Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Ислом Аҳмедов:«Ҳиндистонда ким хоҳласа мураббий бўлавермас экан»

Баҳо:
+ | -

Таниқли ФИФА ҳамда ОФК инструктори Ислом Аҳмедов бир ҳафта мобайнида Ҳиндистонда маҳаллий мураббийлар учун ташкил этилган семинарда иштирок этди. Ҳамюртимиз FIFA Youth Coaching Course India деб номланувчи мазкур семинарда ҳиндистонлик мураббийларга сабоқ берди. Режага кўра, Аҳмедов 16 декабрь куни энди ўзимизнинг олий лига мураббийлари учун ташкил этиладиган бир кунлик семинарда йўриқчилик вазифасини бажаради. Биз сафар таассуротлари ва режалар хусусида Ислом Аҳмедовдан интервью олдик.

- Ислом ака, суҳбатимиз аввалида Ҳиндистондаги ўқув-курслари ҳақида маълумот берсангиз.

- Бу мен учун ФИФА томонидан ташкил этилган биринчи семинар эди. Жуда катта таассуротлар билан қайтдим. Очиғи, ҳинд футболида сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланяпти. Улар ташкилий масалалар бўйича анча илгарилаб кетишибди. Болалар ва ўсмирлар футболига профессионал даражада ёндашаётганига гувоҳ бўлдим. Мураббийларни қайта ўқитиш, улар орасидан энг сараларини танлаб олишга эътибор бериляпти. Мен раҳбарлик қилган курсда ҳам Ҳиндистоннинг турли ҳудудларидан келган энг сара мураббийлар иштирок этишди. Уларнинг аксарияти айни пайтда ўсмирлар ва ёшлар билан ишлашяпти. Кези келганда айтиш керак, ушбу мутахассисларнинг бари олий маълумотли ва болалар футболида ишлаш бўйича катта тажрибага эга. Улар билан бирга ишлаш менга иштиёқ ва мароқ бахш этди.

- Мамлакат футболи билан танишишга улгурдингизми?

- Албатта. Бир пайтлари Ҳиндистонда мураббий сифатида ишлаганман. Ўша давр билан ҳозиргисини таққослаганда, ер билан осмончалик фарқ кўзга ташланяпти. Ҳиндистон футболи барча йўналишлар бўйича профессионалликка эришмоқда. Бу тараққиёт йўлида йирик маблағ сарфланяпти. Сармоядорлар катта пул тикишяпти. Мамлакат суперлигасининг барча клублари қошида академия ва футбол мактаблари фаолият юритяпти. Ҳар бир ёш тоифасида мамлакат биринчиликларидан ташқари, турли турнирлар ўтказилади. Ҳиндистондек катта давлатда бундай кенг миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш осон эмас. Лекин мамлакат футбол федерацияси бу ишларнинг уддасидан чиқяпти. Мураббийларни тайёрлаш ва улар орасидан энг сараларини ажратиб олишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ким хоҳласа мураббий бўлиб кетавермас экан. Шу нарса мени ҳайрон қолдирди. Нафақат футбол, балки бошқа барча соҳаларда ҳам айнан кадрлар муваффақиятнинг замири ва калити ҳисобланади. Қаерда малакали мураббий ва устозлар бўлса, ўша соҳада ривожланиш, ўсиш, тараққиёт кўзга ташланади. Бу қоидани ҳали ҳеч ким инкор қилгани йўқ. Ўзбек футболида ҳам шу ҳақида бош қотирсак ёмон бўлмасди.

- Сир эмас, айни пайтда Ҳиндистон чемпионатида легионерлар кўпчиликни ташкил қилади. Улар орасида анчагина машҳурлари ҳам бор. Лекин терма жамоаси кучли эмас. Буни Англия мисолида кўриш мумкин. Чемпионати легионерлар ҳисобига кучли, аммо терма жамоаси ҳақида бундай дейиш ноўрин. Бу борада нима дейсиз?

- Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Бежиз юқорида ҳиндлар мураббийлар масаласига жиддий эътибор қаратишаётганини айтмадим. Улар аввал болалар билан ишлайдиган мураббийлар масаласини тартибга солиб, кейин шу йўл орқали натижага эришишга умид қиляптилар. Бу тўғри йўл. Маҳаллий футболчини ким тарбиялайди, албатта, мураббий. Ҳиндистон футбол федерацияси расмийлари билан гаплашганимда, улар легионерларга босқичма-босқич чеклов эълон қилиб боришларини айтишди. Кўпроқ маҳаллий футболчиларга эътибор беришмоқчи. Лекин кучли легионерлар ҳам керак. Маҳаллий ўйинчилар кимдандир ўрганиши керак-ку! Айрим клубларнинг футбол мактаблари ва академиялари билан танишишга муваффақ бўлдим. Бу мактабларда ҳинд футболининг эртанги эгалари сабоқ олишяпти. Яқин 5-10 йил ичида Ҳиндистон футболи ҳам Осиёдаги элит давлатлар қаторига қўшилади. Шахсан мен буни ишонч билан айта оламан. Ўша мактаб ва академия тарбияланувчиларини ёрқин келажак кутяпти. Болалар футболига жуда катта сармоя йўналтириляпти.

- Ҳозир Ҳиндистон олий двизиони футболдан кўра шоуга ўхшаб қолмаяптими?

- Гапингизда жон бор. Юлдуз футболчиларнинг таклиф этилишида ҳам сиз айтган фикр ўз тасдиғини топяпти. Ўйинларни бошқариш учун машҳур ҳакамлар таклиф этилмоқда. Икки йилдан бери Ҳиндистон суперлигасининг «плей-офф» ўйинларини ҳамюртимиз Равшан Эрматов ва унинг бригадаси бошқариб келаётгани ҳам фикримга яққол мисол бўла олади. Маълумки, Ҳиндистонда футбол биринчи рақамли спорт тури эмас. У ерда крикет ўйинларини севиб томоша қилишади. Стадионлари тўлиб-тошади. Юлдуз футболчиларни чақириш орқали ҳам ҳиндлар стадионга келаётган футбол мухлислар сонини ошириш, оммавийликка эришишни мақсад қилишган.

- Футбол инфратузилмаси, майдонларнинг ҳолати қандай?

- Бу борада ҳам фақат ижобий фикр билдира оламан. Стадионларига гап йўқ. Уч йилдан бери футбол академияларини федерациянинг ўзи моддий томондан қўллаб-қувватлаб келяпти. Бундан ташқари, федерация томонидан махсус академия ҳам ташкил этилган бўлиб, унда U-14, U-16, U-19 терма жамоаларининг барча футболчилари таҳсил олишяпти. Уларнинг ҳаммаси бир академияда жам бўлган. Ушбу таълим муассасасида хорижлик мутахассислар ишлашяпти. ФИФА бежизга Ҳиндистонга 2017 йилги ўсмирлар (U-17) ўртасидаги жаҳон чемпионати мезбонлигини ишониб топширмади. Мамлакатда футбол тараққий этаётгани, ривожланишга эришаётгани, инфратузилманинг жадал суръатларда яхшиланиб бораётгани, болалар футболига қаратилаётган эътибор самараси. 

- Олдинда қандай режалар бор?

- 16 декабрь куни олий лига мураббийлари учун бир кунлик семинар ўтказишимиз керак. Шу кунларда ЎФФ бу режани тасдиқлаб бериши лозим.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:23, 15.12.2015.
Ўқилди: 3140 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.