Праганинг «Спарта»си «Лацио»ни четга суриб, ЕЛ-2015|2016нинг бош «сенсация»чиси бўлишга даъвогар эканлигига шаъма қилди. Қизиқ, чехлар еврокубокларда ниманинг ҳисобига эффектли чақнашни юзага келтиришди? Қуйида Sovsport.ru сайти маълумотлари асосида «Спарта»га назар соламиз. Айтганча, бу клуб турнирнинг ярим финалига чиқиш йўлида «Вильярреал» билан ўйнайди.
Селекция. Маҳаллий йигитларга таяниш
«Спарта»нинг ҳозирги муваффақиятлари маҳаллий тарбияланувчиларга боғлиқ. Айни пайт прагаликлар таркибида 4 нафар легионер бор, холос. Лекин дейлик, «Лацио»га қарши кечган 1|8 финал жавоб ўйини - (0:3)да улардан атиги бир нафари майдонга тушди. Аслида Чехия футболида хорижликларга нисбатан чеклов умуман йўқ. Бироқ легионерларнинг ўзлари у ерга унча ошиқмайдилар, негаки, маош миқдори баланд эмас. Тўғри, «Спарта»ни камбағал клуб дейишга асос йўқ. Нега? Чунки жамоа хўжайини - чехиялик миллиардер Даниэл Кржетински. Фақат, у охирги йилларда тажрибали легионерларга сармоя ажратишдан кўра, клуб академиясига эътибор қаратишни маъқул кўрмоқда. Мисол учун, «Спарта» таркибидаги футболчиларнинг умумий нархи атиги 25,6 миллион еврога тенг. Таққослаш учун келтирсак, прагаликларга ютқазган «Лацио» ва «Краснодар»нинг таркибига тегишлича 176 ва 92 миллион баҳо қўйилган (Тransfermarkt.de сайти маълумоти). Эътиборли жиҳати, бутун турнир давомида «Спарта»ни аутсайдер сифатида тилга олишди. Клуб эса бунга парво қилмай, ўз йўлида текис юраверди ва мана, ЕЛ чорак финалига чиқиб, 2002 йилги натижасини такрорлади. Энди табиийки, «Вильярреал»ни курашдан чиқариб юбориш, бошқача айтганда, ўз рекордини янгилашга уриниб кўради.
Хўжайин. Юрист-миллиардер
«Спарта»ни 2004 йилдан буён 40 ёшли ҳуқуқшунос Даниэл Кржетински назорат қиляпти. У аввалига юридик фирмада тажриба ошириб, кейинчалик шахсий бизнесини кенгайтирди ва ҳозир энергетика соҳасидаги йирик холдинг соҳибидир. «Олтин бола» (Чехияда Кржетинскини шундай аташади) футбол клубидан фойда кўрмайди, аксинча, фақат харажат қилади. Бундан 5-7 йил илгари ҳам «Спарта» унинг муваффақиятсиз бизнес-лойиҳаси саналарди. Кржетински бошида клубнинг 40 фоиз акцияси учун 20 миллион евро тўлаган. Кейин ўз улушини 60 фоизга оширди. Фақат, мавсум - 2004|2005га келиб, клуб 3 миллион евро даромад қилди. Бироқ кейинги 5 йил ичида харажатлар кескин кўпайиб, умумий зарар миқдори ҳаттоки, 23 «лимон»га чиқиб кетди. Бизнесмен шунга қарамай, пулни кўкка совураётгани ҳақидаги гапларга ҳар сафар бир хил муносабат билдираверди: «Спарта» мен учун жуда муҳим». Кржетински нафақат клубга чексиз муҳаббати, балки чапани характери билан ҳам машҳур. Мисол учун, «Спарта» - «Баник» ўйини чоғи меҳмон жамоа мухлислари тилларига эрк бериб, «Польшалик яҳудийлар», дея бақиришганида, миллиардер дарҳол ўрнидан туриб, уларнинг қаршисига чиққанди. Шунда тўполончилар бирдан жимиб қолишганди.
