Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Нега Самарқанднинг “Динамо”си олий лигани тарк этди?

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон, Тошкент, 12news.uz – Ўзбекистонда ўз ўрни, ўз салоҳиятига эга Самарқанди азимнинг футбол ишқибозлари келгуси йили мамлакат чемпионатининг олий лигаси жамоалари ўйинини томоша қилишдан маҳрум бўлишди. “Динамо”чиларнинг ўта масъулиятсизлиги туфайли жамоа бу йилги биринчиликда охирги ўринни эгаллаб, олий лигани тарк этадиган бўлди.

Футбол мухлислари 20 ноябрь куни ўтказилган охирги ўйингача, аниқроғи, ўйиннинг охирги дақиқасигача вилоятнинг олий лигадаги ягона жамоаси ўз мавқеини сақлаб қоладими ёки йўқми деб, юракларини ҳовучлаб юришди. Айнан ана шу охирги ўйиннинг сўнгги сониясида ўтказиб юборилган гол жамоанинг ўн минглаб мухлисларини ноумид қилди.

Нега шундай бўлди? Нима учун мавсум давомида дурустроқ ўйин кўрсата олмаган жамоа фаолияти ўз вақтида мутасаддилар томонидан мутахассислар иштирокида жиддий таҳлил қилинмади? Бу ва шунга ўхшаш кўплаб бошқа саволлар ўз жавобини кутмоқда.

“Олмалиқ” жамоаси билан бўлган ўша охирги учрашувдан чиқиб кетаётган ишқибозларнинг аҳволини бир кўрсангиз эди! Мавсум давомидаги суст ва бўлмағур ўйинига қарамасдан, ҳақиқий ишқибозлар “Динамо” стадионида йиғилиб, жамоага  қанчалик содиқ эканликларини исбот этдилар. Аммо уларнинг сўнгги умидлари пучга чиқди.

Ишқибозларнинг ғазаби фақат ўйинчиларга эмас, балки футболчилар учун керакли шароитни муҳайё қилмаган Самарқанднинг футбол  мутасаддиларига, вилоят ва шаҳар раҳбарларига қаратилган эди. Аксарият бир-биридан турли корхона, ташкилот, муассасалар ва тадбиркорларнинг ҳисоб рақамидан ўтказилган, ишчи ва ходимларнинг ойлик маошларидан футболга деб ушлаб қолинган маблағлар нега иш бермаганлигини сўрашарди. “Натижа қани”, деган дардли сўроқ бот-бот янграрди.

Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Самарқанд ва самарқандликлар” гуруҳи аъзоларининг мавзу атрофида ўз фикрларини алам билан баён этганликлари “Динамо”нинг олий лигани тарк этганлиги жамоатчилик томонидан қанчалик салбий қабул қилинганлигининг яққол мисолидир. Қуйида ана шу фикларнинг айримлари келтирилган.

Хайрулла Мамасолиев: “Ўйнай олмайдиган футболи учун бутун бошли марказий кўчани ёпиб, шаҳарнинг ярим аҳолисини сарсон қилишнинг жазоси бу! Шахсан мен хурсандман. Биринчи лигани тарк этса, битта хўроз сўяман”.

Искандар Абдуллаев: “Бунақа ўйнашидан ўйнамагани маъқул”.

Ислом Алиев: “Ўйинчиларга ҳақ тўланмайди. Уларнинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор. Шундай экан, ким текинга ўйнайди?”.

Боб Сад: “Пул тўланган вақти зўр ўйнаган эдими? Ҳар йил бир хил гап: (олий) лигада қолиш учун курашамиз. ПФЛнинг 70 фоиз ўйини келишилган”.

Бунга жавобан Ислом Алиев яна давом эттиради: “бир ой тўласа, уч ой тўламайди, дублёрда ойлик 350 минг сўм. Бунақа пулга ким ўйнайди”.

Олим Пардаев Самарқанднинг кўзга кўринган футболчилари Геннадий Ичевский, Шариф Файзиев, Илҳом Шарипов, Олим Тиллаев, Анвар Ғофуровларни эслаб, умид билан шундай дейди: “Динамо” тарихий қадриятларга эга жамоа, ҳозир у сал пасайди, лекин кўтарилганда, бошқалар эҳтиёт бўлсин”.

Футбол ишқибозлари Самарқанддан олий лигада жамоанинг бўлмаслиги шаҳар ва бутун вилоят шаънига тўғри келмаслигини уқтиришмоқда. Бунга жавобан мутасаддилар нима дейишаркин?

 

Муаллиф: Тошпўлат Раҳматуллаев

 

Манба: 12news.uz
Киритилди: 21:18, 22.11.2015.
Ўқилди: 6120 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.