1992 йилдан буён ўтказилиб келинаётган Чемпионлар лигаси (Чемпионлар кубоги ҳисобга олинмаган)даги энг яхши "хет-трик"лардан тузилган кетма-кетликни эътиборингизга тадқим этамиз.
10. Рой Макаай. "Депортиво" – "Бавария" 3:2 (2002 йил)
"Депортиво" ҳужумчиси Рой Макаайнинг киритган учта голи жамоасига Мюнхеннинг "Бавария" клуби устидан чиройли ғалаба келтирган.
9. Гарет Бэйл. "Интер" – "Тоттенхэм" 4:3 (2010 йил)
Бэ\йлнинг қанотлардан фантастик юришлари "Сан Сиро"га ташриф буюрган мухлисларнинг олқишларига сабаб бўлди. Унинг учта голи жамоасига ҳеч қандай ёрдам бермайди, бироқ Бэйлнинг учта бир хил услубдаги голи мухлисларга олам-олам завқ бағишлади.
8. Валтер Пандиани. "Депортиво" – ПСЖ 4:3 (2004 йил)
Макаай, Тристан ва Пандиани каби ҳужумчилар тўп сурган "Депортиво" ХХ асрнинг бошларида ўзининг олтин даврларини ўтказган эди. 2004 йили гуруҳ босқичида Пандианинг учта голи жамоасига ажойиб ғалабани туҳфа этган эди.
7. Фаустино Аспириля. "Ньюкасл" – "Барселона" 3:2 (1997 йил)
Колумбиялик ҳужумчи кимсан "Барселона" дарвозасини уч марта ишғол қилди. Ушбу голлар "Ньюкасл"га ғалаба учун етарли бўлди. Ўша куни матбуотда Аспириля – "Барселона" 3:2 қабилидаги мақолалар болалаб кетганди.
6. Роналдо. "Манчестер Юнайтед" – "Реал" 4:3 (2004 йил)
Ушбу учрашув "Аср ўйини" дея эътироф этилганди. "Олд Траффорд"да кечган чорак финал жавоб ўйинида Роналдонинг битта ўзи "Қизил иблислар"га қарши ўйинда масалани ҳал қилиб қўйди. Унинг "хет-трик"и жамоасини мағлубиятдан қутқариб қола билмаган бўлса ҳам, икки ўйин натижасига кўра устунликни Мадридликлар томонига оғишини таъминлаб берган эди.
5. Ривалдо. "Барселона" – "Милан" 3:3 (2000 йил)
Ривалдо "Милан"га қарши ўйинда бутун жамоа номидан битта ўзи гол урди. Унинг учта голи жамоага атиги 1 та очкони туҳфа қилди. Бироқ бразилиялик футболчининг кўрсатган фантастик ўйини мухлисларга манзур бўлганди.
4. Тунжай Шонли. "Фенербахче" – "Манчестер Юнайтед" 3:0 (2004 йил)
Ушбу ўйин "Юнайтед" учун ҳеч қандай аҳамият касб этмасди. Бироқ турклар учун бу жуда ҳам муҳим беллашув эди. Ўйин тақдирини "Фенер" ҳужумчиси Тунжай Шонлининг битта ўзи ҳал қилиб қўя қолди. У унглизлар дарвозасига нақ учта тўп жойлаб қўйди ва жамоасига тарихий ғалабани туҳфа қилди.
3. Робин Ван Перси. "Манчестер юнайтед" – "Олимпиакос" 3:0 (2014 йил)
Голландиялик ҳужумчи "Олимпиакос"га қарши нимчорак финалнинг жавоб ўйинида 3 та гол киритди ва "МЮ"ни чорак финалга олиб чиқди. Биринчи ўйинда греклар 2:0 ҳисобида устун келишганди. "Қизил иблислар" устози Мойес ўша ўйиндан сўнг Персига минг марталаб рахмат айтса арзирди.
2. Андрей Шевчено. "Барселона" – "Динамо Киев" 0:4 (1997 йил)
"Динамо"нинг 21 ёшли ҳужумчиси Андрей Шевченко "Камп Ноу"да "Барселона" дарвозасини уч марта ишғол қилди ва бутун Европага ўзини танитиб қўйди. Шу куни Лобановский шогирдлари Каталониядан тарихий ғалаба билан қайтишганди. Шева эса "Барса" посбонинг тушларига кириб чиққан бўлса неажаб.
1. Уэйн Руни. "Манчестер Юнайтед" – "Фенербахче" 6:2 (2004 йил)
Шу куни "қизил иблислар" сафида дебют ўйинини амалга оширган 19 ёшли Руни турклар дарвозасини уч марта ишғол қилиб, фантастик дебют амалга оширди. Ўшандан сўнг Руни инглиз футболи келажаги эканлигига шубҳа қилувчилар деярли қолмаганди.
Фурқат Юсупов