Европа чемпионлар лигасининг ярим финал доирасида бўлиб ўтган "Манчестер Сити" ва "Реал" жамоалари ўртасидаги дастлабки ўйинда ҳисоб очилмади.
Бугунги ўйинда жамоалар биттадан асосий таркиб футболчиси хизматларидан фойдалана олишмади. "Манчестер Сити"га Яҳё Туре ёрдам бера олмаган бўлса, мадридликлар бош мураббийи жароҳатидан ҳали тўлиқ фориғ бўлмаган Криштиану Роналдунинг соғлигини хавф остига қўйишни истамади.
Ҳар иккала жамоа плей-офф босқичининг дастлабки ўйини эканини инобатга олган ҳолда ҳаракат қилди. Жумладан, Пеллегрини шогирдлари ўз уйидаги ўйинда гол ўтказиб юбориш яхшиликка олиб келмаслигини билган ҳолда ҳимояни мустаҳкам ушлашга ҳаракат қилишди. "Реал" эса фаворит статусига мос равишда имкон қадар олдинга ўтишга ҳаракат қилди.
Биринчи бўлим асосан майдоннинг ҳар бир қаричи учун жанг кечди. Бир жамоа ҳужум қилаётганида иккинчиси бутун жамоа бўлиб ҳимояланди. Натижада тўп хавфли зонага кўп ҳам етиб боравермади. Биринчи бўлим асосан 2-3та вазиятдаги қўполликлар ва Давид Силва жароҳат туфайли майдонни тарк этиши билан ёдда қолди.
"Реал" Манчестерга 0:0 ҳисоби учун келмагани аниқ эди. Мадридликлар иккинчи 45 дақиқаликда устунликка эга бўлишди. Уларнинг "стандарт"лари анча хавфли бўлди.
Дастлаб бурчакдан етказилган узатмага Серхио Рамос бош билан аниқ зарба берди. Жо Харт тўпни эгаллашга муваффақ бўлди. Ўйиннинг 72-дақиқасида "Этиҳад" стадиони дарвозаси тўсини мезбонлар фойдасига ишлади. Ўнг қанотдан етказилган узатмага Хесе 11 метрли нуқта яқинида бош билан зарба берди. Тўп йўналиши "парашют" ҳосил қилди ва дарвоза тўсинига тегиб, юқоридан тўрга тушди. Харт тўпга сакради, аммо унинг қўли тўпга тегмади.
Кўп ўтмасдан Жо Харт илк қаҳрамонлигини кўрсатди. Бурчакдан етказилган узатмага Каземиро бош билан зарба берди. Жо Харт, кутилмаганда, оёғи билан зарбани қайтарди. Голга тортадиган юз фоизлик вазият Пепеда бўлди. Яна ўша бурчак тўпидан кейин Бэйл бош билан йўналишини ўзгартирган тўп дарвозабон майдончаси ичида турган Пепега келиб тушди. Ҳимоячи 2-3 метрдан йўллаган зарбани Жо Харт қорни билан қайтарди! Агар ушбу вазият голган айланганида ҳам тўқнашув тақдири амалда ҳал бўларди.
Ўйин сўнгида манчестерликлар бироз уйғонгандек бўлишди. Агуэронинг узатмасидан кейин Стерлинг бирга бир вазиятга чиқиб бораётганди, Пепе жарима майдончаси чизиғи устидан ундан тўпни олиб қўйди. Қўшиб берилган дақиқаларда эса Кевин де Брюйне жаримадан йўллаган зарбани Кейлор Навас дарвозадан юқори кўтариб юборди.
Хуллас, бу кеча на "Реал"га, на "Сити"га гол уриш насиб қилди. Омад кўпроқ "шаҳарликлар" томонида бўлди. Финал йўлланмаси тақдири бир ҳафтадан кейин "Сантьяго Бернабеу"да ўтадиган жавоб ўйинида ҳал бўлади.
Европа чемпионлар лигаси, ярим финал, дастлабки ўйин
"МАНЧЕСТЕР СИТИ" - "РЕАЛ МАДРИД" - 0:0 (ОНЛАЙН ТРАНСЛЯЦИЯ)
Манчестер Сити – Харт, Компани, Клиши, Санья, Отаменди, Фернандо, Фернандиньо, Сильва (Ихеаначо, 40), Навас (Стерлинг, 77), де Брюйне, Агуэро.
Реал Мадрид – Навас, Пепе, Марсело, Карвахаль, Рамос, Модрич, Каземиро, Бэйл, Кроос (Иско, 90), Васкес, Бензема (Хесе, 46).
Огоҳлантиришлар: Пепе (24), Сильва (37), Карвахаль (90+2).