда эди: трибуналардан эшитилаётган ҳайқириқларга Коулман ишонишини ҳам, ишонмаслигини ҳам билмасди. «Кипр ғалаба қозонди», «Исроил ўз уйида мағлуб бўлди», «Биз Евродамиз», «Биз Францияга борамиз», «Тарихий воқеа бизнинг гувоҳлигимизда юз берди» мазмунидаги шодон хитоблардан кейин унинг жамоаси ўз тарихида илк марта қитъа биринчилиги йўлланмасини қўлга киритганига мураббий амин бўлди. Шундан кейин ҳиссиётларини жиловлай олмаган Крис шогирдлари томон ошиқди. Афтидан, футболчилар хуш хабардан аллақачон воқиф бўлишган, лекин устознинг бунга муносабатини билмаганликлари учун сукут сақлашаётганди. Мураббийнинг мамнун чеҳраси улар учун туртки вазифасини ўтади: ватандошлари ўтирган сектор сари интилган ўйинчилар майсада қоринлари билан сирпанишди, турли акробатик элементларни бажаришди. Кейин бир-бирларини ўзаро табриклашга киришиб кетдилар - биринчи бўлиб тарихий зафарнинг асосий ижодкорлари - Бэйл билан Коулман ўзаро қучоқлаша кетишди.

Иштирокчилар сонининг 16тадан 24тага оширилгани саралашдаги кескинлик даражасини тушириб юборгани хусусида узоқ баҳслашиш мумкин бўлсада, бунинг Уэльсга тааллуқли ери йўқ. Биринчидан, жамоа йўлланмани ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаш эвазига қўлга киритди: учинчи ўрин соҳиблари ўртасидаги тўқнашув баҳслари уни мутлақо қизиқтирмайди. Иккинчидан, 1958 йилдан бери йирик мусобақаларда томошабин бўлиб келган жамоанинг иштирокчига айланиши ақлдан озиш даражасидаги лаззатни туҳфа этишига ажабланмаса ҳам бўлаверади. Аслида, Уэльс Кипрнинг кўмагисиз ҳам ўз мақсадига бемалол эриша оларди. Бунинг учун Босниядан йирик ҳисобдаги мағлубият билан қайтмаслиги ва сўнгги турда Андоррадан бир очко тортиб олиш кифоя эди. Шунда Исроил ўзаро учрашувлар натижасига кўра, қуйи поғонада қолиб кетарди. Бироқ табиийки, Уэльс 57 йилдан бери орзиқиб кутилаётган йўлланмани иложи борича тезроқ нақд қилиш орзусида эди.

«Бугун ҳаётимдаги ўта ёқимли мағлубиятга гувоҳ бўлдим. Йирик халқаро турнирда тўп суришни болалигимдан орзу қилганман. Уэльс терма жамоаси ўйинчилари майдонда ака-укадек аҳил тўп суришди. Тўпни йўқотиб қўйган кезларда уни қайтариб олиш учун бутун жамоа билан интилдик», - деди Бэйл қувончини яшира олмай, Рэмсининг кайфияти ҳам жамоадошиникидан кам эмасди: «Мен ўзим, жамоадошларим, ватаним ва унга алоқадор барча кишилар билан фахрланаман. Ниҳоят, биз ўз мақсадимизга етдик». Саралаш босқичидаги сўнгги нуқтани Крис Коулман қўйди, албатта: «Авваллари бизга қандайдир бир ёки ярим қадам камлик қиларди. Бу гал вазифани уддаладик»

Бироқ ўша унутилмас оқшомда муваффақиятнинг асосий сабабчи - Крис Коулмандан кўра кўпроқ бошқа бир инсонни тилга олишди - ватандошлар кўзларида ёш билан Гэри Спидни хотирладилар. Ўз вақтида, «Лидс», «Эвертон», «Болтон», «Шеффилд Юнайтед» ва Уэльс терма жамоалари шарафини ҳимоя қилган собиқ ярим ҳимоячи кейинчалик миллий терма жамоага устозлик қилганди. Уни 2011 йилнинг 27 ноябрь куни ўз уйидан осилган ҳолда топишди. Сирли ўлим ўшанда миллионлаб кишиларни карахт ҳолга солиб қўйганди. «Бу инсоннинг кўнгли бугун фахрга тўларди. Крис Коулман, терма жамоа аъзолари ва Уэльс футболига алоқадор барча шахсларни тарихий натижа билан самимий табриклайман!» - Гэри Спид фотосуратини Instagramга жойлаган Дэвид Бекхэмнинг табриги шундай бўлди. Коулман ҳам ўзининг оташин нутқида касбдошини эслаб ўтди: «Биз қайд этган фантастик саралаш турнирида Гэри Спид ҳам иштирок этгани аниқ. Ишончим комилки, ҳозир у самодан жилмайиб турибди». Марҳум мутахассиснинг отаси - Рожер Спид томонидан билдирилган фикрлар ўта таъсирчан чиқди:

«Бугун ҳайратдаман. Уэльс ниҳоят мақсадига эришди. Гэри номини бу ердагиларнинг барчаси - ўйинчилар, мураббий ва мухлислар қайта-қайта тилга олишлари кўнглимни тоғдек кўтарди. Бир ой муқаддам Кардиффдаги Исроилга қарши ўйин­ни кузатгандим. Ўша оқшомдаги мафтункор муҳитга аввал ҳеч дуч келган эмасман. Мухлислар Гэрининг севимли қўшиғини такрор ва такрор ижро этишди. Кейин менинг номимни хитоб қилишди. Коулман - юксак шарафга муносиб. Гэрининг ишини давом эттириш унга осон бўлмагани аниқ. Ўзим инглиз бўлсамда, ўғлимнинг ҳурмати юзасидан Уэльс терма жамоасига мухлислик қиламан. У юқоридан бизни кузатиб тургани ва муваффақиятимиздан мамнун эканига шубҳа қилмайман».

Содиқ Собир тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 20:00, 26.10.2015.
Ўқилди: 3598 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.