Бугун Эрон Про Лигасида 18-тур учрашувлари давом эттирилади.
Сиз-у бизга қизиқарли жиҳати шундаки, кун доирасидан ўрин олган марказий матчда икки ҳамюртларимиз Александр Лобанов ҳамда Фозил Мусаев ўйнаётган клублар ўзаро тўқнаш келишади. “Персеполис” ўз майдонида азалий рақиби – “Сепахон”ни мағлуб этишга уриниб кўради.
Миллий терма жамоамиз ярим ҳимоячиси ушбу ўйин олдидан фикрларини билдириб ўтди.
- Бизни жуда қизиқарли баҳс кутмоқда. “Персеполис” – “Сепахон” қарама-қаршилиги доимо муросасиз руҳда ўтиб келган. Бу сафар ҳам шубхасиз, жамоалар майдонга фақат ғалабани кўзлаган ҳолда тушишади. Қолаверса, мен учун ҳам ўзгача ўйин бўлади. Боиси рақиб жамоа сафида ҳамюртим Александр Лобанов майдонга тушади. “Персеполис” Лобановни харид қилиб, тўғри қилди. Чунки Александр маҳоратли посбон. У миллий терма жамоамиз дарвозасини қўриқламоқда. Гарчанд у дўстим бўлса-да, бу сафар майдонда бир-биримизга рақиб сифатида ўйнаймиз, - дейди Фозил Мусаев “Сепахон” расмий сайтига.
Таъкидлаш жоиз, “Персеполис” – “Сепахон” учрашуви бизнинг вақт билан соат 18:30да старт олади.