Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Чемпионлик сари 10 қадам: «Лестер» эртаги қандай ёзилди?

Баҳо:
+ | -

«Лестер» — Англия чемпиони: эртак ҳақиқатга айланди. Тан олиш керакки, камтаргина жамоанинг дунёнинг энг кучли чемпионати ғолибига айланишини нафақат унинг ашаддий ишқибозлари, балки дунёдаги минглаб-миллионлаб футболсеварлар исташгани табиий. Зеро, улар ўқиндан-ўйинга очилиб боришди, айниқса, гранд жамоага қарши матонат билан тўп суриб, кўпчиликнинг муҳаббатини қозонишди. «Tafsilot.uz» «тулкилар»нинг ушбу ақл бовар қилмас муваққиятга қай тариқа эришганини қадамма-қадам эсга олишга қарор қилди ва жамоани чемпионликка олиб келган энг муҳим омиллар рўйхатини тузиб чиқди.

Биринчи қадам: Раньерининг тайинланиши

Клаудио Раньери узоқ вақтдан буён энг омадсиз мураббийларлардан бири ҳисобланиб келинарди. Масалан, у фаолияти давомида ҳали бирон марта миллий биринчиликда ғалаба қозона олмаганди. «Интер», «Ювентус» ва «Монако» билан боғлиқ муваффақиятсизликлар, Греция миллий терма жамоаси ҳамда «Валенсия» билан юз берган «қулаш» италиялик мураббийнинг обрўсига путур етказмай қолмади. Мана шундай вазиятда Раньерининг «Лестер» бош мураббийлигига таклиф этилиши кутилмаган иш бўлганди. Гарри Реднапп ва Гари Линекер ва бошқа кўплаб футбол экспертлари италиялик мураббийнинг Англияда ишлари юришмаслигини бир овоздан таъкидлашди. Энди эса АПЛда Раньерига авлиёга қрагандек қарашмоқда, матбуот анжуманларида оғзидан чиқадиган сўзларишга маҳтал бўлиб ўтиришибди. У бир думалаб энг омадсиз мутахассисдан дунёнинг энг яхши мураббийларидан бирига айланиб олгандек гўё.

Клаудио Раньери, Фото: Reuters

 

Иккинчи қадам: Оказаки, Хут, Фукс, Кантенинг харид қилиниши

«Лестер»нинг трансфер бозоридаги харидларининг наф келтиришига ҳатто жамоага Клаудио Раньери таклиф этилганидан ҳам кўпроқ шубҳа билан қарашган эди. Германиянинг «Майнц» жамоасидан 8 млн фунт стерлингга Синзи Оказаки сотиб олинди, Франциядан 7 млн фунтга ҳеч ким танимайдиган хавбек Н’Голо Канте олиб келинди, «Сток Сти» эса фахрий футболчиси Роберт Хутни «тулкилар»га 3 млн фунт стерлингга пуллади. «Шальке»нинг собиқ ҳимоячиси Кристиан Фукс жамоага бепул келиб қўшилди, Франция кенгликларидан АПЛнинг бўлғуси энг яхши таянч ярим ҳимоячиси Канте топиб келинди. Яна, денг, буларнинг бари асосий таркиб ўйинчилари эди. Бир қарашда экспертларнинг шубҳалари тўғридек эди. Бироқ юқорида номлари санаб ўтилган футболчилар ўз ўйинлари билан бу гумонларни тумандай тарқатиб юборишди. Уларнинг ҳар бири жамоанинг алмаштириб бўлмас ўйинчисига айланишди, ҳар бири ушбу мавсумда камида 30 тадан ўйинга майдонга тушди.

Учинчи қадам: илк турда Адвокатнинг мағлуб этилиши

Раньери жамоаси илк турдаёқ ғалаба қозониб, мавсумни ғалаба билан бошлашган эди. Ўшанда Дик Адвокатнинг «Сандерленд»и 4:2 ҳисобида мағлуб этилганди. Ўша учрашувдаёқ АПЛнинг бўлғуси юлдузлари ўзларини намойн этишганди: Премьер-лиганинг бўлғуси энг яхши ҳужумчиси Жейми Варди ўзининг илк голини урган бўлса, Англияда ушбу мавсумнинг энг яхши футболчиси деб тан олинган Риёд Маҳрез дубль қайд этганди, Марк Олбрайтон эса «гол+пас» тизими бўйича уч очко жамғарган эди.

