«Бавария» клубининг собиқ ярим ҳимоячиси Марио Баслер ўзига хос характерга эга. Мана, у яқинда берган интервьюсида севимли жамоасидан қанчалик ҳайратланишини яққол намоён этди. Яъни клубни 3та жумла билан таърифлаб, яна рақибларга ачиниш ҳиссини билдирди. Ҳарқалай, Баслернинг айтишича, фақат 4та ҳолатда «Бавария»ни тўхтатиш мумкин экан.
Баслернинг «Бавария»га берган 3та таърифи
1. «Ҳозирги «Бавария» - орзудаги ҳурлиқо аёл. Унинг дийдори, яъни ўйинига ҳеч қачон тўймайсан».
2. «Ҳозирги «Бавария» - бу жўшқин сой. У ҳеч қачон тўхтамайди».
3. «Ҳозирги «Бавария» - бу йил давомидаги 300 кунлик таътил».
«Бавария»ни Қандай тўхтатиш мумкин?
Марио Баслернинг айтишича, 4та ҳолатда мюнхенликларни тўхтатиш иложини топиш мумкин экан:
- Қайсидир рақиб ҳозирги «Бавария»га бас келиши мумкин-ми? Ҳа, лекин бунинг учун ўзига хос шартлар керак.
1. «Бавария»нинг ҳар бир голидан сўнг мюнхенликлардан кимдир майдонни тарк этади - алмаштирув ҳуқуқисиз. Шундай ҳолатда дейлик, «Боруссия» 1:5 ҳисобидан сўнг қандайдир имконият ҳосил қиларди. Ҳарқалай, назарий томондан...
2. «Бавария»нинг бошланғич таркибида ҳар доим ХХ асрда довруғ қозонган ва фамилияси «Б» ҳарфи билан бошланадиган фахрийлардан бири майдонга тушиши керак: Беккенбауэр, Брайтнер, Бреме, Байерлорцер, Бернардо, Бумменигге... Шундай қизиқарли қариялар гуруҳи рақибларга оз-моз устунлик беради ва улар майдонда нисбатан эркинроқ тўп суришади.
3. «Бавария»нинг собиқ футболчилари ва ТВ-экспертлар - Кан, Шолль, Штрунц, Хелмер, Маттеус, Хаманн, Беккенбауэр, Бертольд, Тон ва Баслер ҳар бир ўйинни стадионнинг ўзида шарҳлаб боришлари керак. Бу мюнхенликларга халақит беради, чунки уларнинг қулоқларидан қон оқади. Ҳаттоки, Дуглас Коста, Коман ва бошқа янги футболчилар ҳам, гарчи немис тилини тушунишмасада, ақлдан озишади.
4. Буниси энг осони - шунчаки, Клинсманни бош мураббий лавозимига қайтариш лозим.
Баслер ва унинг характери ҳақида нималарни билиш керак
1. Баслер 1996-1999 йиллар оралиғида «Бавария»да тўп сурган ва ўз даврининг энг бақувват ярим ҳимоячиларидан бири саналган. У Мюнхенга кўчиб ўтгунича «Вердер»да етакчилик қилган ва бир мавсумда 20та гол уриб, яна 12тасига ассистентлик қилганча Германия терма жамоасида ўйнаш даражасига етган. Бундестим таркибида эса, Евро-96 ғолибига айланган. Баслер айниқса, стандарт вазиятларнинг моҳир ижрочиси эди. Дейлик, мавсум-1994|1995да бурчак зарбасидан 2 марта тўғридан-тўғри дарвозани ишғол этган. 1998 йили эса 89-дақиқада жарима зарбасини қойилмақом даражада бажариб, «Бавария»га Германия кубогини тортиқ этган. ЧЛ-99нинг буюк финалида «Бавария»нинг ягона голини ҳам айнан Баслер урганди, яна жарима зарбасидан.
