Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Зарбалар зув-зув, голлар эса қитмир, қув

Баҳо:
+ | -

Бугун Баҳрайн термасига қарши бош­қача ўйин бўлади! Рақиб дарвозасига гала-гала голлар урилади! Барча шундай фикрда. Биз ҳам ўша барча билан фикрдошмиз, албатта. Аммо 24 март оқшомидаги баҳсдан сўнг туғилган мулоҳазаларимизни мухлислар ҳукмига ҳавола этмасак ҳам бўлмайди. Зеро, ўша куни ранг-баранг мулоҳазалар учун арзийдиган, асос берадиган ўйинни томоша қилишди мухлислар.

Маълумки, Самвел Бабаян ўзини футболга дахлдор принципларига қатъий турадиган мураббий. Мутахассисларимиз орасида турли мулоҳазаларни тинглаш, ўрганиш борасида унга тенглашадигани кам. Бош­қалардан фарқи шуки, у тинглайди, ўрганади, аммо охир-оқибат, ўз билганидан қолмайди. Ўзига ишонган, маҳорат бобида юксак мураббийнинг шундай йўл тутгани маъқул. Негаки, у саралар орасидан танлаб оладиган мураббий. Шу маънода айтсак, терма жамоа ўйин услубига ўзининг футбол фалсафасини сингдиришга маънавий жиҳатдан ҳақли! Айни чоғда унга маъқул келиши ёки келмаслигидан қатъий назар, биз ҳам мулоҳаза билдиришда давом этамиз.

Бабаяннинг айтишича, у танлаган тактик схемасига мос тушгани учун ҳам клубида етарли ўйин амалиётига эга бўлолмаётган Жасур Ҳасановни терма жамоа таркибига чорлаган. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, юқори ўйин савиясига эга бўлишса ҳамки, бошқа футболчилар терма жамоа сафидан ўрин олишолмаган. Ғалати мантиқ: тактик схемани мураббий танлайдими? Бошқача айтганда, ўйин схемаси мураббий ижодининг маҳсулими? Мазкур саволлар анчагина мураккаб ва мавҳум. Жавоблар ҳам шунга яраша жўяли чиқиши қийин. Бироқ Самвел Бабаян иш услуби мисолида юқоридаги саволларга жавоб излаш қийинчилик туғдирмайди. Чунки у ҳарчанд киришмасин, ўйин услубини етакчи футболчиларнинг имкониятларидан келиб чиқиб танлайди. Ундан ортиғи ҳақида ўйлаши мантиқан ҳам тўғри ҳисобланмайди. Бу ўринда оламшумул кашфиёт йўқ.

Филиппин ва Баҳрайн терма жамоалари вакилларимизга қарши сафар учрашувларида мустаҳкам ҳимоя қўрғони барпо этишларини, пайт пойлаб, футболчиларимиз хатоларидан фойдаланиб, кутилмаганда, кескин ҳужумга ўтишларини ким ҳам билмайди, дейсиз?! Яна шуниси ҳам борки, футболчиларимиз ўртамиёна терма жамоалар ҳимоявий ўйин услуби қаршисида довдираб қолишлари, асабийлашишлари рақиблар мураббийларига ҳам маълум. Шундай вазиятда Самвел Бабаян ўйини анчадан бери қовушмаётган, бундай ҳолатда кайфиятсиз тўп сурадиган Игорь Сергеевни ёлғиз ҳужумчи сифатида майдонга туширди. Игорь эса ўша куни ортиқча ўйинчи каби таассурот қолдирди. Чунки бир-икки ишончсиз ҳаракатларидан етакчи футболчилар кўнгли тўлмади, назаримизда. Уларни ҳам тушуниш керак: голли вазиятни юзага келтириш осон эмас. Катта куч сарфланган меҳнат кўкка совурилаверса, ҳужумчига нисбатан ишонч йўқолади ва бошқа футболчиларнинг анархистик зарбалари кўпаяди. Зарбалар зув-зув берилаверади. Аммо голлар анойи эмас. Голлар ҳам қув, қитмир бўлади. Шунинг учун ҳужумчи бажаролмаган ишни уддалашга интилган ҳар қайси футболчининг зарбаси голга айланавермайди. Акс ҳолда, Одил Аҳмедов «Краснодар» таркибида ўнлаб голлар урарди. Урмаяптими, демак, унинг майдондаги асл иши бош­қа. Демоқчимизки, Одил рақиб дарвозабонини асабийлаштириб, мавриди билан кучли зарбалар йўллайверсин, лекин ундан гол кутишимиз ноўрин.

