"Андижон" - "Сўғдиёна" (3:0) учрашувидан сўнг "Андижон" устози Бахтиёр Ашурматов ўз фикрларини билдирди.
"Ўйиндан олдин йигитларга "Сўғдиёна" жиддий рақиб эканлигини тушунтириб ўтгандим. Сўнгги учт аўйинда улар "Локомотивдан бир очко олди, "Навбаҳор" билан бир очко ва сўнгги ўйинда "Нефтчи"ни мағлуб этди. ДАврон Файзиев яхши жамоа шакллантирган. Бир неч йилдан буён бу йигитлар билан ишлаяпти ва охирги йиллардан келиб чиқадиган бўлсак, "Сўғдиёна"нинг ҳозирги таркиби энг кучлиси деб ҳисоблайман. Ўйин биз учун қийин бошланди. Сабаби рақиб таркибида ярим ҳимояда тўпни назорат қила оладиган футболчилар бор ва улар кучли ўйин кўрсатгани сабаб ўйин бошида қийналдик. Лекин, йигитлар голдан кейин ўзларига келишди ва кўплаб хавфли вазяитлар яратиб кучли ўйин намойиш қилишди. Мухлислар кўз олдида, шукрки, ғалаба қозондик.
- Бошланғич таркибда ўзгаришларни кўрдик яъни Турсунов ва Отахоновларга дам берилди. Айнан нима учун бундай қарорга келдингиз?
- Афсуски, таркибни стабил ҳолатга келтира олмаяпмиз. Футболчилар битта ўйинда яхши ўйнаса, кейинги ўйинда биз ва ўзлари ҳоҳлаган даражада ўйнай олишмаяпти. "Бухоро"даги аянчли мағлубиятдан кейин шундай ўзгартиришлар қилишга қарор қилдик. Ўйлайманки бу ўзгартиришлар ўзини оқлади. Менимча, ҳар бир футболчини ўзини энг яхши ўйинга руҳан тайёрлаши ва ҳар бир ўйинга сўнгги жангга чиққандай чиқиши зарур. Мега жанговор, ғалаба қилишга сўнгги дақиақагача ишонадиган футболчилар керак ва сиз айтган футболчилардан ҳам кейинги ўйинларда фойдаланамиз. Лекин ҳозирча бугунги таркибни маъқул кўрдим ва бу ўзини оқлади.
- Ҳамкасбингиз Даврон Файзиев бугунги пенальти борасида эътирозини айтиб ўтди. Сизнинг фикрингиз қандай бу масалада?
- Эътибор берган бўлсангиз, мағлуб бўлсак ҳам, ғалаба қилсак ҳам мен ҳакамлар мавзусида гапирмаяпман. Чунки ҳакамлар ҳам хато қилиши мумкин. Худди шундай саволни "Бухоро" билан ўйинда Отабек Валижонов билан боғлиқ вазият бўйича ҳам мендан пенальти бормиди деб сўршаган эди ва мен бунга жавоб бермагандим. Бугунги ҳакамлар ўйинни юқори савияда бошқарди. Ҳакамларга "Бухоро"га 5-2 ҳисобида мағлуб бўлганимизда ҳам эътироз билдирмадим, бугун ҳам эътирозим йўқ. Назоратчилар баҳо беришади.
- Одатда ғолиблар муҳокама қилинмайди. Лекин мураббий сифатида қайсидур вазиятни муҳокама қилиш истаги борми?
- 5-2 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин мухлислар бизни қўллаб-қувватлади. Лекин бу мағлубиятни оғир қабул қилдим ва ўзимга келишим қийин бўлди. Лекин, жамоамиз раҳбарлари ва мухлислар қўллаб-қувватлаб ишонч билдиришди. Бироз вақтдан кейин жамоани биз истаган ҳолатга олиб келасиз, ўзгаришлар бор деган фикрларни айтишди. Бу ишонч ҳам бизга ва йигитларга қўшимча куч бағишлади. Шу сабабли, бугунги ўйинда бизга мухлислик қилганларга ва раҳбарларга раҳмат айтган бўлардим. Ўйинга келсак, камчиликлар бўлди. Тўпни яхшироқ назорат қила олмадик. 3-0 ҳисобида ғалаба қилаётган жамоа бемалол ўйнаши керак, йигитлар эса ундай қилишмади. Аксинча, "Сўғдиёна" кескин ҳужумларни амалга оширди ва биз бунга қўйиб бердик. Мана шу борада эътирозим бор. Бир киши устун бўлиб, имкониятлардан фойдалана олмадик, шундан хавотирландим. Давралар оралиғида таркибимизни янада кучайтириб, чизиқлардаги муаммоларни бартараф этамиз ва мавсумнинг иккинчи ярмида мухлислар кўришни истаган жамоага айланамиз.