Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида энг кўп гол урган футболчилар рамзий терма жамоаси билан сизларни таништириб ўтган эдик. Бугун термамиз сафида энг кўп учрашувда майдонга тушганлар рамзий жамоаси билан таништирамиз.
Дарвозабон
1. Игнатий Нестеров – 92 ўйин
Дарвозабонлар орасида Нестеров майдонга тушиш борасида етакчилик қилмоқда. Игнатий миллий жамоамиз либосида 92 та учрашувда майдонга тушган. У ана шу баҳсларда ўз дарвозаси тўридан 100 та гол олиб чиқишга мажбур бўлган.
Ҳимоячилар
2. Анзур Исмоилов – 73 ўйин
3. Андрей Фёдоров – 63 ўйин
4. Асрор Алиқулов – 61 ўйин
5. Виталий Денисов - - 61 ўйин
“Гвардия”чилар рамзий жамосининг ҳимоя чизиғи ҳам анча мустаҳкам кўриниш олди. Фёдоров, Алиқулов, Исмоилов ва Денисовдан ташкил топган ҳимоя чизиғини ёриб ўтиш унча мунча ҳужумчига осон бўлмаслиги аниқ. Яқин орада ушбу ҳимоячиларнинг ўрни ўзгармаслиги ҳам аниқ.
Ярим ҳимоячилар
6. Сервер Жепаров – 110 ўйин
7. Тимур Копадзе – 119 ўйин
8. Одил Аҳмедов – 75 ўйин
9. Виктор Карпенко – 60 ўйин
Ярим ҳимоячиларнинг 2 нафари бугунги кунда ҳам терма жамоадаги фаолиятини давом эттиришмоқда. Жепаров ва Аҳмедов ўйинлари сонини янада кўпайтириш имкониятига эгалар. Копадзе терма жамоамиз сафида майдонга тушиш борасида яққол пешқадамлик қилмоқда. У яқин келажакда бу рамзий жамоадан тушиб қолмаслиги аниқ. Тўртинчи ярим ҳимоячи Карпенко эса яқин орада ўз ўрнини бошқа амплуадошига бўшатиб берса керак.
Ҳужумчилар
10. Александр Гейнрих – 86 ўйин
11. Максим Шацких – 60 ўйин
Гол уриш борасида ҳам, майдонга тушиш борасида ҳам термамизнинг ҳужум чизиғи вакиллари ўзгармади. Гейнрих ва Шацких бошқа ҳужумчиларга қараганда анча илгарилаб кетишган. Захирадан ўрин олган Бақоев ва Солиев фаолиятларини якунлаганликларини инобатга оладиган бўлсак, “гвардиячилар” рамзий жамоасининг ҳужум чизиғида ҳам яқин орада ўзгариш бўлмайди.
Захирадагилар: Павел Бугало (40 ўйин), Александр Хвостунов (49 ўйин), Февзи Давлетов (48 ўйин), Азизбек Хайдаров (73 ўйин), Миржалол Қосимов (66 ўйин), Николай Ширшов (64 ўйин), Улугъбек Бақоев (52 ўйин), Анвар Солиев (46 ўйин)
Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида энг кўп майдонга тушганлар рамзий терма жамоасининг захира ўриндиғидан жой олган 7 футболчидан фақатгина биттаси бугунги кунда ҳам фаолиятини давом эттирмоқда. Бу Азизбек Хайдаров. Қолган футболчилар эса аллақачон бутсаларини “мих”га илиб бўлишган.
Фурқат Юсупов