Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Бахтиёр Бобоев: «Тузилма самарали ишлаш учун замин яратиши керак»

Баҳо:
+ | -

“Бунёдкор” ФКнинг янги ташкилий тузилмаси тасдиқлангани ҳақида хабар бериб ўтгандик. Жамоанинг ҳозирги кундаги фаолияти билан боғлиқ саволларга жавоб олиш мақсадида бош директор Бахтиёр Бобоевга мурожаат қилдик.

- Клуб тузилмасида амалга оширилган ўзгаришлар нима билан боғлиқ?
- Клубимиз тузилмаси ўзгаришининг сабаблари бир нечта. “Бунёдкор” футбол клуби - акциядорлик жамияти. Биз Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Акциядорлик жамиятларида замонавий бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” фармонидан келиб чиқиб, ўзгаришларга қўл урдик. Раҳбарият, ҳомийлар, футбол мухлислари жамоамизнинг қаторасига иккинчи йил совринсиз қолаётганидан қониқмаслиги табиий. Акционерларнинг умумий йиғилишида халқаро тажриба асосида, клубнинг соҳага оид хусусиятларини инобатга олиб, янги ташкилий тузилма тасдиқланди. Клуб Низомига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек, клуб фаолияти халқаро стандартлар ҳамда жаҳон футболининг етакчи жамоалари тажрибаларига асосланган ҳолда юритилади. Тузилма самарали ишлаш учун замин яратиши керак.

- Структурадаги ўзгаришлар ҳақида гап кетганда асосан нималарга эътибор қаратиш лозим?
- Янги ташкилий тузилмага кўра, ижроия органи раҳбари бош директор ҳисобланади. Ушбу лавозимга сайловлар ўтказиш тартиби ҳам кўриб чиқилди. Бош директор тайинлаш борасидаги сайловнинг янги тартиби ишлаб чиқилди. Ижроия органи раҳбарини тайинлаш, қоидага кўра, танлов асосида амалга оширилади. Унда хорижлик менежерлар ҳам иштирок этиши мумкин. Янги ташкилий тузилмага кўра, ижроия органи аъзолигига спорт ишлари директори ва бошқалар ҳам киради. Мураббийлар кенгаши тузилди. Шунингдек, бошқа ўзгаришлар ҳам бор.

- Мураббийлар кенгашининг вазифаси нималардан иборат? Уни ким бошқаради?
- Мураббийлар кенгашига клуб Бош директори бевосита раҳбарлик қилади. Кенгаш клубимизнинг болалардан то асосий таркибгача бўлган барча жамоалар учун масъул бўлади. Мураббийлар кенгаши ёшлар таркиби, “Бунёдкор”нинг биринчи ва иккинчи лигадаги жамоалари мураббийлари лавозимларига номзодларни кўриб чиқади, уларнинг иш режаларини тасдиқлайди. Шунингдек, режалар бажарилишини мунтазам равишда назорат қилиб боради. Янги номзодларни тавсия қилиш билан клубнинг Селекция хизмати шуғулланади. Бироқ футболчилар ёки мутахассислар билан имзоланадиган шартномалар борасида якуний қарор Мураббийлар кенгашида қабул қилинади.

- “Клубнинг болалардан то асосий таркибгача бўлган барча жамоалари учун масъул”лик нималарда ифодланади?
- “Бунёдкор” ФКнинг 2015-2020 йиллар учун ишлаб чиққан истиқболли ривожланиш дастури бор. Биз худди бир пирамидага ўхшаш тизимни шакллантирмоқчимиз. Шогирдларимиз ўз устида ишлаб, камол топиб бориб маълум бир ёш тоифасидан иккинчисига ўтиши, кейинчалик асосий жамоада ўйнаб кетиши, қолаверса Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларига номзод бўлиб етишишига эришиб, самарали фаолият юритишни истаймиз. Ҳозирги пайтда бир қатор тарбияланувчиларимиз мамлакатимизнинг турли ёшдаги ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига асосий номзодлар ҳисобланишади. Бу тизим худди созланган механизм каби иш юритишини хоҳлаймиз. Болалар 14 ёшгача мактабимиздаги мураббийлардан футбол сир-асрорларини ўрганишади. Кейинчалик, 17 ёшгача энг иқтидорли деб топилганлар иккинчи ва биринчи лигадаги жамоаларимиз сафида тўп тепиб, малакаларини ошириб боришади. Кейинги босқич - ёшлар жамоаси таркибида жиддий мусобақада тажриба орттириш. Ва ниҳоят, ҳар томонлама энг яхши сифатларини кўрсата олганлар “Бунёдкор”нинг асосий таркибига қабул қилинади. Санаб ўтилган босқичларни клубимиз спорт директори Сергей Лушчан назорат қилиб боради. Клубнинг 2015-2020 йиллар учун ишлаб чиққан истиқболли дастурига кўра, 2017 йилги мавсумда “Бунёдкор” асосий таркибидаги маҳаллий футболчиларнинг 75 фоизи академиямиз тарбияланувчиларидан иборат бўлиши керак. 2020 йилга келиб эса ушбу кўрсаткич 80 фоизга етказилиши лозим.

