Англия премьер-лигасида шов-шув кўтараётган «Лестер Сити» тимбилдинг (жамоавий тадбир) уюштириш бўйича кўзга кўринган клублардан бири саналади. Аввалроқ Клаудио Раньери футболчилар учун пицца-пати ўтказганди, энди эса жамоа аъзолари турнир жадвалидаги карвонбошиликни ўзига хос тарзда нишонлашди.
Хабарингиз бор, турдан-турга барқарор ўйин намойиш этаётган клуб 15-тур баҳсини сафарда «Суонси» жамоасига қарши ўтказиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва шу тариқа мақсадлари нечоғли жиддий эканини кўрсатганди. Мана, 16-турга келиб эса жорий мавсумда ишлари юришмаётган «Челси»ни мағлуб этишни уддалашди - 2:1. Мазкур учрашувда ҳам «Лестер» етакчилари - Жейми Варди ҳамда Риёд Маҳрез ўз номларини таблога ёздирдилар. Айнан улар киритган тўплар ўйин тақдирини ҳал қилди. «Тулкилар» пешқадамликни нишонлаш тадбирида кино ва мультфильм қаҳрамонлари либосини кийиб, кўпчиликнинг дилини хушнуд этишди. Кимдир тошбақа-нинзяга, яна кимдир темир одамга айланди. Ўзига хос маросимда шунингдек, Бэтмен, Робин, ўргимчак одам, қудратли рейнжерлар, умуман, барча-барча қатнашди....