«Лестер» ҳужумчиси Жейми Варди томонидан қайд этилган натижа сўнгги «уик-энд»нинг эътиборли воқеаларидан бири сифатида эътироф этилди.
Бундан атиги 4 йил аввал Жейми Варди қуйи дивизионларда тўп сургани ҳолда лоақал иккинчи лигада ўйнашни орзу қилиб юрарди. Энди у «Лестер»даги сермаҳсул ўйинлари билан «тулкилар»нинг етакчилар сафида боришларини таъминламоқда, терма жамоага жалб этилмоқда. Жумладан, у қаторасига 11та учрашувни голсиз тарк этмади - «МЮ»га қарши кечган беллашувнинг 24-дақиқасида урган голи АПЛда янги рекорднинг ўрнатилишига сабаб бўлди. Ҳозир Варди голли ўйинлар серияси бўйича афсонавий Рууд ван Нистелрой (2003 йилда 10та, 2001 йилда 8та учрашув), Старриж (2014 - 7та), Адебайор (2008 - 7та) ва Стейн (1994 - 7та)дан ўзиб кетди. «Варди истаган пайтда гол уришга қодир!» - дея хитоб қилди ўтмишнинг афсонавий ҳужумчиларидан бири, ҳозир ВВС ҳамда ВТSportда фаолият олиб бораётган Гари Линекер.
- Баракалла, Варди! Сен энди биринчи рақамли ҳужумчисан! - мазкур эътирофни ван Нистелрой ўз «Твиттер»ида эълон қилди. Голландиялик ҳужумчи касбдошининг ундан ўзиб кетишига «МЮ»нинг 3:1 ҳисобида ғалаба қозониши шарти билан тилак билдирганди. Мана, Жейми голландияликни истагини бажарди, аммо собиқ жамоаси уни хушнуд этолмади.
Қизиғи шундаки, жорий мавсумда ўз рақибларини 14 марта жазолаган Варди «Лестер»нинг битта турнирдаги энг яхши тўпурарига айланди. Унгача Катти (1999| 2000 йиллар мавсумида 13та гол) ва Лео Фердинанд (2003|2004 - 12та гол) етакчилик қилишаётганди. Боз устига, ўз рекордини янада мустаҳкамлаш учун Жеймининг ихтиёрида ярим йил ва 24та учрашув бор. Демак, у ҳозирда Энди Коул ҳамда Алан Ширерга тегишли бўлган 34та голдан иборат энг яхши тўпурар натижасини яхшилаш имкониятига ҳам эга.
Дарвоқе, яна бир факт. Варди ўз голи билан «МЮ»нинг 759 дақиқалик «қуруқ» сериясига чек қўйди. Айнан шунча вақтдан бери «қизил иблислар» ўйин ҳолати бўйича ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб келишаётганди. Тўғри, ЕЧЛ доирасида Думбия томонидан урилган гол стандарт вазият (Ерёменконинг нуқтадан амалга оширган зарбасини дарвозабон бартараф этгач, Думбия иккинчи уринишда тўпни дарвозага киритганди) маҳсули сифатида ҳисобланганди.
- Рақибларимиз менга алоҳида эътибор қаратишлари аввалдан маълум бўлсада, ўйин арафасида бу ҳақда ўйламасликка интилдим. Смоллингга қарши баҳслашишимни ҳам билардим. Четдан кузатадиганлар учун муросасиз қарама-қаршиликка айланди. Рекорд хусусидаги ўй-фикрлардан фориғ бўлишга интилдим. Чунки бу менинг ва жамоамнинг ўйинига салбий таъсир этиши мумкин эди. Бу ҳақда фақат уйда ётган пайти ўйлашим мумкин. Майдонда эса бутун диққат-эътиборимни ўйинга қаратаман.
Айтиш жоиз, Варди АПЛ доирасида рақиблар дарвозасини 14 марта забт этиш учун 38та зарбадан фойдаланди.