Умуман, Кржетинскининг клуб акцияларини харид қилганига 12 йил бўлибдики, у ҳамон зарарга фаолият юритмоқда. Лекин бизнесмен ғурурланишга асос топяпти, барибир. Дейлик, мавсум - 2014|2015да зарар миқдори атиги 2,5 миллион еврони ташкил этди. Жамоа чипталар сотуви, ҳомийлик келишувлари ва албатта, еврокубоклардаги иштироки орқасидан маълум даражада пул ишлаяпти. Дарвоқе, ўтган мавсум клуб бюджетидан энг кўп маблағ - 6 миллион евро академия ва турли ёш тоифасидаги гуруҳларни ривожлантиришга йўналтирилди.
Мураббий. Қисқа масофалар бўйича мутахассис
Зденек Шчасни «Спарта»ни 2015 йилнинг апрелида қўлга олди ва тезкорлик билан жипслашган жамоа шакллантиришга эътибор қаратди. 58 ёшли мураббий - спринтер, яъни қисқа масофаларга югуриш бўйича мутахассис. У олдинги бирор клубида узоқ вақт ушланиб турмаган бўлсада, деярли ҳар иш жойида бирданига натижани таъминлай олган. «Спарта» Шчасни учун охирги 10 йил ҳисобидан 10-клубдир. Ҳа, бу футбол мураббийи учун яхши статистика эмас. Умуман, Зденек пойтахт жамоасини биринчи марта бошқармаяпти - 1996-1999 йилларда ҳам «Спарта»да иш олиб борганди. Хусусан, уларнинг охиргисида бош мураббий сифатида. Қолаверса, 7 йил давомида прагаликлар сафида ҳимоячи ва ярим ҳимоячи позицияларида тўп сурган. Ушбу мутахассисда хорижда ишлаш тажрибаси ҳам бор. Мавсум - 2003|2004да Грециянинг ОФИ клубини бошқарган Шчасни аксарият шогирдлари билан келишолмай, тезда истеъфога чиққан. Шундан бир йил ўтиб эса, «Панатинаикос»ни қўлга олиб, ҳаттоки, ЧЛда ҳам маълум ютуқларга эришди: «Арсенал»га қарши 2та ўйинда дурангни таъминлади ва ПСВ билан учрашувда ғалабани нишонлади. Чехияда айниқса, унинг ёшларга катта ишонч билдиришини қадрлашади.
Қаҳрамонлар
Давид Лафата. 34 ёшли сардор. Жамоа айнан унинг атрофида тузилган. Лафата футболчиларни бирлаштириш, уларни шайлантириш устаси. Асосийси, майдонга тушишининг ўзи билан шерикларига ўзгача ишонч бағишлайди. 2014 йили Чехиянинг энг яхши футболчиси мақомини олган Давид жорий мавсум 17та ўйинда 12та гол урди. Аслида статистикаси янада яхшироқ бўлиши мумкин эди, бироқ жароҳат сабаб, кузда деярли ўйнамагани халақит берди.
Лукаш Юлиш. 21 ёшли ҳужумчи «Краснодар» ва «Лацио» дарвозасига гол уриб, охирги еврокубок ўйинлари қаҳрамонига айланди. Умуман, Юлиш ЕЛ доирасидаги 7та учрашувда қатнашиб, ўз номига 3та гол ёзиб қўйди. У ёшлик йиллари «Спарта» либосини 20 марта ҳам киймаган. Лекин охирги вақтлардаги ҳаракатларини ҳақиқий юксалиш, голларини эса ақлга сиғмас мўъжизага қиёслашмоқда. Кўп жойларда бўлгани каби Чехияда ҳам ёшларни майдонга тушириш фоизи анча паст. Юлиш шундай ҳолатда асаблари мустаҳкам эканлигини кўрсатиб, ЕЛдек турнирда ташаббусни қўлга олишга қодирлигини исботлади. «Европа майдонларида тезкор футболчиларсиз ижобий натижаларга умид боғлаш қийин,-деб ёзди Sport.cz. - Шчасни буни жуда яхши билади. Шунинг учун Римдаги жавоб баҳсида ҳужум чизиғида Лафата эмас, балки Юлишнинг ўйнагани маъқул бўлди. Бу жамоа сардорининг фаолияти якунланаётганини англатадими? Йўқ. У майдонда ҳамон етакчи ва айрим баҳсларда етарли фойда беради. Аммо эндиликда Лафатани нисбатан кучсизроқ рақиблар билан ўйинларда майдонга тушириш яхшироқ, барибир».
Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади