Испания чемпионатининг 17-турини очиб берувчи баҳсда "Реал" ўз майдонида "Реал Сосьедад"ни қабул қилди.
Ўтган турда бўлгани каби "Реал"нинг мазкур ўйинида ҳам ҳакамларнинг қарорлари мухлисларда шубҳа уйғотди. Учрашувни бошқариб борган Гонсалес Гонсалес биринчи бўлимнинг ўзида "Сосьедад" дарвозаси томон иккита тушунарсиз пенальти белгиланди. Дастлабки вазиятда ҳаводаги тўп учун курашда ютқазган Бензема ҳимоячига урилиб йиқилгани учун 11 метрли жарима зарбаси белгиланди. Кейингисида эса Бэйл ўнг қанотдан берган узатма йўлига ташланган ҳимоячининг оёғи орқали тўп қўлга тегди. Бу вазиятда футболчи атайлаб ўйнамади, тўп тасодиф туфайли тегди. У қўлини олиб қочишга улгурмасди. Роналду дастлабки пенальтини голга айлантира олмади. Тўп дарвоза устидан ўтиб кетди. Иккинчи пенальтида эса Криштиану дарвозабонга имконият қолдирмади.
Биринчи бўлимда, шунингдек, Роналду ва Агирречедан яхши имкониятлар бўлди. Ҳар иккала ҳужумчи бирга бир вазиятда дарвозани ишғол қила олишмади. Дарвозабонлар яхши ҳаракат қилишди.
Иккинчи бўлим бошида эса басклар ҳисобни тенглаштиришди. Брума жарима майдончасининг чап томонида айланма зарба билан олис юқори бурчакка тўпни жойлаб қўйди.
Тенгма-тенг кечаётган ўйинни Роналдунинг чиройли голи ўзгартирди. Бурчакдан етказилган тўпни Криштиану жарима майдончаси чизиғи устида ерга туширмасдан дарворзага жойлади. Ўйин тугашига 4 дақиқа қолганидан эса "Реал" қарши ҳужумда ўйин тақдирини ҳал қилди. Бэйл чап қанотдан аниқ узатма билан Лукасни дарвозабон қаршисида ёлғиз қолдирди. Ярим ҳимоячи имкониятни кўкка совурмади.
Ушбу ғалабадан кейин "Реал" ўз очколарини 36тага етказди ва бир неча соатга бўлса-да 1-ўринга кўтарилиб олди.
Испания чемпионати, 17-тур
Реал Мадрид – Реал Сосьедад 3:1 (1:0)
Голлар: 1:0 – 42, пенальти Роналду, 1:1 – 49 Брума, 2:1 – 67 Роналду, 3:1 – 86 Васкес.
Реал Мадрид – Навас, Пепе, Марсело, Данило, Начо, Модрич (Каземиро, 88), Кроос, Хамес (Ковачич, 59), Бэйл, Роналду, Бензема (Васкес, 76).
Реал Сосьедад – Рульи, Мартинес, Берчиче, Элустондо, Мартинес, Прието, Ильярраменди, Бергара, Каналес (Пардо, 45), Агиррече (Брума, 18), Жонатас (Вела, 68).
Огоҳлантиришлар: Берчиче (32), Мартинес (40), Начо (56), Ильярраменди (62).