Янги йилнинг учинчи кунидан машғулотларга киришган “Локомотив” 9 январь куни БААнинг Дубай шаҳрига – биринчи хорижий йиғинни ўтказиш учун жўнаб кетди. Режага кўра, жамоамиз аъзолари 23 январга қадар айнан мазкур шаҳарда истиқомат қилишади ҳамда машғулот олиб боришади.
Пойтахтимиздан кеча, 9 январь куни соат 8:50 да йўлга чиққан “темирйўлчилар” БАА маҳаллий вақти билан 11:35да Дубай халқаро аэропортига етиб келишди. Хабарингиз бор, Тошкент вақти Дубайникидан роппа-роса 1 соат олдинда юради.
“Локомотив” делегацияси аэрапортдан “JA Jebel Ali Beach Hotel” меҳмонхонасига йўл олди. Форс Кўрфазининг Дубай қирғоқларини ювиб турадиган соҳил қисмида жойлашган шинам отель йиғин давомида футболчиларга бошпана вазифасини ўтаб беради.
Клуб натижалари учун жавобгарлик вазифаси топширилган мутахассис Мирко Йеличич куннинг иккинчи қисмида Дубайдаги дастлабки машғулотни бошлаб юборди. Меҳмонхонанинг орқа қисмида жойлашган қумли майдонда ўтган машғулот жараёнида барча футболчилар иштирок этишди. Уларнинг кайфияти аъло даражада.
“Локомотив” 23 январга қадар 3 та ўртоқлик ўйинида иштирок этади. Биринчи синов-назорат учрашуви Саудия Арабистони вакили “Ал-Аҳли”га қарши бўлиб ўтади. Миллий чемпионатнинг 13-туридан кейин 33 очко билан лигада карвонбошилик қилаётган “Ал-Аҳли” Осиё чемпионлар лигасининг “D” гуруҳида Қаршининг “Насаф” клубига рақиблик қилишини яхши биласиз.
Иккинчи ўртоқлик учрашуви январнинг 19-кунига тайин қилинди. Бу сафар “темирйўлчилар” Хитой чемпионатини 5-ўринда якунлаган “Хенан Жианье”га рақиб бўладилар. Таркибида Жанубий Корея, Португалия, Бразилия каби мамлакатлардан легионерлари бор жамоада Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бўлажак рақиби Филиппин сафида тўп сурадиган Хавьер Патиньо ҳам бор.
Ва ниҳоят учинчи ўртоқлик беллашувида рақиб — Жанубий Кореянинг “Чонбук Хюндай” клуби. Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида иштирок этадиган жамоа Кей-лиганинг сўнгги мавсум олтин медалларига сазовор бўлгани билан ажралиб туради.