“Насаф” профессионал футбол клубида 9 май хотира ва қадрлаш кунига бағишланиб, Қашқадарё футболини ривожланишида муносиб ҳисса қушган, футбол жонкуяри Нуриддин ака Зайниев хотирасига бағишланган футбол турнири бўлиб ўтди.
Хотира турнирига ташриф буюрганлар шунингдек Нуриддин ака Зайниевнинг қабрини ҳам зиёрат қилишди ва қуръон тиловат қилинди.
Мусобақа бошланиши олдидан хотир турнирининг очилиш маросими ҳам ўтказилди. Унда Қарши шаҳар ҳокимлиги, шаҳара маданият ва спорт бошқармаси, Қашқадарё вилояти футбол федерацияси, “Насаф”, “Шўртан” ва “Машъал” футбол клубларининг раҳбарлари сўзга чиқишиб, Нуриддин Зайниевнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўз хотираларидан иширокчиларга сўзлаб беришди. Шунингдек очилиш маросимида Нуриддин ака Зайниевнинг оила аъзолари вакили сифатида Илҳом Шодиев ҳам қатнашиб, хотира турнири ташкилотчиларига миннатдорчилик изҳор этди. Ушбу хотира турнири вилоятимизда анъанага айланиб қолишига умид билдирди.
Мазкур хотира турнирида вилоятимизнинг ўн учта футбол фахрийларидан ташкил топган жамоалар иштирок этишди. Булар, “Насаф”, “Шўртан”, “Омад”, “Олимпия”, “Пульсар”, “Бешкент”, “Нефтгаз”, “Қарлиқ”, “Қора тепа” “Китоб”, “Косон”, Касби” ва “Муборак” футбол жамоаларидир.
Мусобақа низомига ва қуръага кўра, жамоалар ўз рақиблари билан баҳсга киришишди. Дастлабки босқичда қуйидаги жамоалар бир-бирлари билан рўбару келишди:
“Омад” – “Олимпия” 5:12
“Шўртан” – “Бешкент” 1:3
“Нефтгаз” – “Қарлиқ” 4:7
“Қора тепа” – “Муборак” 5:2
“Косон” – “Китоб” 7:3
“Касби” – “Насаф” 2:8
Ўн учинчи жамоа “Пульсар” эса учрашувларни тўғридан-тўғри иккинчи босқичдан бошлади.
Стадионга ташриф буюрган футбол ишқибозлари учун айниқса “Касби” – “Насаф” учрашуви жуда катта қизиқиш ўйғотди, чунки “Насаф” фахрийлари жамоасида “аждарлар”нинг собиқ футболчилари Рўзиқул Бердиев, Шуҳрат Тошпўлатов, Зафар Холмуродов, Нурали Султонов каби ўтмишда ўзларининг чиройли ва мазмунли ўйинлари билан мухлислар эътирофига сазовор бўлган ўйинчилар иштирок этишди.
Хотира турнирининг иккинчи босқичида қуйидаги натижалар қайд этилди ва ғолиб жамоалар навбатдаги босқичга йўл олишди
“Насаф” – “Пульсар” 7:5
“Бешкент” – “Қарлиқ” 4:2
“Қора тепа” – “Косон” -:+
“Қора тепа” жамоаси сафида ёш футболчи майдонга тушгани учун турнир бош ҳаками Константин Смирнов томонидан ушбу жамоага техник мағлубият ёзилди.
Шундай қилиб, хотира турнирининг ярим финалига “Насаф”, “Косон”, “Бешкент” ва “Олимпия” жамоалари етиб келишди.
Ярим финалда, “Насаф” – “Косон” 7:5, “Бешкент” – “Олимпия” 2:5 натижалари қайд этилди.
Хотира турнирининг финалида “Насаф” ва “Олимпия” жамоалари туқнаш келишди. Ушбу баҳс жуда қизиқарли ва курашларга бой кечди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қарши шаҳар Олимпия заҳиралари коллежи ўқитувчи ва мураббийларидан ташкил этилган жамоа “Насаф” жамоаси фахрийларига муносиб қаршилик кўрсатишди. Аммо финал учрашуви “Насаф” жамоаси фахрийларининг ғалабаси билан якунланди. Учрашувдаги голларга “Насаф” жамоасидан Нурали Султонов (2), Нурали Қўнғиров (2) ва Элдор Мойлиевлар киритишди. “Олипия” жамоасининг голларига Ўткир Ҳолиқов (2) ва Элдор Рўзиқуловлар муаллифлик қилишди. Финал учрашуви 5:3 ҳисобида ниҳоясига етди.
Мусобақа якунлангач ғолибларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Унда Қашқадарё Футбол Федерацияси вице президенти Норқул Даминов, федерациянинг мусобақаларни ўтказиш бўлими бошлиғи Асрор Хўжаев, “Насаф” ПФК бош менеджери Шамил Ярулин, “Насаф” ПФК спорт директори Николай Ни, “Шўртан” ПФК директори Шоди Номозов ва бошқа расмий кишилар иштирок этишди. Хотира турнирида 3-ўринни эгаллаган “Бешкент” ва “Косон” жамоалари, 2-ўринни эгаллаган “Олимпия” жамоаси ва фахрли 1-ўринни эгаллаган “Насаф” фахрийлари жамоалари эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирланишди. Марҳум Нуриддин ака Зайниевнинг оиласи вакилига хотира турниридан эсдалик совғаси ҳам тақдим этилди.
Маросимда бундай хотира турнири бундан буён мунтазам ўтказиб борилиши ҳақида билдириб ўтилди.
Шуниси диққатга сазоворки, куни кеча вилоятимизда Нуриддин Зайниев хотирасига бағишланган шахмат турнири ҳам ташкил этилган.
Хотира турнирида вилоятимизда фаолият юритаётган ОАВлари вакиллари ҳам ҳозир бўлишди.
Хотира турнири яунига етгач ташкилотчилар томонидан дастурхонга ош тортилди.