Гарчи Самарқандда туғилган бўлсада, фаолиятининг асосий қисмини Қаршининг «Насаф» клубида ўтказган Илҳом Юнусов майдонда борини бериб ўйнашга тайёр футболчилардан саналади. Меҳнаткаш ярим ҳимоячи биз билан суҳбатлашар экан, эришган муваффақиятлари, камчиликлари ва тўп сурган жамоаларидаги мухлислари ҳақида гапириб берди.
- «Динамо» мавсумни кўнгилдагидек ўтказа олмади. Сизнингча, Самарқанд клубининг ижобий натижа қайд этишига нима тўсқинлик қилди?
- Жамоа мавсумни янги таркиб билан бошлади. Иккинчи сабаб эса омад билан боғлиқ. Ваҳоланки, клубда ҳамма шарт-шароитлар муҳайё, муаммолар деярли йўқ.
- Шундай мураккаб вазиятларда жамоа сардори шерикларини қандай руҳлантириши керак?
- Тўғри, «Динамо» сардорлигини менга топширишди. Бундай шарафли мақом барчага ҳам раво кўрилавермайди. Жамоамизга қўлимдан келганча ёрдамлашдим.
- «Динамо»га қайси рақиб кўпроқ ноқулайлик туғдирди?
- Айни дамда рақиб танлашга ҳаққимиз йўқ, чунки ҳозир оғир аҳволдамиз. Фақат 100 фоизли натижа учун ўйнашимиз керак.
- Қайси футболчини идеал деб биласиз?
- Ўсмирлик пайтимда Зайниддин Зиданнинг ўйинларидан завқ олардим.
- Оила аъзоларингиз ўйинларингизни кузатгани стадионга ташриф буюришадими?
- Албатта, деярли барча учрашувларга келишади. Уларнинг стадионда борлиги менга руҳий далда беради.
- Муваффақиятларингиз ва ўз навбатида, камчиликларингиз ҳақида гапирсангиз.
- Ютуқларимни фақат меҳнатларим якунида сарҳисоб қиламан. Камчиликларимга тўхталсам, деярли ҳар бир ўйинда уларни бартараф этишга интиламан.
- Бу ўйингиз пастлиги ўйин пайтида панд берганми?
- Тўғри, бўй масаласида қийинчиликка учрайман. Лекин шуни унутмайликки, Лионель Месси ҳам шундай бўйга эга бўла туриб 5 марта «Олтин тўп»га эга чиққан.
- Ўзбекистон МТЖда тўп сурган пайтларингизни ёдга олсак...
- Терма жамоа либосини фақат бир марта кийганман. Балки шу сабабдан эсга олинадиган вазиятлар камроқдир. Вьетнам терма жамоасига қарши баҳсда 1:0 ҳисобига устун келганмиз. Ўша учрашувда 38 дақиқа ўйнаганман.
Маълумот учун:
Туғилган санаси: 1982 йил 3 май
Туғилган жойи: Самарқанд шаҳри
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Вазни: 60 кг., Бўйи: 165 см.
Ўйнаган жамоалари: «Бухоро» - 2001-2009, «Динамо» - 2009-2011,2015, «Насаф» 2011 - 2015...
Ютуқлари: 2011 - Ўзбекистон чемпионати кумуш медали совриндори; 2013 - 2014 - Ўзбекистон чемпионати бронза медали совриндори; 2011 - ОФК кубоги соҳиби
- «Буxоро», «Насаф», «Динамо»да тўп сургансиз. Хўш, қайси клубдаги фаолиятингиздан кўнглингиз тўлган?
- Фаолиятимнинг энг ёрқин дамларини «Насаф»да ўтказганман.
- Учта шаҳардаги ишқибозлар ва мухлислик маданияти ҳақидаги фикрингиз билан ўртоқлашсангиз...
- Бу масалада ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ. Мухлислик маданияти аъло даражада, маҳаллий ишқибозлар бирдек қўллаб-қувватлашади, оғир дамларда жамоага далда бўлишади.
- «Насаф»даги ўйинларингиз мухлис ва мутахассислар томонидан ижобий баҳоланган. Қаршидаги фаолиятингиз ўзингизни ҳам қониқтирганми?
- Албатта, олий лигада «Насаф»га ўхшаш клублар кўпайса, рақобат янада кучаярди. Қаршида ўйинларимдан ҳар томонлама қониқиш ҳосил қилганман.
- Рўзиқул Бердиев ҳақида нима дея оласиз?
- Уни олий лиганинг энг кучли мураббийларидан бири, деб ҳисоблайман. Бердиевни барча бирдек ҳурмат қилади, ўзига яраша мавқега эга. Ҳамма билан бир хил муносабатда бўлишга интилади.
- «Насаф»нинг етакчи футболчиларидан бирига айланганингизни ўзингиз ҳам ҳис этгандирсиз?
- Йўғ-э, етакчи эмасдим. Чунки «Насаф»да ҳар бир ўйинчининг ўз ўрни бор. У ёшми ёки аксинча, фарқи йўқ, барчанинг мавқеи бир хил даражада. Мен ҳам улар қатори жамоамга фойда келтиришга ҳаракат қилганман.
- Статистикалар «Динамо»га қарши ўйинларда кўп голлар урганингизни кўрсатмоқда. Хўш, бунинг сири нимада? Ёки самарқандликларга қарши баҳсга ўзгача тарзда ҳозирланармидингиз?
- Йўқ, ҳар бир ўйинга бир хил тайёргарлик кўрганман. Бу - футбол, унда ҳар хил вазиятлар учрайди. Тўғри, олдин ҳам «Динамо» дарвозасига голлар урганман. Менимча, бу ҳолат омад билан боғлиқ.
- Қадрдон шаҳрингиз шарафини ҳимоя қилувчи жамоа сафига қўшилишингиз қандай амалга ошди?
- «Динамо»га ўтишимни кутмагандим. Барчаси бирданига рўй берди.
- Келаси мавсум учун режаларингиз...
- Бу ҳақда жорий чемпионат якунланганидан сўнг ўйлаб кўраман.
Акмал ЭШОНХОНОВ суҳбатлашди