Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Сергей Ковшов: “Қўқонлик мухлисларга миннатдорчилик билдираман”

Баҳо:
+ | -

Ўтган йили “Андижон”нинг олий лигада қолишида катта ҳиссасини қўшган мураббий Сергей Ковшов бу йил “Қўқон-1912” жамоасида фаолият олиб боряпти. 3-турда эса ушбу жамоалар Қўқондаги стадионда беллашишди ва унда майдон эгалари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Мазкур ўйин эса Ковшов учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга эди. Шу сабабли учрашувдан кейин у билан суҳбатлашдик.

Сергей Геннадьевич, авваламбор мазкур учрашув ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз? Ўйиндан олдин “Андижон”нинг бизга жиддий қаршилик қилишини кутгандим. Чунки улар иккита ўйинда ҳам ютқазишганди ва Қўқонга келиб шунчаки уч очкони топшириб кетмаслигини яхши билардим. Мен ўйлаган нарса бўлди. Фақат биз ўйинни ҳимоядан бошладик. Гол урганимиздан кейин эса яна ҳимояга катта эътибор қаратдик. Лекин иккита имкониятдан фойдаланганимизда, ўйлайманки, “Андижон” жамоаси охиригача ҳужум уюштира олмасди. Ҳимояда ўйнаб, дарвозамиздан гол ўтказиб юбормаганимиз бизни хурсанд қилди. Лекин ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Сиз ўйинни юқори минбардан туриб томоша қилдингиз. Нима учун захира ўриндиғида ўтирмадингиз? Ўйинни пастда кўришдан кўра юқоридан кузатиш осонроқ. Бу ҳақида учрашувдан аввал бош мураббий билан келишиб олгандик. Мен учун тепадан учрашувни кўриш қулай. Чунки кимнинг қандай ўйнаётганини ён дафтарчамга ёзиб ўтирдим. Ўйиндан кейин таҳлил натижаларини бош мураббий билан бирга маслаҳатлашиб ўрганиб чиқамиз. Намангандаги ўйинда ҳам мен ўйинни юқоридан туриб кузатгандим. Бу ҳол мен учун одатга айланиб боряпти. Умуман айтганда, сизнинг клубдаги асосий ишингиз нималардан иборат? Мен бу ерда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийман. Шунингдек, маслаҳатчи мураббий сифатида ҳар бир учрашувдан кейин Мурод Музаффарович билан гаплашиб ўз маслаҳатларимни ва яна нималарга эътибор қаратиш кераклигини, қаерда камчиликларга йўл қўяётганимизни айтаман. Ўйиндан олдин андижонлик мухлислар сизни қарсаклар билан қарши олишди. Бу ҳолатда нималарни ўйладингиз? Албатта, мухлисларнинг мени бундай тарзда хурсандчилик билан кутиб олишларини билгандим. Чунки “Андижон”дан кетаётганимда ҳам мен билан жуда илиқ хайрлашишганди. Уларнинг қалбида Фарғонада қўлга киритилган ғалабамиз бир умрга мухрланиб қолди. Бунгача “Андижон” жамоаси “Нефтчи” майдонида умуман ғалаба қозона олмаганди. Айтишим мумкинки, айнан Фарғонада қўлга киритилган уч очко бизни олий лигада олиб қолди. Шунинг учун бўлса керак, андижонлик ишқибозлар мени ҳурмат қилишади ва яхши кўришади. Менимча, ҳали кўп эслаб юришади. “Қўқон-1912” “Андижон” дарвозасига гол урган пайтда сиз буни бошқача ҳиссиётлар билан қарши олдингиз… Мен асосий жамоада ишлайманми, ёки ёшлар жамоасидами, чин дилдан ўша клубга мухлислик қиламан. Чунки қайси жамоа билан шартнома имзолаган бўлсам, мен ўша ернинг аъзосиман. Шу боис бундай пайтда жамоангнинг урган голи ва ғалабаси бошқача завқни беради. Бу йил “Қўқон-1912”нинг мақсади 8-ўринни эгаллаш. Шунинг учун ҳар бир ғалаба биз учун хурсандчилик олиб келади. Сергей Геннадьевич, сиз ўтган йили қийин