Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳамда "Пахтакор" клуби ярим ҳимоячиси Станислав Андреев бугун SPORTS.uz портали меҳмони бўлди.
Станислав Андреев порталимиз муҳбири билан суҳбати давомида якунига етган Олий Лига баҳслари, терма жамоадаги фаолияти ва бошқа қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.
- Авваламбор, “Пахтакор”нинг навбатдаги, 11-чемпионлиги билан Сизни табриклайман. Айтингчи, ортда қолган мавсум Сизда қайндай таассуротлар қолдирди?
- Табрик учун катта раҳмат. Ортда қолган мавсум “Пахтакор” учун осон кечмади. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, рақобат кучли бўлди ва натижада биз атиги бир очко устунлик билан ғолиб бўлдик. “Пахтакор” сафида неча марта чемпион бўлган бўлсам, барчаси машаққат билан эришилган. Асосийси, жамоа олдига қўйилган мақсадни амалга оширди ва биз чемпионлик унвонини ҳимоя қила олдик.
- Сиз бир неча йилдан буён “Пахтакор” сафида тўп суриб келмоқдасиз. Айтингчи, шу вақт мобайнида бошқа клублар (шу жумладан хориж)дан таклифлар бўлганми?
- Ушбу саволни изоҳсиз қолдираман (кулади).
- Ортда қолган мавсум олдингиларидан нимаси билан фарқ қилди?
- Ушбу мавсумда жамоалар ўйини кучайганлиги, футбол эса янада ривожланаётганини кўришимиз мумкин. Энг қувонарлиси, Осиё чемпионлар лигасида Ўзбекистондан 4 та жамоа қатнашди. Умид қиламанки, келаси мавсумда барча ўзбек клублари гуруҳдан қийинчиликсиз чиқиб, футбол ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишади ва бизга ажратилган квоталар сақланиб қолади.
- Якунига етган мавсумда “Пахтакор” учун қайси учрашув энг қийини бўлди?
- Тўғрисини айтганда, мавсумдаги барча учрашувлар осонликча кечмади. Ғалабаларнинг аксарияти минимал ҳисобда қўлга киритилди. Иккинчи даврада ўз майдонимизда “Локомотив” билан ҳамда сафарда “Насаф” билан бўлиб ўтган учрашувлар энг қийини бўлди, десам адашмайман.
- Мавсумнинг ҳал қилувчи ўйинларидан бири “Сўғдиёна” – “Бухоро” учрашуви ҳақида нима дея оласиз? Умуман, бу ўйинни кузатдингизми?
- Ҳа, айнан шу куни клуб базасида эдик ва учрашувни телевидиние орқали кузатиб бордик. Ўйин бошидан “Бухоро” футболчиларида ғалабага бўлган иштиёқни кўрдик ва якунда улар ўз олдига қўйган мақсадига эришдилар. “Динамо” ҳам қайсидир маънода ҳар иккисига (“Бухоро” ва “Сўғдиёна”) ёрдам берди.
- Келинг энди терма жамоа ҳақида тўхталиб ўтсак. Сизнингча, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу сафар мундиал йўлланмасини қўлга кирита оладими?
- Биласизми, мундиал ҳақида ўйлаш олдидан олдимизда турган тўсиқлардан ўтиб олишимиз керак. Келаси йил март ойида Филиппин ва Баҳрайн терма жамоасига қарши ўйнаймиз. Дастлабки босқичдан ўтишимизга ишонаман. Аммо, кейинги босқичда қийин рақиблар турибди. Биз бор кучимизни ишга солиб, ЖЧ-2018га йўлланмани қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.
- Терма жамоадаги асосий таркиб учун кимни рақобатчи деб биласиз?
- Футболда, айниқса, терма жамоага чақирилганда ҳамма бир-бирига рақобатчи ҳисобланади. Аммо, бизнинг терма жамоа бир оилага ўхшайди. Терма жамоада ўзгача муҳит ҳукмронлик қилади, ҳамма бир-бири учун қайғуради ва қуллаб-қувватлайди. Менинг позициямда ўйнай оладиган футболчилар кўп, мен ҳам бошқа футболчининг ўрнида ўйнай оламан. Асосий таркибда ким ўйнашидан қатъий назар, мақсадимиз битта - ғалаба қозониш.
- Айтингчи, терма жамоадаги Самвел Бабаян, “Пахтакор”даги Бабаяндан нимаси билан фарқ қилади?
- Самвел Бабаян “Пахтакор”да ҳам, терма жамоада ҳам бир хил. У “Пахтакор”ни бошқарган вақтида қандай талабчан бўлган бўлса, терма жамоада ҳам ҳудди шундай: унинг тактикаси, қўллайдиган услублари, олиб борадиган жисмоний тайёргарлиги бир-биридан фарқ қилмайди. Биз (“Пахтакор” футболчилари) Бабаяннинг синовларидан ўтганмиз. Унинг “Пахтакор”да олиб борган иши ўз мевасини берган, шунинг учун ҳам у бизни терма жамоага чақирган.
- Вақтингизни ажратиб, порталимизга келганингиз учун Сизга миннатдорчилик билдирамиз. Келгуси ишларингизда омад, фаолиятингизга улкан зафарлар тилаймиз!
- Катта раҳмат. Сизнинг ишларингизга ҳам ривож тилайман.
Суҳбат давомида Станислав Андреев олийжаноб, хушмуомала ва камтар инсон эканига яна бир бор амин бўлдик.
Зоҳид Акрамов суҳбатлашди