Шу кунгача «Пахтакор» клуби ва Ўзбекистон термаси дарвозасини қўриқлаб келган Александр Лобановнинг Осиёда ўз ўрнига эга «Персеполис» жамоасига трансфер қилиниши дарҳол футбол ишқибозлари эътиборини тортди. Чиндан ҳам, бу кутилмаган хушхабар бўлди. Шу боис, Sports.uz сайти ижодкорлари масофа тушунчалари енгиб ўтиб, «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали боғланиб, Лобановнинг илк таассуротлари билан қизиқишди.
- Салом, Саша! Бизда бир қатор саволлар бор. Уларга жавоб бериш учун вақт топиладими?
- Салом! Албатта, топилади.
- Унда бошладик: хўш, Эрон варианти қандай юзага келди?
- Умуман кутилмаган тарзда. Яъни «Пахтакор» билан йиғинда иштирок этаётган вақтим бирдан шундай дейишди: «Эрон сафарига тайёрлан! Сенга қизиқиш билдиришмоқда». Буни асло кутмагандим. Қизиқиш Эроннинг энг кучли клубидан бўлгани учун ортиқча ўйланмадим. Жамоа қароргоҳига етиб бориб, дарҳол клуб президенти билан учрашдим. Мулоқот самимий ўтди, биз турли мавзулар бўйича фикр алмашдик. Эртасига тиббий кўрик бошланди. Шукрки, у ўзим кутгандек, ижобий натижа берди. Шу тариқа 1,5 йилга мўлжалланган шартнома остига имзо чекдик. Айтганча, бу - тўлақонли трансфер шартномаси, ижара эмас. Муҳими, форслар каминани самимий қарши олишди. Менинг жамоа сафига қўшилишим ҳақида ҳаттоки, мухлислар ҳам бир кун аввал билишган экан! Табиийки, бундай илиқ муносабат ўзимга жуда маъқул келди. Эронда «Персеполис»ни жуда яхши кўришади. Чунки у халқ жамоаси саналади. Шу томондан клубнинг «Пахтакор» билан ўхшашлик жойи бор. Хуллас, қисқа вақт ичида мени жамоага таништиришди. Мураббийлар штаби бутунлай хорижлик мутахассислардан иборат. Таништириш маросимида ўз олдига доимо катта мақсадларни қўядиган клубда фаолият юритишимни алоҳида таъкидлаб ўтишди. Кейин «Персеполис»даги илк машғулотда қатнашдим. Жамоадаги бирдамлик дарҳол кўзга ташланди: ҳамма бир-бирига ёрдам бераётган, қўллаб-қувватлаётган... Бу ҳам ўзимизнинг «Пахтакор»дагидек!
- Бошланиши чакки эмас. Кейинчи? Жойлашиш масаласи нима бўлди?
- Ҳозирча жамоа билан меҳмонхонада истиқомат қиляпмиз. Тез орада менга алоҳида уй ва автомобиль ажратишни режалаштириб қўйишган. Шундан кейин рафиқам ва ўғилчам ҳам ёнимга етиб келишади. Шартномада кўрсатилган бандлардан бири шу. Бизга - футболчиларга яратилган шароитлар жуда ажойиб. Ҳар ҳолда, «Персеполис» - Осиёдаги энг номдор клублардан бири-да! Албатта, тилга боғлиқ муаммолар юзага келишини кутгандим. Аммо боя айтганимдек, мураббийлар штаби хорижликлардан ташкил топгани учун жамоада асосан инглиз тилидан фойдаланилмоқда. Яхшиямки, инглизчани бинойидек тушунаман. Форсча саволларга эса менга бириктирилган маҳаллий ҳайдовчи ёрдамида жавоб қайтаряпман. Хуллас, шунақа гаплар...
- Янги жамоадаги илк таассуротлар қандай? Машғулотларда қандайдир янги жиҳатлар кўзга ташландими?
- Таассуротлар жуда зўр. Зеро, «Персеполис» чиндан ҳам, катта клуб. Мени шундай жамоага таклиф қилишгани эса, икки карра қувонтирмоқда. Биринчидан, энди ўзга юрт жамоасидаги фаолиятим орқали Ватанимда обрў орттираман, иккинчидан, янги клубим ҳам худди «Пахтакор» каби ҳамма учун севимли. Футболчилар савиясига эса бир оғизгина гап билан баҳо бериш мумкин: «Чинакам класс». Футболнинг даражаси ҳавасга арзийди. Маҳорат ҳам шунчаки, кўргазма эмас, барқарор тушунча. Бундай клубда бошқача футболчиларни кўриш мумкин эмас аслида. Шунинг учун форслар танлов вақти айнан менинг номзодимда тўхталишгани кишини қувонтиради. Мухлислар эса чексиз уммоннинг ўзгинаси...
- Дарвоқе, Эрондаги ишқибозлик ҳақида: маҳаллий мухлислар сизга қандай муносабат билдиришмоқда?
- Биласизми, улар ҳатто оддий машғулотларни ҳам катта қизиқиш билан кузатишади. Мени кўришлари билан эса, дарров эсдалик учун суратга тушишни таклиф қилишади. Ҳеч бўлмаганда, қўл бериб, кўришишади. Ҳар ҳолда, улар билан мулоқот бошлаганимда барчалари «Жамоамизга хуш келибсан!» дейишади. Қолаверса, клубимиз ишқибозлари бизнинг чемпионатимизни ҳам яхши билишади. Хусусан, «Пахтакор» улар учун ҳам катта, юқори савияли клуб. Мамлакатимиз ҳақидаги тушунчалари анча илиқ, ижобий. Мени айниқса, қуйидаги гаплари хурсанд қилмоқда: «Энди клубимиз дарвозасини Ўзбекистон термаси посбони қўриқлайди!» Каминага нисбатан муносабатлар шунчалик илиқ, самимийки, асти қўяверасиз. Тўғриси, бунчалик бўлиши тушимга ҳам кирмаганди.
- Муваффақиятларингиздан хурсандмиз. Чунончи, «Пахтакор»дек клубдаги бир неча йиллик самарали фаолиятдан кейин янада юқорироқ даражага чиқишингиз лозим ҳам эди аслида...
- Ўз ўрнида «Пахтакор» клуби ва Ўзбекистон миллий термасининг содиқ мухлисларига мурожаат қилмоқчиман. «Пахтакор» - доимо қалбимда, буни алоҳида ёдда тутинг! Қачондир яна «шерлар» сафига қайтаман. Чунки бу жамоани чин дилдан яхши кўраман. Ахир айнан шу жамоада шахс сифатида танилдим, муваффақиятларга эришдим. Мени мудом қўллаб-қувватлашгани учун «Пахтакор» ва Ўзбекистон терма жамоасининг ҳақиқий, жонкуяр мухлисларига алоҳида миннатдорчилик билдираман.
Дмитрий ПОПОВ суҳбатлашди