вазиятда “Андижон”нинг бош мураббийига айландингиз ва клубни олий лигада қолишини таъминлай олдингиз. Аммо мавсум тугаганидан кейин ишдан кетдингиз. Аслида ўшанда нима бўлганди? Биласизми, ҳозиргача раҳбариятнинг қарорини тушунмайман. Нима учун бундай бўлганига ўзим ҳам ҳайронман. Ҳалигача клуб мен билан ҳисоб-китоб ишларини бажаргани йўқ. Ҳеч ким менга кет деб айтмаган. Аммо шу билан бирга яна ишлайсан деб ҳам айтишмаган. Клубда нима бўлаётганини ҳеч ким тушунмай қолганди. Ишонасизми, шу кунгача “Андижон” раҳбарияти билан кўришмагандим. Бугун эса ўйин туфайли улар билан энди кўришдим. Бунгача эса уларни Андижонга бориб ҳам топа олмагандим. Ҳаммасини яхшилик билан, ётиғи билан тушунтириб ҳал қилиш ҳам мумкин эди. 2015 йилнинг 31 декабрь куни мени клуб билан тузган шартномам тугаган. Ўшанда “Сергей Геннадьевич, энди биз сизнинг хизматингиздан фойдаланмаймиз, ҳаммаси учун раҳмат деб қўл ташлашганида олам гулистон эди. Лекин улар менга бундай дейишмади. Натижада мен клубдан тушунарсиз равишда кетдим. Кейинчалик сиз “Қўқон-1912” жамоасига ўтдингиз. Бироқ “Андижон”дан кетганингиздан сўнг ишсиз қолиб кетишингиздан хавотирда эмасмидингиз? Бу борада ҳеч қандай хавотирланмаганман. Бундан ташқари, менда 2-3 та вариант ҳам бор эди. Мурод Исмоиловнинг таклифини қабул қилишимга келсак, у билан илгари “Пахтакор”да ҳам, “Нефтчи”да ҳам бирга ишлаганмиз. Уни яхши билганим учун “Қўқон-1912”ни танладим. Мураббийлик фаолиятингизда асосан иккинчи рақам остида ишлаб келгансиз. Масалан, ёрдамчи мураббий ёки ўринбосарлар устози сифатида ишлаганингизни яхши биламиз. Ўтган йили эса сизда маълум муддат бош мураббийлик қилиш имконияти туғилди ва бу орқали “Андижон”ни олий лигада сақлаб қола олдингиз. Мана шундай натижа кўрсатганингиздан кейин яна қаердадир бош мураббийлик қилишингизни кутганмидингиз? Албатта, менда яна бош мураббийлик қилиш иштиёқи ҳам, хоҳиши ҳам кучли эди. Янги йилгача “Шўртан”дан, ҳаттоки, “Қўқон-1912”дан ҳам бош мураббийликка таклиф хусусида гап-сўзлар бўлганди. Мен эса андижонликларнинг яна таклифини кутгандим. Бироқ қарасам вақт ўтиб кетяпти, агар яна кутадиган бўлсам, ишсиз қолиб кетишим ҳам ҳеч гап эмасди. Шу сабабли Қўқонга иккинчи мураббийликка ишлашга розилик бердим. “Андижон”ни яхши билардингиз. Табиийки, ўйиндан аввал Мурод Исмоилов сиздан клуб ҳақида сўраган бўлиши аниқ. Шундай экан, унга “Андижон”нинг ожиз нуқталари ҳақида қандай маслаҳатлар бергандингиз? Албатта, “Андижон” жамоасини яхши билардим. Масалан, Иқбол Бобохонов, Жавлон Гусейнов, Иброҳим Отахонов, Даврон Турсунов, Анвар Бердиев, Бобур Акбаров каби ўйинчиларнинг имкониятлари ҳақида тасаввурга эга эдим. Бу борада бош мураббий билан маслаҳатлашдик. Бу сир эмас. Футбол оламида эса аслида ҳам шунақа. Ҳар бир мураббий, у гоҳ терма жамоада бўлсин, гоҳ клубда бўлсин, албатта ўйиндан олдин рақибини ўрганиб чиқади. Биз ҳам рақибни ўрганиб шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Энг асосийси, бугун муҳим ғалабани қўлга киритдик. Ўтган йили олий лигада сақлаб қолган мураббий бугун ана шу собиқ жамоаси устидан ғалабага эришди. Айтингчи, ушбу ютуқ сизни қанчалик завқлантирди? Буни спорт тамойили сифатида қабул қилиш керак. Биз учун “Қўқон-1912”нинг ғалабаси муҳим эди. Лекин