2. Баслернинг абадий юлдуз бўлишига унинг муросасиз характери ва салбий одатлари халақит берган. Марио - кашанда, ичувчи, қимор ўйинлари устаси... Шу боис, мудом клублари раҳбарияти билан келишолмасди. Ҳаттоки, навбатдаги «ҳунар»ларидан бири туфайли терма жамоадан ҳам ҳайдалган. Дейлик, 1998 йилнинг баҳорида «Бавария» алоҳида ходим (худди шахсий детектив)ни ишга ёллаб, унга Баслернинг ўйин ва машғулотлардан кейинги юриш-туришини назорат қилиб боришини тайинлайди. Бу ҳақдаги хабар Bild нашрининг 1 апрель куни чиққан сонида ёритилади ва ҳазилга ўхшаганди. Бироқ клубнинг бош менежери Ули Хёнесс барчасини тасдиқлайди: «Ҳа, рост хабар. Баъзан ёш кишиларни кузатув остига олиш талаб қилинади - бунда ҳеч қандай ғайритабиий томони йўқ».
3. Баслер доимий кўнгилхушлик кечаларига қарамай, ақл бовар қилмас даражада яхши ўйнашни уддалаган. Бироқ 1999 йилга келиб, кун тартибига риоя этмаслик муаммоси барибир, ўз сўзини айта бошлаган. Натижада «Бавария» ноябрь ойида Мариони «Кайзерслаутерн»га сотиб, ундан қутулгани учун хурсанд ҳам бўлган. Чунончи, Баслер август ойида клубдан Штефан Эффенбергникига тенг миқдорда маош талаб қилган. Кейин эса, бундеслига доирасидаги ўйинга 2 кун қолганида туни билан спиртли ичимликлар истеъмол қилгани учун жаримага тортилган. Октябрь ойида Мюнхен ресторанларидан бирида рўй берган воқеа Оттмар Хитцфельднинг сабр косасини тўлдирган: Баслер яна алкоголь таъсирида вино шишасини бошида айлантиришга уринган, боз устига, катта стол устига қўйилган стулга ўтириб олганча. Муассаса ходимларидан бири эса, унинг бу томошасини суратга туширишга уринган. Бироқ ходимнинг уриниши зое кетган - Марио жаҳл отига миниб, катта жанжал кўтарган. Охир-оқибат, барчаси полициянинг аралашуви билан хотима топган.
Сўз
- Менга «Бавария»нинг «гегемон»лиги ёқади. Майдон четидаги Гвардиола ва унинг ичидаги Ламнинг аниқ ҳаракатларини кузатиб чарчамайман. Мюллернинг қуввати, Дуглас Костанинг ҳаракатчанлиги, Левандовскининг гол уриш иштиёқидан шунчаки, ҳайратдаман. Мабодо Пеп мендан ушбу жамоада ўйнашни хоҳлаш-хоҳламаслигимни сўраса, «Йўқ», дея жавоб берардим. Чунки ҳозирги «Бавария» ўйинини томоша қилиш анча мароқлироқ. Марио Баслер.
Баслер ҳақида 4та ёрқин ибора
1. «Баслер - ажойиб йигит, фақат пивохонага киргунича...». Ули Хёнесс.
2. «Менинг турмуш тарзим ҳеч қачон яхши бўлмаган. 50 фоиз футболчи мени кўролмасди. Фанатлар хусусида ҳам шундай дейиш мумкин: уларнинг ярми мени қайтиш чиптасисиз Ойга жўнатишга тайёр турарди». Марио Баслер.
3. «Мен одамларнинг зерикишларига йўл қўймайман, аксинча, уларга кўнгилхушлик онларини таъминлайман». Марио Баслер.
4. «Марио бир ўтиришда 5 шиша пиво сипқориш ёки 10 дақиқа ичида бир қути Marlboro тутатиш ўрнига мураббийларга қулоқ тутса яхши бўларди. У ўзига берилган мислсиз иқтидордан жуда-жуда оз фойдаланди». Руди ФЁЛЛЕР.