Агар Польша термаси Евро-2016га асосан сермаҳсул ўйини эвазига йўл олган бўлса, руминияликлар мустаҳкам ҳимоя ҳисобига олий мақсадга эришдилар. Эътибор беринг, Польша ва Украина майдонларида бўлиб ўтган қитъа чемпионатини ўтказиб юборган Руминия миллий жамоаси бутун саралаш давомида атиги 2та гол қўйиб юборди. Хуллас, руминияликлар генерал Ангель Иорданеску ўрнатган тартибли ўйин натижасида саралашни мағлубиятсиз тугатишди, худди Англия, Италия ва Австрия термалари каби.
Францияни 2 бора забт этган генерал
Генерал Иорданеску (у ҳарбий унвонни армия клуби - «Стяуа»да ишлаган пайти олган) Руминия термасини илк марта бошқарганида, шогирдлари билан ЖЧ-98 саралаш босқичини омадли босиб ўтганди. Иорданескудан сўнг жамоани Виктор Пицуркэ қабул қилиб олди. У социалистик тузум пайти қимор ўйинларидаги иштироки сабаб, румин қамоқхонасида ўтириб чиққан, аммо кейинчалик «Стяуа»даги хизматлари эвазига полковник унвонини олганди. Иорданеску эса кейинчалик миллий жамоага яна 2 марта қайтди. Биринчисида руминларни Евро-2004 финал раундига олиб чиқишга уринди, аммо нафақат ўша турнир саралаши, балки ЖЧ-2006 йўлидаги илк ўйинларда ҳам омадсизликка учради. 2007
йили генерал футбол қўмондони сифатида истеъфога чиққандек кўринди. Аниқроқ айтсак, социал-демократлар партиясидан парламентга сайланган Ангель бобо нақ 7 йил сиёсат билан шуғулланди. 2014 йилга келиб эса, истеъфодаги генерални яна футбол хизматига сафарбар этишди. Натижада у иккинчи марта Францияни забт этди. Тўғрироғи, шу мамлакатда ўтадиган йирик турнирга яна йўл очди.
9 нафар ишсиз
Руминлар охирги саралаш кампаниясини Пицуркэ раҳбарлигида бошлашди, бироқ бу мураббий 3-ўйиндан сўнг ишдан кетди. Йўқ, салбий натижалар сабаб эмас. Зеро, руминлар унинг бошқарувида 9 имкониятдан 7 очко тўплашганди. Шунчаки, Пицуркэ Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубидан ўта манфаатли таклиф олди. Натижада қария Иорданеску ўтган йилнинг октябрида бир йиллик келишув асосида иш бошлади. Ўша вақт Руминия футболининг умумий ҳолати ўта таҳликали эди. Дейлик, Иорданескунинг илк рўйхатига тушган 25 нафар футболчидан нақ 9 нафари ишсиз юрганди. Яъни ҳеч қандай клуб билан шартномага эга эмасди. «Бунақасини тасаввур қилиш ҳам қийин, аммо биз терма жамоага ишсиз футболчиларни жалб этишга мажбурмиз», - дея нолиганди Иорданеску. - Боз устига, 18 нафар ўйинчини хориждан чақиряпмиз. Ҳеч қачон маҳаллий ва легионер футболчиларимиз ўртасида бунчалик катта фарқ сезилган эмасди». Мураббий ўша пайт Руминия клуб футболи орқага кетганини рўй-рост айтганди: «Бу ерда 11 йил олдин ишлагандим. Ўшанда бизнинг футболчилар еврокубоклардан бунчалик эрта чиқиб кетмасдилар. Бугунги кунда эса Руминия термаси асосини катта лигаларнинг кичик клубларида ўртамиёна ёки захирачи ҳисобланган футболчилар ташкил этишмоқда...». Лекин ўтган йили руминлар миллий жамоаси нақ 3 ой давомида ФИФА рейтингида кучли 10талик қаторида ушланиб турди. Иорданеску бошқарувида эса жамоа ҳаттоки, 7-ўринга ҳам кўтарилди (охирги 18 йилдаги энг яхши натижа). Тўғри, руминлар кейинчалик нисбатан пастга тушишди ва ҳозир 13-қаторда қайд этилишган. Эътиборли жиҳат, руминлар 2014 йилнинг июнь ойидан буён мағлубият нималигини билишмаяпти. Ўшанда жамоа Жазоирга қарши ўртоқлик баҳсини бой берганди.
10та ўйинда атиги 2та гол
Евро-2016 саралашида қатнашган жамоалар орасида энг мустаҳкам ҳимоя айнан Руминия термасига тегишли. Ҳарқалай, натижага қарасак, шундай. Пицуркэ - Иорданеску жамоаси 10та ўйинда атиги 2та гол қўйиб юборди - венгрлар ва финнлардан. Шунга асосан айтсак, Юлиан Кирикеш-Штефан Грегори тандеми қитъадаги энг ишончли ҳимоя боғлами мақомига муносиб. Фахрий Рэзван Рац чап, Пауль Папп эса ўнг томонда бехато ўйнамоқда. Ушбу конструкцияга «Фиорентина» голкипери Чиприан Тэтэрушану жуда мос тушмоқда. Тўғри, Иорданескунинг айтишича, қўл остидаги жамоанинг энг устун томони - бу тўпни назорат қилиш.
Битта оиладан 3 нафар кипер
Руминия термаси захира посбони - Силвиу Лунг. У миллий жамоада 77та ўйин ўтказган, жумладан, Евро-84 ва ЖЧ-90да жамоага сардорлик қилган катта Силвиу Лунгнинг ўғлидир. Кичик Лунгнинг бўйи отасиникига нисбатан 5 сантиметр паст ва ҳозирча миллий термада 3-даражали посбон мақомидан юқорига кўтарилолмаяпти. 1-рақам - шубҳасиз, Тэтэрушану, иккинчи рақам - «Сандерленд» вакили Костел Пантилимон. Лунглар оиласида эса яна бир дарвозабон бор - кичик Силвиунинг тўнғич акаси Тибериу. Эътиборлиси, у ҳам миллий жамоада бир неча марта ўйнашга улгурган.
Яна бир петарда
Шимолий Ирландия ва Руминия миллий жамоалари ўртасида Белфастда бўлиб ўтган ўйин чоғи худди Подгорица (Черногория-Россия ўйини)дагига ўхшаш воқеа кузатилди: трибунадан улоқтирилган файер бир кишини жароҳатлади. Тўғри, Черногориядагидан фарқли ўлароқ, ўйин тўхтатилмади ва ҳеч кимга мағлубият ёзилмади. Чунончи, ўйин иштирокчилари эмас, балки майдон четида турган суратчи жабр чекканди. Хуллас, файер тўғри учиб келиб, йиғма стулда ўтирган Даррен Киддга тегди. Аниқроғи, унинг бўйнига. Натижада суратчининг қўли куйди. Яхшиямки, петарда мухбирнинг оёғи остида портлади. Акс ҳолда, у жиддий жароҳатга йўлиқиши ҳеч гап эмасди. Тўғри, шунда ҳам, бечора фотограф маълум муддатга эшитиш қобилиятини йўқотди.