андижонлик ишқибозларнинг мени илиқ кутиб олишгани табиийки, каминани қувонтирди. Рости, бу ҳолат мен учун жуда ёқимли бўлди. Ўтган йили “Андижон”ни қийин вазиятда қабул қилиб, олий лигада сақлаб қолганимиз яхши бўлди. Аммо бунда биргина менинг хизматим бор деб айтмайман. Ўша ерда мен билан бирга ишлаган мураббийлар, футболчилар ва клубнинг ҳар бир ходимини алоҳида хизматлари бор. Лекин Андижон футболини яна биринчи лигага тушиб кетишидан асраб қолганимиздан ва бунда менинг ҳам ҳиссам борлигидан хурсандман. Ҳозир эса мен Қўқонда ишлаяпман ва жамоамизнинг ўз олдига қўйган вазифаси бор. Ўйлайманки, андижонликларнинг ҳам мақсади бўлса керак. Шу боис биз бошқа-бошқа вазифаларни бажаришга мажбурмиз. Одатда кимдир клубдан хафа бўлиб кетса, кейинчалик унинг салбий натижаларидан қувониши мумкин. “Андижон” эса чемпионатни учта мағлубият билан бошлади. Сиз эса собиқ жамоангизни кузатаётганингиз аниқ. Хўш, уларнинг салбий натижаларини қандай қабул қиляпсиз? Мураббийнинг тақдири шундайки, бугун бу ерда бўлса, эртага бошқа ерда бўлади. Ҳар бир мутахассис ким бўлишидан қатъи назар, бир-бирини ҳурмат қилиш керак. Тўғри, “Андижон”нинг мавсумни учта мағлубият билан бошлагани бу жуда ачинарли бўлди. Аммо ҳаммаси ҳали олдинда деб ўйлайман. Негаки, чемпионат тугаётгани йўқ, аксинча энди бошлади. Ушбу мағлубиятларни тарихда қолди деб ўйлаб кейинги ўйинларга тайёргарликни кучайтириш керак. Агарда “Нефтчи”ни юта олса, ўйлайманки, ҳаммаси жойига тушади. Мабодо, ўз уйида фарғоналикларга ҳам ютқазишса, кейинги ўйинни “Бухоро” майдонида ўтказишади. Бу жуда ҳам қийин бўлади. Менимча, воқеалар ривожи ҳозиргидек давом этаверса, унда қандайдир ўзгаришлар бўлиши ҳам мумкин. Бунисини албатта раҳбарият ҳал қилади. Аммо бундай бўлишини истамаган бўлардим ва “Андижон”га доим омад тилайман. Охирги савол: аслида мавсум тугаганидан кейин “Андижон”ни янги мавсумда бошқаришингизга ишонганмидингиз? Биласизми, бу масала бўйича ўтган йилнинг 5 декабрь куни раҳбарлар билан келишувга эришгандик. Клуб қисқа муддатли таътилга чиқди ва 15 декабрдан йиғин бошланди. Аммо шундан сўнг жамоада тушунарсиз ҳолатлар бошланди. Шундай бўлса-да, клубга келиб янги мавсум учун режалар тузиб чиқдик. Иш жараёнида эса тушунарсиз вазиятлар давом этаверди. Гоҳ Нозим Муллаохунов, гоҳ Виталий Лигай бош мураббийликка тайинланди деб гапиришди. Клубдаги охирги кунимни яхши эслайман. Ўшанда биз Фарғона вилояти ҳокими Кубоги турнирида айнан “Қўқон-1912” билан ўйнагандик ва ўша куни кечки пайт Бахтиёр Ашурматовнинг бош мураббий этиб тайинланганини эшитдим. Шундан кейин эса клубга керак эмаслигимни тушуниб етдим ва жамоадан кетдим. Суҳбат учун ташаккур ва келгуси ишларингизга омад тилаймиз. Тўхтанг, шу фурсатдан фойдаланиб, қўқонлик мухлисларга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар уйда ҳам, сафарда ҳам бизни қўллаб туришибди. Мақсадимиз ҳамиша ғалаба қозониб уларни хурсанд қилишдан иборат. Бунинг учун ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишга ҳаракат қилаверамиз.

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.

«Футбол Экспресс» газетасидан олинди.        

Манба: kokand1912.uz
Киритилди: 09:17, 06.04.2016.
Ўқилди: 3275 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.