Жароҳатлар Томас Вермаленнинг Испанияда ўтказган биринчи мавсумини йўққа чиқарди. Аммо ҳозир у формада ва Лео Месси билан қўшничиликда ҳаёт лаззатини сурмоқда. Аммо машғулотларга бир-бирларини олиб бориш уларга насиб қилмаяпти. Буларнинг барчаси ҳақида бельгиялик футболчи FourFour Tvoга берган интервьюсида гапириб берди.
«Тики-така жаҳон миҚёсида тан олинган, аммо бу ракета Қуриш эмас» - «Барселона»даги биринчи мавсумингизни жароҳат боис ўтказиб юбордингиз. Унга қарши курашиш оғир бўлдими? - Ҳа, жудаям оғир. Барчаси шундай кечишини ҳеч ҳам кутмагандим. Жаҳон чемпионатида Россияга қарши ўйиндан сўнг соғлигимда муаммолар борлигини сездим, аммо текширувларда жиддий хасталик аниқланмади. Мундиалдан қайтгач ва қайта назоратдан ўтгач, тизза остида муаммо борлиги маълум бўлди. - Бунга «Барселона» қандай муносабатда бўлди? Ахир клуб «Арсенал»га 15 млн. фунт тўлаб, эндигина сиз билан 5 йиллик шартномага эга бўлганди-ку? - «Барса»да ҳамма мени тушунди. Жамоадошларимни мени қўллаб-қувватловчи ёзувлар туширилган футболкаларда кўриб эса жуда таъсирландим. Зеро, буни асло кутмагандим. Менимча, бу фикр Хавидан чиққан бўлса керак. Ўшанда ҳақиқий «сюрприз» бўлди ва буни ҳеч қачон унутмайман. - Эмирейтсдаги сўнгги мавсумни гоҳ лазаретда, гоҳ заҳира ўриндиғида ўтказдингиз. Ўшанда «Барса» сизга қизиқаётганлигидан таажжубга тушгандирсиз? - Ростини айтсам, карахт бўлиб қолдим. Бу ўзимни кўрсатиш учун илк жамоам - «Аякс»га таклиф қилишгани ёки орадан бир неча йил ўтгач, «Арсенал» мен билан мулоқотга чиққан даврдагидай эди. Ҳар бир футболчи шундай буюк клубда ўйнашни истайди, шунинг учун мен жуда ҳаяжонландим. Шартнома бўйича бир йил муддатим қолганди ва бу таклиф «канонирлар»га мен учун қандайдир маблағ ишлаб олишнинг сўнгги йўли эди. Ўшанда майдонга кам тушаётганим эса, масаланинг осон ечим топишида муҳим аҳамият касб этди. - «Барселона»даги ҳаётингиз «Арсенал»дагидан қайси жиҳатлари билан фарқланади? - «Аякс», «Арсенал», «Барселона» - бу клубларнинг барчаси анчадан бери комбинацион ҳужумкор футбол ўйнаб келишади. Бу жиҳатдан олганда, «Барселона» Лондонда ўрганганларимдан унча фарқ қилмайди. Тики-така жаҳон миқёсида тан олинган, аммо ишонинг, бу ракета қуриш эмас. Биз машғулотлар пайтида бунга катта эътибор қаратамиз, холос. Кейин Неймар ва Мессининг афсунгарлиги барчасини бажаради. - Ҳафтада 7 кун Месси билан майдонда бирга бўлиш қандай экан? - Биз барчамиз профессионаллармиз ва майдонда ўз ишимизни қилишга ҳаракат қиламиз, дейишим мумкин эди. Аммо бу рост гап эмас. Мен барча каби футбол мухлисиман. Месси ва Неймар билан бирга майдондалигимдан бахтиёрман. Улар бутунлай бошқа даражадаги футболчилардир. Ҳеч бир ҳафта йўқки, уларнинг бири ўз ҳаракати билан бизни лол қолдирмаган бўлса (кулади). - Майдондан ташқарида ҳам Месси шу даражада таъсирчан бўлиб қоладими? У кийим алмаштириш хонасида боссми, Камп Ноунинг «чўқинтирган отаси»ми? - Асло! Жамоада юлдузлар кўп, аммо ҳеч бири ўзини бошқалардан устун қўймайди. Бу ерга келганимдан буён бирорта ҳам салбий ҳолатга дуч келмадим. Бошқа клубларда бу масалада муаммолар етарли. «Барселона» чиндан ҳам оддий клубдан юқори. - Кийим алмаштириш хонасида ким мусиқа қўяди? - Дани Алвес. Унинг аудио тизими жуда катта, овози роса баланд. У ўзининг iPhoneсига уланади. Испан поп-мусиқаси бўлган сальсани ва технони... ҳаммасини у бирдай яхши кўради. «Евро-2016ни орзиҚиб кутяпман» - «Барса» ўйинчилари майдондан ташқарида қандай яшашади? Шаҳарни папарацциларсиз ва селфи овчиларисиз айланишга муваффақ бўлдингизми? - Вақти-вақти билан мени таниб қолишади ва мулойимгина мурожаат қилиб автограф сўрашади. Бу Месси ва Неймарга нисбатан бўлаётган муносабатларга қараганда ҳеч нарса эмас: уларга уйдан чиқиш, пляж ва маҳаллий супермаркетга кириш осон эмас. Атрофларини даров «томи кетган» мухлислар ўраб олишади. - Месси ва Неймар қўшниларингизлигини эътиборга олсак, бир-бирларингизни тез-тез машғулотларга олиб борасизларми? - Буни хоҳлаганимда ҳам уддалолмаган бўлардим. Сабаби, уларнинг ўз кун тартиблари бор. Бири машғулотдан сўнг шифокор ҳузурига йўл олса, иккинчиси спортзалга ошиқади, каби. - Сиз «Аякс», «Арсенал», «Барселона» билан бир қатор совринларга эга бўлдингиз. Келгуси режаларингиз қандай? Балки, Бельгия термаси сафида Евро-2016да ғолиб бўлмоқчидирсиз? - «Барселона» билан соврин ютиб олдим, деб ўйламайман. Чунки, майдонга тушмагандим. Шунинг учун, жорий мавсумда жамоанинг бир бўлаги сифатида ўтган йилги муваффақиятни такрорлаш умидидаман. Шунингдек, Евро-2016ни ҳам орзиқиб кутяпман. Куртуа, Компани, Азар, Де Брайн, Лукаку, Бентеке - жамоамиз иқтидорларга шу даражада бойки, биз олдимизга энг улуғ мақсадларни қўйишга ҳақлимиз. ЖЧ-1994ни телевизор орқали томоша қилганим ёдимда. Ўшанда мухлислар Нидерландия устидан ғалаба қозонилгач, кўчага чиқиб олиб байрам қилишганди. Бу сафарги зафарларимиз унданда кўпроқ бўлади, деб умид қиламан. Биз ўзимизга ишонамиз. И.ОБИДОВ тайёрлади