Ўтган ҳафта Англия чемпионати 36-тури доирасида «Манчестер Юнайтед» ва «Лестер» ўртасида муҳим ўйин бўлиб ўтди. Бу баҳс премьер-лига ғолиблиги масаласини ҳал қилиб бериши лозим эди. Аммо ҳозир гап мазкур учрашув ҳақида кетмайди. Шунчаки, ушбу қарама-қаршилик атрофида рўй берган бир воқеа хусусида сўз юритмоқчимиз.
«Лестер» бу ўйинни сафарда ўтказди. Унда қайд этиладиган натижа эса муҳим аҳамиятга эга эди. «Тулкилар» эҳтимолий чемпионликни ўз мухлислари қаршисида нишонлашни жуда истагандилар. Шу боисми, клуб раҳбарияти ўзига хос «оригинал» қарорга келди - учрашувни ўз майдонидаги улкан мониторда намойиш этишни режалаштирди. Шу тариқа, мухлислар ўз суюклиларининг ҳис-ҳаяжонларига шерик бўлиш имкониятини қўлга киритардилар. Аммо...
Англияда буни амалга ошириш осон эмас экан. «Лестер»га, энг аввало, Англия футбол ассоциацияси қарши чиқди. «Шаҳар бедарвоза эмас», деганларидек, туманли ўлкада премьер-лига ўйинларини намо-йиш этиш ҳуқуқига эга ташкилотлар бор. АФА бу ҳуқуқни Sky Sports ва BT Sport каналларига сотиб улгурган ва табиийки, ҳамкорлар манфаатига зид келадиган ҳар қандай тадбирга қарши чора қўлланади. Охир-оқибат, «Лестер»га эртакнамо ташаббусини рўёбга чиқариш имкони берилмади. Ушбу ҳолат, ўз навбатида, бизнинг ҳам эътиборимизни тортди. Сабаби...
«МЮ»га қарши кечган баҳсда «Лес-тер»нинг кўпсонли мухлислари стадионга сиғмай, кўчада қолиб кетишди. Аслида, бундай манзара бизга ҳам бегона эмас. Ана, қишда футзал бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида тахминан 3 минг кишига мўлжалланган спорт мажмуасига кириш учун 10 минггача ишқибоз келганини кўрдик. Мана, энди кўчада қолиб кетгани қанча эканлигини тасаввур қилаверинг. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ саралашида майдонга тушганида, бундай манзара неча марта такрорланганини санаб адоғига етиш қийин. Бундай вақтда мухлисларга ачинасан. Ҳатто, қўлида чипта билан кўчада қолиб кетганларни ҳам кўрганмиз. Шундай экан, «Лестер» мухлислари бошига тушган «кўргилик» бизга бегона эмас. «Тулкилар» раҳбарияти-ку мухлисларига ёрдам беришга имкон қадар ҳаракат қилиб кўрди. Аммо биз-чи? Наҳотки, бу ишга ҳеч бўлмаса уриниб кўришнинг иложи топилмаса...
Ишонинг, бу у қадар қийин иш эмас. Шунчаки, «Лестер» ташаббусини такрорлаш кифоя. Муҳими - бизда Англиядаги каби муаммо такрорланмаслиги эҳтимоли юқори. Аксинча, бунинг ортидан, ҳаттоки, пул ишлаб олиш ҳам мумкин.
Мана, мисол учун, 1 сентябрда Ўзбекистон миллий термаси ЖЧ-2018 саралашида ўз майдонида Сурия термасини қабул қилади. Учрашув муҳташам «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади. Ўз-ўзидан унга қизиқиш юқори бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. Биринчидан - ўйин аҳамияти юқори. Иккинчидан эса, учрашув биз учун суюкли байрам - Мустақиллик кунига тўғри келмоқда. Табиийки, бундай вақтда мухлисларни стадионга йиғилишдан ҳеч қандай куч тўхтатиб қололмайди. Аммо чипта ҳаммага етадими? Йўқ, албатта. Ахир бундай ҳолатга аввал ҳам неча бор гувоҳ бўлганмиз!
Хўп, шундай паллада нима қилиш керак? Аввало, яна такрорлаб ўтайлик, «Лестер»га тўғаноқ бўлган омил бизга дахл қилмаса керак. Боиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинларини юртимизда олиб кўрсатиш ҳуқуқи «Спорт» телеканалига тегишли. Бу телеканал олий лига баҳсларини беминнат тарзда трансляция қилиб келаётгани ва ЎФФ унга имкон қадар ёрдам бераётганини инобатга олсак, МТЖ иштирокидаги ўйинларни бирор стадионда, айтайлик, «Пахтакор»даги катта экранда олиб кўрсатиш у қадар муаммо туғдирмаса керак. Бу ишни қисқа музокара орқали ҳал этиш мумкинлигига ишонамиз. Шундай экан, «Пахтакор»да минглаб мухлислар иштирокида ўйинни ретрансляция қилиш имконияти мавжуд. Қўшимчасига, учрашув шарҳини ҳам бериб бориш мумкин. Хоҳлашса, овоз кучайтиргич орқали «Спорт»да берилаётган трансляциянинг шарҳини улаб қў-йишсин, хоҳлашса, бошқа шарҳловчини «Пахтакор» стадионига таклиф этишсин. Ҳар икки ҳолатда ҳам ишқибозлар учун катта байрам ташкил қилиниши тайин.
Бу тадбирнинг яна бир ижобий томони - ЎФФ эҳтиёжи йўлида қўшимча даромадга эга бўлиш мумкин. Ишонамизки, «Пахтакор» стадионига 10 мингдан кам мухлис келмайди. Табиийки, улар стадионга текинга кирмайдилар. Айтайлик, ҳар бир мухлисдан 5 ёки 10 минг сўмдан олинса, яхшигина сумма йиғилади. Бу ҳам ўз навбатида, қўшимча эҳтиёжлар учун даромад манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Қўшимчасига чипта олиб-сотарларига ҳам катта зарба берилади. Зеро, улардан 50-60 мингга чипта харид қилмай, ўн баробар арзонроғига катта мониторда ўйинни томоша қилган маъқул эмасми?
Бу бизнинг «Лестер» қўлламоқчи бўлган тадбирдан илҳомланиб ёзган бир таклифимиз, холос. Балки ўринлидир, балки ўринсиз. Нима бўлган тақдирда ҳам, ушбу таклиф мухлислар манфаатини кўзлаб ёзилганини унутманг. Чунки бу гапларни термамиз ўйинига киролмай, кўчада қолиб кетган мухлис ёзмоқда...
Учқун ЖАЙНОҚОВ,
Жиззах вилояти, Дўстлик тумани