Самвел Бабаян танлаган тактик схема Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Элдор Шомуродов ҳамда Сардор Рашидовдан гол кутади. Бу футболчилар эса аксига олиб, гол уришга ихтисослашмаган. Улар томонидан гоҳ-гоҳ уриладиган голлар миллий терма даражасидаги вазифани белгилаб бермаслиги керак. Ҳаттоки, Сардор Рашидов ҳам аслида голеадор футболчи эмаслиги унинг сўнгги ўйинларида ўз исботини топди. Шундай экан, Самвел Бабаян қандай тактик схема ҳақида сўзлаяпти? Ўша куни Элдор Шомуродов ўрнида Сардор Мирзаев тўп сурганида, бу тактик схема бузилиб кетарми-ди? Аксинча, Сардорни майдонда бўлиши Сервер Жепаровни асосий таркибдан сиқиб чиқарарди. Натижада Самвел Вячеславович ҳеч бир хавотирсиз Игорь Сергеев - Бобир Абдухолиқов тандемини ҳосил қилиши мумкин бўларди. Афсус, у ҳозирча шундай ажойиб новаторликдан воз кечмоқда. Ҳа, тактик схеманинг моҳияти аслида маълум футболчилар мувофиқлигини таъминлаш эмас, балки мураббийнинг янги ва кутилмаган фантазияси демакдир. Агар Игорь ва Бобир ҳужумда фаол ўйнаб, уларни қўллаб-қувватлашга мойил Санжар Шоаҳмедов ўртада, Жавоҳир Соҳибов ўрнида тўп сурганида, воқеалар ривожи қандай тус оларди? Ишончимиз комилки, Неил Этерижни бугун Буффонга тенглаштириб ўтирмасдик. Ҳолбуки, у қанча-қанча зарбаларни тўсди ва шу боис, ҳайратлана-ҳайратлана уни еврофутбол даражасидаги дарвозабон дейишмоқда. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Буни албатта, вақт кўрсатади. Биз эса унга «Челси» онгли равишда ўз таркибида олиб қолмаган дарвозабон сифатида қараш тарафдоримиз. Фикримизча, гап дарвозабоннинг юксак маҳоратида эмас, балки футболчиларимизнинг жой танлаш, зарба йўллаш савиясида. «Спорт» телеканалига раҳмат. Биз ўша зарбаларни қайта-қайта томоша қилиш имкониятига эга бўлдик. Ана, кучли ва аниқ зарба дарвозанинг юқори бурчагига йўлланди. Унинг голга айланиши кафолатланганми? Йўқ, албатта. Бу зарбани тўсиш учун Буффон бўлиш ҳам шарт эмас. Футболчиларимизни зарба йўллаш услубини ўрганган ва ҳимоячиларни ёрдамидан унумли фойдаланиладиган ўртамиёна дарвозабонлар ҳам ўша зарбалар йўлига ғов қўйишга қодирлар. Кичик ҳисобда Томас Дулейнинг хизмати катта. Демак, у ўйин­га фаолроқ ва фойдалироқ тайёрланган. Хайриятки, Анзур Исмоилов гол урди. Ўша гол урилмаса, нима бўларди? Урилмаслиги ҳам мумкин эди-ку, тўғрими? Йўқ, миллий жамоа ҳал қилувчи ўйинга бундай тайёрланмайди. Тасодифий гол ҳар ўйинда урилавермайди, аксинча, бошқа баҳсда шундай тарзда тўп ўтказиб юбориш мумкин. Тасодифлар таъсирига тушиб қолмаслик учун терма жамоамиз ўз майдонида кўпроқ гол уриши шарт. Мана, мисол, агар ЖЧ-2014нинг сўнгги саралаш бос­қичида Миржалол Қосимов шогирдлари Ливан термасини 1:0 эмас, балки 3:0 ҳисобида енгишганида, кейинчалик қандай воқеалар юз берарди? Олам гулистонга айланарди биз учун! Афсуски, шу воқеа юз бермади. Негаки, Миржалол Қосимов ҳам ўшанда Самвел Бабаян каби рақибнинг ҳимоявий ўйин услубига қарши жўяли тадбир тополмаганди. Тўғри, балки кимдир «Ана, Жанубий Корея термаси ҳам ливанликларни аранг 1:0 ҳисобида енгди-ку!» - деб ўйлар. Биз эса Жанубий кореяликлар каби қадам ташлашни оқламаймиз. Зеро, улар қайси рақибни қачон енгишни жуда яхши ўзлаштиришган. Ўз майдонларида Эрон термасига ютқазиб (0:1), ЖЧ-2014 йўлланмасини олганлар ҳам ўша корейслар. Ливан термаси дарвозасига урилмаган голларни қатарликлар учун сақлаб, йўлланмадан қуруқ қолган эса бизнинг футболчиларимиз...

Хулоса шуки, тактик схема урилиши шарт саналган голларнинг урилишини таъминлаб, ўзини оқласин. Самвел Бабаян шогирдларининг Баҳрайн термасига қарши кечадиган муҳим ўйин­да ғалабани таъминловчи тактик схема асосида тўп суришларига ишониб қоламиз.

Муҳаммад ВАЛИ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:10, 29.03.2016.
Ўқилди: 5744 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.