Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ўзбекистон - Филиппин ўйинига чиқарилган марказий секторлар чипталари йўқолиб қолди(ми)?!

Баҳо:
+1 | -

Терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионати-2018 саралаш баҳслари доирасида Филиппин терма жамоаси билан ўйини олдидан мухлислардан ўйин ҳақидаги фикрларини билиш учун "Бунёдкор" стадионига боришга қарор қилдик. Сабаби, айни шу кунларда ушбу ўйинга чипталар сотилаётгани сабабли касса олдида мухлислар кўплигини ва кўпроқ фикр олиш эҳтимоли борлигини инобатга олган эдик. Бироқ, стадион кассасига яқинлашганимиз сайин мухлисларнинг авзойи фикримизни ўзгартиришга мажбур қилди.

Касса ёнига келганимизда эса навбатда турган мухлисларнинг айримлари дарвоза орқасидан чипта олсак ҳам ўйинга тушсак бўлгани дея чипта олаётганини, айримлар эса жиғибийрон бўлиб кимларнидур "бўралатиб" сўкаётганига гувоҳ бўлдик. Ва мухлисларнинг ўйинолди фикларидан кўра, терма жамоамизнинг ўйинига сотилаётган чипталар сотуви ҳақида билишга қизиқдик. Сабаби, ўзимиз ҳам чипта олишимиз керак эди.

4-касса ёнига яқинлашамиз. Навбатга туриб "кассир опамиз"дан чипта сўраймиз. Рус ўзбек тилида аралаш қилиб 6Е, 6D, 6C  сектордан чипталар борлигини, нархи 15 минг сўм эканлигини айтадилар. Бу орада бир мухлис бунча нархга чипта олгандан кўра, ўйинни ТВдан кўриш маъқул эканлигини атрофдагиларга уқтиришга ҳаракат қилади.

Терма жамоамиз ўйинини марказий сектордан ўтириб кўришни орзу қилганимиз сабаб, кейинги кассадан умид қилиб, 3-кассадаги "мўйловли амаки"нинг кассасига нажот билан юзланамиз. "Мўйловли амаки"дан қайси секторларга чипта борлигини сўраймиз, 6Н секторга чипта борлигини айтадилар.

— Марказий секторларга чиқиб қолармикан ўйин куни, — дея юзланамиз "Ҳа" деган жавобни кутиб.
— Бу ўйинга умуман чиқмайди  — дея қатъий жавоб берадилар амаки. —  Биз ўйин учун арендага олганмиз, стадион чиптага аралашмайди, — дейди амаки.

Нега марказий секторларга чипталар чиқмаслигига қизиқамиз, амаки "министерство"дагилар, федерациядагилар 15-20 та қилиб чиптани олиб қўйиши ҳақида бизга ахборот берадилар.

Биз билан бир сафда турган мухлислар билан чуқур хўрсиниб, 1-кассага навбатга турамиз.

Навбатда туриб, бу кассада ҳам чипта бўлмаса қаердан топса бўларкан деб ўйлаб турганимизда, "чипта керакми, ака?" деб бир йигит келиб қолди. Ишонмайсиз, худди барча муаммоларимга шу йигит орқали ечим топгандай хурсанд бўлиб кетдим.

— Борми? десам, — бор, деди.
— Чипта ҳаммада бор, қайси сектордан сотяпсиз?
— 3D ва 3Е га бор.

Ёнимда навбат кутиб турганлар ҳам унга қаради, бараварига сўрадик:
— Нархи қанча?
— 50 минг. Бўладиган нархи шу.
— 20 минг сўмлик чиптани 50 минг олгандан кўра, икки кило гўшт олиб, болаларим билан уйда ўтирганим яхши дейди, — бир футбол мухлиси.

Саволимизга жавоб топгандай бўлдик. Кассалардан марказий секторга чипта тополмасак, демак шу йигитдан топамиз.
Биз 1-кассадаги "Кенайи"га қулоқ тутамиз:

— Марказий секторлар бизгача келмаган. Федерацияга кетган. Бу томондан 8, бу томондан 8 та марказий секторлар, вилоятларга "перечисление"га деб олиб қўйилган. Биз фақат 1F, 5H, "боковой"ларни, шунақа секторларни анчадан буён сотяпмиз.

