Хабарингиз бор, Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси 2015-йилги мавсумни 5-поғонада тугатди. Фарғоналиклар мавсум давомида бир қатор етакчи жамоаларни ҳам мағлуб этиб, ўз мухлисларини хурсанд қилишди. Аммо Олий Лига-2015 якунида “Нефтчи” “кучли тўртлик”ка кира олмади.
Иккинчи давра аввалида “Бухоро”дан “Нефтчи” сафига келиб қўшилган Отабек Исроилов ҳам бир қатор масъулиятли ўйинларда жамоасига ўзининг фаол ҳаракатлари билан ёрдам бера олди. Биз тажрибали футболчидан мавсум таассуротларини сўрадик.
- Бир сўз билан айтадиган бўлсам, 2015-йилги мавсум жуда ажойиб тарзда ўтди. Зеро чемпионлик учун кураш охиригача давом этди. Олий Лигада тушиб кетадиган жамоалар номини ҳам фақатгина сўнгги турга келиб билиб олдик. Бу эса чемпионатимизда ўсиш кўзга ташланаётгандан далолат, менимча. Чиндан ҳам бу йил мавсум давомида кўплаб шиддатли ўйинлар гувоҳига айландик. Ҳар бир жамоа ўйинларда имкон қадар кўпроқ очко олиш учун ҳаракат қилди.
Ўзим тўғримда гапирадиган бўлсам, мавсумни “Бухоро” сафида бошлагандим. Сўнгра давралар оралиғида “Нефтчи” таркибига келиб қўшилдим. “Нефтчи”га жуда тез киришиб кетдим. Зеро бу жамоа менга бегона эмас. Қолаверса, бунда жамоадаги ички муҳитнинг ҳам аъло даражада экани муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Менимча, “Нефтчи” мавсумни ёмон ўтказмади. Жамоа бир қатор кучли рақибларни ҳам мағлуб этди. Аммо сўнгги турларда бироз омадсиз ўйин кўрсатдик ва натижада 5-ўриндан жой олдик. Аслида мақсад – чемпионлар лигасига йўлланма олиш эди. Энди бу мақсадни келаси йилга қолдирамиз. Ҳозирда жамоага қисқа таътил берилган. Декабрдан келаси мавсум учун тайёргарлика киришамиз. Умид қиламанки, 2016-йилги мавсумга яхши ҳозирлик кўриб, йил давомида ўз ишқибозларимизни чиройли ўйинлар билан хушнуд этамиз, - дейди маҳоратли футболчиSPORTS.uzинтернет-порталига.