Олий лиганинг 29-турида «Олмалиқ» жамоаси ўз уйида «Бун-ёдкор»ни қабул қилди. Учрашувда томонлар 1:1 ҳисобида дурангга рози бўлдилар. Айтиш жоизки, «қалдирғочлар» Олмалиқда кечадиган баҳсларда доимо қийинчиликларга дуч келишган. Бу галги қарама-қаршиликда ҳам мана шундай ҳолат юз берди. Эътиборлиси, мавсумнинг биринчи қисмини меҳмонлар сафида ўтказган ҳимоячи Обид Жўрабоев мазкур ўйин-да собиқ жамоасига қарши тўлиқ ўйнади. Бунгача Игорь Шквирин уни захирада қолдираётганди. Учрашув поёнига етганидан сўнг «кончилар» мудофаа чизиғи вакили билан суҳбат қурдик.
- «Бунёдкор»га қарши кечадиган учрашувлар доимо қийин бўлиб келган, - деб гап бошлади Жўрабоев. - Чунки чиндан ҳам чемпионатимизнинг кучли жамоаларидан биридир. Шунга қарамай, «Олмалиқ» уйда тўп сураётганлигини инобатга олиб, ғалаба учун майдонга тушди. Дарвозамиздан тезкор гол олиб чиққан бўлишимизга қарамай, иккинчи бўлимда ташаббусни бериб қўймай, имкониятларимизни ишга солишга интилдик. Битта бўлсада, очко олдик. Аслида «Бунёдкор»ни ютишни жуда ҳам истагандик. Шу орқали очколаримиз сонини кўпайтириб олмоқчи эдик.
- 1:1 ҳисоби ўйинга мос натижа бўлди, дея оласизми?
- Рости, иккала томонда ҳам бир қатор голга тортадиган вазиятлар содир этилди. Айниқса, бўлимнинг иккинчи қисмида ташаббусни кўпроқ ўз томонимизда ушлаб туриш учун курашдик. Лекин гол уриш қийин бўлди. Бунга рақиб жамоа ҳимоячилари ҳам йўл беришмади. Умуман олганда, жамоавий ўйинимиз билан шу куни ғалабага лойиқ эдик. Имкониятимиздан келиб чиқиб ҳужум ташкил қилдик. Самара бўлмади. 1:1 ҳисоби қайд этилган бўлса-да, хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ.
- «Бунёдкор» сиз учун бегона эмас. Биринчи даврада айнан шу жамоада тўп сургандингиз. Собиқ жамоага қарши ўйинда Игорь Шквирин сизни майдонга туширишини кутганмидингиз?
- Ҳар бир мураббий кимни майдонга туширишни ўзи танлайди. Биз эса ҳар қандай вазиятга тайёр туришимиз лозим. «Бунёдкор» билан баҳсда мени майдонга туширганини катта ажабланиш билан қарши олганим йўқ. Бу албатта, жамоа устозининг қарори. Мен эса майдонга чиқиб, мураббийнинг ишончини оқлаш учун тўп сурдим. Демоқчиманки, Шквирин собиқ жамоамга қарши ўйинда менинг имкониятларимга катта баҳо берди.
- Сўнгги вақтларда «Олмалиқ»нинг ишончли ўйин кўрсатишига нимадир ҳалақит беряптими?
- Ғалаба қозониш учун астойдил курашяпмиз. Сир эмаски, жамоа олдига юксак мақсад - Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси юклатилганди. Лекин буни бажариш жараёнида қатор қийинчиликлар кузатилди. Биринчи даврада жамоада бўлмаганим боис, натижаларнинг салбий тус олишига нима сабаблигини билмайман. Иккинчи даврада ўтказаётган ўйинларимизда нимадир етишмасди. Вазиятлар яратилмоқда. Голлар урилмоқда. Аммо ғалаба қозонишимиз учун нимадир тўсиқ бўлаётгандек. Умуман «Олмалиқ» ёмон ўйнамаяпти.
- Илгари «Олмалиқ»да тўп сурган вақтингизда доимий равишда асосий таркибда майдонга тушардингиз. Бу галги қайтишингиз негадир ўзини оқламаяпти?
- Билмадим. Мураббий мени нима сабабдан асосий таркибда кам тушираётганлигидан бехабарман. Унинг олдига бориб, нима учун майдонга чиқармаяпсиз деб сўролмайман. Ким яхши ҳолатда бўлса, ўша футболчи майдонга чиқади. Менинг бугунги кундаги ҳолатим ўзимга манзур бўлмоқда. Ҳеч қандай камчилик сезаётганим йўқ. Балким, мураббийга спорт ҳолатим ёқмаётгандир. Буниси менга қоронғу. Нега кам ўйнаётганимни очиғи билмайман.
- «Бунёдкор»да бир муддат тўп сурдингиз. Таассуротлар қандай бўлди?
- Авваламбор, мана шундай кучли жамоадан таклиф тушганидан хурсандман. Осиё Чемпионлар Лигасида тўп суриш насиб қилди. Умуман олганда, жамоада ҳаммаси яхши кетаётганди. Тўғри, менга ҳам имконият берилди. Баъзида захирада қолиб кетдим. Бошқа вақтлари асосий таркибда тўп сурдим. Ярим давра ўйнаганимга қарамай, катта таассуротлар билан қайтдим. Ҳар ҳолда кучли жамоа сафида ўйнаш орқали ўзимга бўлган ишончимни ортди. Бир сўз билан айтганда, менга барчаси манзур бўлди.
- Бу клубда қисқа вақт тўп сурганингиз учун афсусланмадингизми?
- Футболнинг ёзилмаган қонунлари бор. Кимдир бошқа жамоага ўтса, кўпроқ ўйнайди. Яна кимлардадир камроқ имконият бўлади. «Бунёдкор»да ўйнаш насиб қилганидан хурсандман. У ерда яна қачондир тўп суриш имконияти юзага келишини билмайман. Фаолиятимдаги яхши дамларнинг ҳаммаси олдинда, деб ҳисоблайман. «Бунёдкор»да кам ўйнаганимга қарамай, афсусланмадим.
- Келгуси йилда ҳам «кончилар»сафида қоласизми ёки кетиш истаги борми?
- Сўнгги турни ўтказиб олганимиздан сўнг барчасига ойдинлик киритилади. Таклифлар бор. Бир нечта клублар қизиқиш билдиришмоқда. Лекин айни пайтда уларни ўйлайдиган вақт эмас. Мавсум тугаганидан сўнг, кейинчалик ўйлаб кўрилса яхши бўларди.
- Сўнгги турдан нималарни кутяпсиз?
- Албатта, ғалаба қозонмиқчимиз. Шу тариқа мавсумни юқори кайфиятда якунлаш истаги бор. «Динамо» билан қийин баҳс бўлади. Лекин ютишга ва очколаримиз сонини кўпайтириб олган ҳолда, таътилга чиқишни хоҳлаймиз. Ўйлайманки, «Олмалиқ» футболчилари бундай вазифани бажаришнинг уддасидан чиқишади.
Аваз НУР суҳбатлашди