— Демак, марказий секторларга чипталар чиқиб қолишидан умид қилиш бефойда. Шундайми? —  сўраймиз.
— Бефойда. Ҳозир оволинг. Ўйин куни касса ёпилади. чипта ҳам тугаяпти. Эртага бу ерга яқинлашиб бўлмайди.
— Чиптани ким сотади: сизларми ёки федерациями?
— "Бунёдкор" ўйнаса биз сотамиз, терма жамоани ўйинида бизга беришганини сотамиз.

Бу орада стадион панжарасига суяниб турган йигитга яқинлашамиз: у бизга уч кундан буён марказий секторга чипта излаб юрганини, отасини ўйинга олиб тушмоқчи эканлигини, лекин уч кундан буён марказий сектордан чипта тополмай ҳалак эканиини айтиб хўрсинади.

Кассадагиларнинг чиптани федерация сотиши ҳақидаги  фикрига асосланиб, Терма жамоалар марказига қўнғироқ қилдик. Сабаби терма жамоалар ўйинига ташкилий масалалар билан шуғулланиш учун Терма жамоалар маркази ташкил этилган ва бизнинг саволимизга кўпроқ Марказдагилар жавоб бериши аниқ эди.  Битта гудокдан кейин телефон гўшагини бир йигит кўтарди.

Унга касса ёнидаги гап-сўзларини айтиб, чипта билан ким шуғуллланаётганига, ҳақиқатдан ҳам марказий секторлар федерация ёки марказ томонидан кассага чиқарилганми-йўқми билишга қизиқдик. Расмий оҳангда чипта сотуви билан фақатгина "Бунёдкор" стадиони шуғулланаётганини ва марказ ҳеч қандай чипта олмаганини айтиб, стадион рақамини беради.

"Бунёдкор" стадионидагилар билан гаплашиш учун берилган рақамга қўнғироқ қилсак, бошқа рақам беришди, у рақамга қилсак факс аппаратнинг узоқ чийиллаган автоматик овози қулоғимизга хунук эшитилди. Телефон аппарати ҳам чипта муаммоси ҳақидаги саволлардан чарчаган шекилли ўзини ўзи автоматик равишда факсга улаб қўйяпти, ёки бошқа сабаб бордир. Ҳар ҳолда бу бизнинг тахминимиз.

Мана шундай ҳолатларни кузатиб, марказий секторлардаги чипталарни излаб 50-60 минг сўмга чипта олишга кўзи қиймай турган мухлисларни кўриб ўйга толасан...

Бугун клубларимиз ўйинларига умуман мухлислар тушмай қўйган, айрим стадионларимиздаги ўриндиқларга инсон қадами етиб бормай турган бир пайтда, бу ҳолатга нима деб изоҳ бериш керак? Нега марказий секторлардаги чипталар касса атрофида изғиб юрган, "бировнинг норози бўлиб берган пули билан оила боқиб юрганларда бору, лекин футболни, терма жамоасининг ўйини соғинган, мадҳия янграганида қўли кўксида туриб баралла мадҳия айтадиган, Одил ёки Сардорнинг ўйинини кўриш учун неча километрлаб масофа босиб келадиган ҳақиқий мухлисда йўқ?  Нега марказий секторлардаги чипталарнинг қаерга кетгани ҳақида ҳеч ким билмайди? Нега ўша секторларга чипталар сотувга чиқарилмаган? Кассирлар назарда тутган "перечисление"га чиптани олганлар касса атрофида санғиб юрганларми?  Ёки марказий секторда ўтириб томоша қилиш учун қандайдур "справка" керакми?

Саволлар кўп, лекин бу саволларга жавоб бериши керак бўлганларнинг телефон аппаратлари, "перечисление"га сотилган чипталарнинг "поручение"сини факс орқали қабул қилиш билан банд. Ёки...

Манба: offside.uz
Киритилди: 21:29, 22.03.2016.
Ўқилди: 9770 марта.
Фикрлар: 31 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.