Бугунги қаҳрамонимиз шотландиялик машҳур инсон Александр Чепмен Фергюсон 1941 йилнинг 31 декабрида таваллуд топган. Сэр Алекс Фергюсон жаҳон футболи тарихидаги энг кучли мураббийлардан биридир. У футболчилик фаолиятидан фарқли равишда мураббий сифатида мухлисларга яхши танилган десак хато қилмаган бўламиз. Бугун унинг таваллуд аёмида мураббийлик фаолиятига қисқача тўхталиб ўтаман.
Унинг илк мураббийлик фаолияти “Ист Стерлингшир” клуби бўлиб, орадан кўп вақт ўтмай Фергюсон 1974 йилнинг октябрида “Сент-Миррен” билан шартнома имзолайди ва бу жамоани 1978 йилгача бошқаради.
1978-1985 йилларда Фергюсон “Абердин” клубида бош мураббий лавозимида ишлаб 3 марта Шотландия чемпионлиги, 4 бора Шотландия кубоги, бир мартадан Шотландия лига кубоги, Кубок эгалари Кубоги ва УЕФА суперкубокларини қўлга киритади.
Мексикада ўтган ЖЧ-1986да Фергюсонга Шотландия миллий терма жамоаси ишониб топширилади. Лекин, Шотландлар гуруҳда атиги бир очко тўплаб (Уругвай билан дуранг, ГФР ва Даниядан мағлубият) гуруҳда охирги ўринни эгаллаб, мундиал билан хайрлашишди.
«Манчестер Юнайтед» деганда энг аввало кўз ўнгимизда истаймизми йўқми, барибир уни 27 йил мобайнида бошқарган Сэр Алекс Фергюсон гавдаланаверади. Алекс Фергюсон “МЮ”ни 1986-2013 йилларда бошқариб “манкунианликлар”ни 13 марта Англия чемпионлигини, 5 бора Англия кубогини, 4 марта Англия Лига кубогини, 10 бора Англия суперкубогини, 2 бора Европа Чемпионлар лигасини ва бир мартадан Кубок эгалари кубоги, УЕФА суперкубоги, Қитъалараро кубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
1999 йилги Европа чемпионлар лигаси финалини барча футбол мухлислари эслашса керак. Ўшанда «Манчестер Юнайтед» жамоаси финалда Мюнхеннинг «Бавария» жамоаси билан ўтган драматик учрашувнинг сўнги дақиқаларигача 0:1 ҳисобида ортда бораётиб, якунда Сулшер ва Шерингемнинг голлари эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ЕЧЛ Кубогини Англияга олиб кетади. Шу ғалаба туфайли Буюк Британия қироличаси томонидан клуб бош мураббийи Алекс Фергюсонга “Сэр” унвони берилган.
Сэр Алекс Фергюсон мураббийлик даврида 122 та соврин (49 жамоавий, 73 шахсий)ни қўлга киритган. “Сэр” 27 марта АПЛда ойнинг, 11 марта мавсумнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилган. Шунингдек 4 марта World Soccer нашри версиясига кўра, 3 марта Onze d’Or журнали версияси кўра йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.
Биз ҳам ўз ўрнида “МЮ”нинг мухлислари номидан Сэр Алекс Фергюсонни бугунги таваллуд аёми билан табриклаймиз ва унга мустаҳкам соғлиқ тилаб қоламиз.
Абдумажид Қодиров тайёрлади.