Видео. «Лестер Сити» – «Сандерленда» — 4:1. Олбрайтон рақиб дарвозасига гол урмоқда.

Тўртинчи қадам: биринчи ўринга чиқиш

«Лестер» ўтган йили 21 ноябрда «Ньюкасл»ни 3:0 ҳисобида енганидан сўнг турнир жадвалида яккапешқадам бўлиб олган эди. Шундан кейин  «тулкилар» бир неча бор тепага чиқиб, қуйига тушиб юришди. Бироқ барқарор ўйнашда давом этгани, шунингдек, «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Сити»нинг бир неча марта қоқилиши туфайли турнир жадвали юқорисига мустаҳкам ўрнашиб олди. Бироқ айнан «қарғалар»нинг тор-мор этиб, пешқадамлар сафига қўшилгандан кейингина «Лестер» ўйинчилари биринчи марта ушбу мавсум улар учун ақл бовар қилмас бўлишини ҳис қилишган бўлса, не ажаб?!

Бешинчи қадам: «Ман Сити» ва «Ливерпул»нинг таслим этилиши

«Лестер»нинг чемпионлик йўлидаги тўғридан-тўғри рақибларига қарши кечган ўйинлардаги натижалари камтарона. Биринчи даврада «Арсенал»га 2:5, «Ливерпул»га 1:0 ҳисобида мағлуб бўлган бўлса, «Тоттенҳэм» ва «МЮ» билан дуранг қайд этди. Мавсумнинг иккинчи ярми эса «тулкилар» учун анчайин омадли кечди. Роберт Хут деярли бир ўзи чемпионлик йўлидаги бўлғуси асосий рақобатчи жамоалар — «Тоттенҳэм»ни енгди (1:0), сўнгра АПЛнинг ўша пайтдаги етакчиси «Ман Сити»ни ер тишлатди (3:1).

Олтинчи қадам: терма жамоанинг эътирофи

Оламшумул мавсум давомида «Лестер» нафақат жамоавий муваффақиятлари билан қалбларни забт этди, шу билан бирга, жамоа футболчилари шахсий ютуқларга ҳам сазовор бўлди.  «Тулкилар»нинг энг зўр ҳужумчиси 2015 йилнинг 21 майида илк марта терма жамоа йиғинига чақирилди, 2015 йилнинг 7 июнида Ирландияга қарши кечган ўйинда дебют қилди.

Варди «Уч шерлар» сафидаги илк голини қарийб бир йилдан сўнггина урди. Германия термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида у Натаниэл Клайн товони билан оширган тўпни Нойер дарвозасига жойлаб, ҳисобни тенглаштирган эди. Эндиликда Варди «Евро — 2016»да Англия МТЖ сафида асосий таркибда майдонга тушиш учун Уэйн Руни ва Харри Кейннинг асосий рақобатчиси сифатида кўрилмоқда. Терма жамоага, шунингдек, Дэнни Дринкуотер ҳам чақирилган, Н’Голо Канте эса Франция термаси сафида россияликларга қарши ўтказилган ўртоқлик ўйинида дебют қилди.

Жейми Варди Англия термаси сафида, Фото: Reuters

Еттинчи қадам: Варди – суперҳужумчи, Маҳрез — мавсумнинг энг яхши ўйинчиси

АПЛнинг жорий мавсумининг энг яхши ўйинчиси мақомига даъвогарлар рўйхатидан «Лестер»нинг ўйинини ташкил қилувчи трио — Жейми Варди, Риёд Маҳрез ва Н’Голо Канте ўрин олганди. Ҳар учаласи ҳам мукофотга лойиқ эди, бироқ мутасаддилар ушбу мавсумда Англия чемпионатидаги энг фойдали футболчи 0151 жазоирлик яримҳимоячи Маҳрезни танлашди. Жорий мавсумда Риёд 34 учрашувда майдонга тушиб, 17 та гол урди, 10 та голга ҳаммуаллифлик қилди. Бу АПЛдаги энг яхши кўрчаткичдир. Вардига келсак, унинг мардоновор ўйинлари аслида энг яхши эътирофдир, ортиқча бир сўз дейиш қийин. «Лестер»нинг энг яхши ҳужумчиси мавсум давомида шунчаки фантастик ўйин намойиш этди, қаторасига гол уриш бўйича Премьер Лига рекордини янгилади. Бундан ташқари, йўқ жойдан гол яратишнинг ҳадисини олган бу футболчи «АПЛнинг мергани» мақомига номзод бўлиб турибди.

