Испаниянинг "Реал" ва Англиянинг "Манчестер Сити" жамоаси бугун, 4 май куни ЕЧЛнинг ярим финалида иккинчи учрашувни ўтказади. Бир ҳафта олдин Манчестерда бўлиб ўтган илк учрашувда ҳисоб очилмаганди.
Европа тарихидаги энг совриндор жамоа бўлмиш "Реал" илк учрашувда гол ура олмаган бўлсада, жавоб учрашуви олдидан қулай имконият ҳосил қилган. Ўз майдонида кучли ўйин намойиш этадиган бу жамоа аввалги босқичда "Вольфсбург"га сафарда 0:2 ҳисобида ютқазган бўлсада, ўз майдонида 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга чиққанди.
2 ҳафта олдин Испания чемпионати учрашуви вақтида жароҳат олган Криштиану Роналду бугунги ўйинга тушиш учун тайёр. Португалиялик ҳужумчи жорий мавсумда ЕЧЛнинг шу вақтгача ўтган учрашувларида 16 гол урган. Агар у яна гол урадиган бўлса, лиганинг бир мавсумида урилган голлар бўйича рекордни янгилайди. Роналду "Вольфсбург"га қарши учрашувдаги барча 3та голга муаллифлик қилган ва "Реал"ни кейинги босқичга олиб чиққанди.
Ўйиндан олдин ўтказилган матбуот анжуманида жамоа бош мураббийи Зинедин Зидан Роналду ўйинга тушиш учун 100 фоизга тайёрлигини, аммо яна бир асосий ҳужумчи Карим Бензема жароҳат туфайли ўтказиб юбориши ҳақида айтган.
"Манчестера Сити" учун ЕЧЛ ярим финалида ўйнаш жамоа тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Жамоа турнирнинг жорий мавсумидаги плей-офф учрашувларининг сафарда кечган иккитасида ўзига керакли натижани қайд эта олди. Аввалига Киевнинг "Динамо" жамоаси 3:1 ҳисобида мағлуб этилди, чорак финалда эса "Пари Сен-Жермен"га қарши сафар учрашуви 2:2 ҳисобида якунланди.
"Реал" турнирнинг бу мавсумида ўз майдонида кечган учрашувларда гол ўтказиб юбормаяпти. Уй учрашувларида жами 18та гол урилган.
Инглизлар жамоаси Мадридга таркибдаги жиддий йўқотиш билан келади - Давид Сильва Англия чемпионатидаги ўйинлардан бирида бел қисмида жароҳат олган. Шунингдек, жамоа етакчиларидан бири Яя Туренинг бу ўйинда майдонга тушиши сўроқ остида.
"Реал" - "Манчестер Сити" учрашуви "Сантьяго Бернабеу" ўйингоҳида Тошкент вақти билан соат 23:45да бошланалди. Ўйинни бошқариб бориш учун словениялик Дамир Скомина тайинланган, унга қанотларда Юре Прапротник ва Роберт Вукан ёрдам беради.
Турнирнинг биринчи финалчиси 3 май оқшомида Мюнхенда "Баврия" ва Мадриднинг "Атлетико" жамоалари ўртасида кечган баҳсда аниқланди. Унда мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлсада, испанлар жамоаси сафардаги гол қоидаси эвазига финалга чиқишди (Мадриддаги биринчи учрашув мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди).
Финал учрашуви 28 май куни Италиянинг Милан шаҳрида ўтказилади.