- Демак, бундан “Бунёдкор” Ўзбекистоннинг бошқа жамоаларидан футболчи олмайди деган хулосага келиш мумкинми?
- Футбол мактабимизни ўз захирамизга эга бўлиш учун ташкил этганмиз. Лекин, дунёда ҳеч бир клуб фақатгина ўз тарбияланувчилари ҳисобигагина жамоа тузмаслиги ҳам яхши биламиз. Селекция мунтазам амалга оширилади. Шунинг учун ҳам жамоамиз ўйинини кучайтириши мумкин бўлган номзодларни кузатиб борадиган селекция хизматига қўйиладиган талаблар ҳам ортмоқда. Салоҳияти юқори бўлган янги номзодларни кузатиб бориш қисқа вақтда эмас, балки узоқ муддатли бўлиши керак. Жамоамизга қабул қилинадиган янги номзодларни жисмоний, техник, тактик, руҳий ва инсоний сифатларига қараймиз. Энг асосийси, янги номзод жамоамиз ўйинига тез мослашиб кетиши керак. Шунингдек, таклиф қилинаётган футболчи биздаги йигитлардан бир бош устун бўлиши лозим. Акс ҳолда футбол мактабимиз тарбияланувчиларига имкон берганимиз маъқул.

- Асосий жамоанинг машғулотларига ким бошчилик қилади?
- Машғулотларни Сергей Лушчан билан биргаликда олиб борамиз. Клуб олдидаги мақсад ва вазифаларни амалга ошириш борасидаги умумий масъулият менинг зиммамда бўлади.

- Юрий Саркисяннинг хизматларига бошқа жамоалар, жумладан “Андижон” клуби эҳтиёж сезаётгани ҳақида турли миш-мишлар юрибди. Юрий Вазгеновичнинг кейинги тақдирига ойдинлик киритиб ўтсангиз. Бу мутахассис “Бунёдкор”да қоладими?
- Ҳа, Юрий Вазгенович бундан кейин ҳам жамоамизда фаолиятини давом эттиради. У бевосита асосий таркибнинг ташкилий ишларида иштирок этади. Биз тажрибали мутахассиснинг меҳнатларини қадрлаймиз.

- “Бунёдкор” янги мавсумдаги илк расмий учрашувини 9 февраль санасида Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўлланма олиш учун БААнинг “Ал-Шабаб” жамоасига қарши ўтказади. Умуман, янги мавсумга олиб бориладиган тайёргарлик жараёни қандай кечади?
- 14 декабрь куни жамоа таътилдан қайтди. Барча футболчилар шифокорлар назоратидан ўтишмоқда. Янги йилгача ва январь ойининг биринчи ярмида ўз қароргоҳимизда шуғулланамиз. Бахтимизга, “Бунёдкор” спорт мажмуасида машғулотлар ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилган. Сўнгра хорижда ташкил этиладиган йиғинга йўл оламиз. У ерда бир нечта назорат учрашувлари ўтказилади. Шундан сўнг, яна Тошкентга қайтиб келамиз ва расмий ўйинга тайёргарликни ўз уйимизда якунлаймиз.

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев суҳбатлашди

Манба: fcbunyodkor.com
Киритилди: 11:16, 17.12.2015.
Ўқилди: 3190 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.