*250 млн. фунт - «МЮ»га келганидан бери Луи ван Галь трансферларга шунча маблағ сарфлади.
*1,3 млн. фунт - «Лестер» Жейми Варди (14та гол, 1та самарали узатма) ва Риёд Маҳрез (7-6)ни ўз сафига қўшиб олиш учун сарфлаган маблағ.
*Ҳозир Варди Англия футболи тарихидаги яна бир рекордни янгилашга яқин турибди. 1931|1932 йиллар мавсумида «Шеффилд Юнайтед» шарафини ҳимоя қилган Жамм Дони қаторасига 12та учрашувда тўп киритганди. Голларининг умумий сони - 18та.
*11 январь санаси дунёга келган Жейми «Лестер» таркибида 111 марта майдонга тушди ва қаторасига 11та беллашувни голсиз тарк этмади.
*1 - «Лестер» - 2015|2016 йиллар мавсумининг барча учрашувларида рақиблар дарвозаларига йўл топа олган ягона жамоа.
*10 - Златан Ибрагимович сўнгги 10 мавсумида 10та ва кўпроқ гол урмоқда. Бу - Европа топ-чемпионатларидаги рекорд натижа.
*13 - «Бавария» турли мусобақалардаги шунча уй учрашувларини ғалабали серияси билан якунлади. Тўплар нисбати - 49:6.
*67 - Криштиану Роналду Испания чемпионати доирасидаги беллашувларнинг шунча фоизини голсиз якунлади.
*75 - Патрик ван Анхолт Англия чемпионатида ўз голлари ҳисобини очиш орқали голландиялик 75 нафар футболчи сафидан жой олди.
*200 - «Барселона» аъзоси Жерар Пике Испания чемпионати доирасида шунча учрашув ўтказиб, 14та гол урди, жамоадошлари билан 156 марта ғалаба нашидасини сурди.
*470 - Лионель Месси томонидан урилган голларнинг умумий сони.
*496 - ҳимоячи Хайко Вестерманн «Гройтер Фюрт», «Арминия», «Шальке», «Гамбург» ва «Бетис» жамоалари сафида шунча марта майдонга тушиб, илк марта қизил карточка олди.
*500 - турли мамлакатлар чемпионатларида шунча марта майдонга тушган Клаудио Писарро 215та гол урди. Бунинг асосий қисми (394та ўйин, 177та гол) бундеслигада амалга оширилган.
*759 - Жейми Варди томонидан берилган зарбани ўтказиб юборгунга қадар «МЮ» қайд этган «қуруқ» дақиқалар серияси.
*1400 - Ўз тарихида 3868та учрашув ўтказган «Барселона»нинг «қуруқ» учрашувлари сони.
Эътиборли иборалар
*** - Бугун бизларга жароҳати туфайли узоқ вақт майдонга туша олмаётган Хави Мартинес камлик қилди. «Герта»га қарши беллашувда у 3та позиция - марказий ҳимоячи, ўнг ва чап қанот ярим ҳимоячиси чизиқларида ҳаракат қилди. Пеп Гвардиола, «Бавария» бош мураббийи.
*** - Жамоавий ўйинчиман. Ўз иззат-нафсимни қондириш учун менга голлар керак. Месут Озил, «Арсенал» ярим ҳимоячиси.
*** - МЮ»нинг шунчалик паст суръатда тўп сурганини аввал ҳеч кўрмагандим. Жейми Каррагер, «Ливерпуль» собиқ ҳимоячиси.
*** - Доннарумманинг баҳоси 170 млн. евро. Мино Райола, «Милан»нинг 16 ёшли дарвозабонининг агенти.
*** - Бу оқшом «Сан Сиро»да йилнинг энг яхши учрашувига гувоҳ бўлдик. Адриано Галлиани, «Милан» вице-президенти.
Манба: «СЭ», Содиқ СОБИР тайёрлади