Саккизинчи қадам: рақибларнинг ҳолига бир назар

«Лестер»нинг чемпионлиги ҳақида сўз кетганда фақат «тулкилар»нинггина қадамлари ҳақида эмас, балки чемпионлик учун улар билан параллел равишда интилган рақиблар ҳақида ҳам тўхталмаслик мумкин эмас. Аниқроғи, улар ушбу ақл бовар қилмас мавсумдагина рақобатчи бўлишди холос. Жорий йилда «Челси» маълум вақт турнирнинг қуйи қисмига тушиб кетмаслик учун курашган ўтган йилги «Лестер» билан баҳслашиши мумкин эди. Бошқа жамоаларнинг иши бироз яхшироқ кечди. «МЮ» ва «Ливерпуль» бутун мавсум давомида иситмалаган бўлса, «Ман Сити» эса ЕЧЛга боши билан шўнғиб кетиб, ортга қайтишни ҳам унутиб қўйди, «Арсенал» бўлса яна бир карра адабий омадсиз мақомини ўзлавштирганини тасдиқлади — ҳаато ашаддий ва абадий рақиблари унга чемпионлик сари йўл очиб беришганда ҳам 4-ўринда собит қолди. Чемпионлик учун фақатгина «Тоттенҳэм» охиригача кураш олиб борди. «Тақачилар» чемпионатда интригани сақлаб туришлари учун ҳам шунчаки ғалаба қозонишлари керак эди. Бироқ «Вест Бромвич»га қарши ўйинда очко йўқотиб, амалда «Лестер»ни рақобатдан холи жамоага айланишига замин яратишди.

Тўққизинчи қадам: характер ва «Вест Хэм» билан дуранг

«Лестер»нинг ҳақиқий чемпион жамоа сифатида шаклланишида чемпионат финиши ҳал қилувчи роль ўйнади. Руҳий томондан жамоа чўққида қолишни ният қилгандан кўра чўққига етишни мақсад қилганлар маррага осонроқ етишади. Сени жиддий қабул қила бошлаганларидан сўнг эса охиригача туриб бериш, мўъжизага яқин қолганда тош келса кемириш, сув келса симириш талаб этилади. Ҳаммасини уддалаш керак. Чемпионлик йўлидаги энг муҳим ўйинлардан бири —«Вест Хэм» қарши кечган учрашувда Варди майдондан четлатилгач, 95-дақиқагача бир киши кам бўлиб ўйнашди ва гол уриб мағлубиятдан қутулиб қолишди. Асосий ҳужумчиси майдонга тушолмаган ўйинда Вардидан ҳам кўпроқ гол уриб «Суонси»ни қақшатишди, афсонавий «Олд Траффорд»дан очко билан қайтишди…

Ўнинчи қадам: «Олд Траффорд» ва «Стэмфорд Бридж»даги дуранг

Эртакнинг якуни аллақачон тарихга айланиб улгурди. «Олд Траффорд»да бўлиб ўтган машаққатли ва шиддатли ўйинда жамоа сардори Уэс Морган «олтин гол»га тенг гол уриб, «Лестер»га дуранг келтирганди.

«Орзулар театри»да чемпионлик орзуси амалга ошмагач, «тулкилар» Лондон дербисини кутишга мажбур бўлди. «Челси» ўйинчилари ҳам ҳам Раньери жамоасининг байрами бузилмаслиги учун қўлларидан келган ҳамма ишни қилишди. 0:2 ҳисобида ортда қолаётиб, ўйин тугагунча икки тўп киритишни, шунинг баробарида, бошқа гол ўтказиб юбориб юбормасликни эплашди. Дарвоқе, «Лестер»нинг деярли барча ўйинчилари «Челси» — «Тоттенҳэм» учрашувини Вардининг уйида — сеҳрли эртакнинг қаҳрамонларини табриклаш учун дарвоза олдида шай турган ўнлаб мухлислар қуршовида томоша қилишди. Ва улар ниятига етишди. Бугун Лестер аҳли ухламайди — бу аниқ!

Манба: tafsilot.uz
Киритилди: 18:45, 03.05.2016.
Ўқилди: 4970 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.