Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Чўққи сари 10 қадам ёки яна "Лестер" ҳақида

Баҳо:
+ | -

«Лестер» - Англия чемпиони! Айёр «тулки» ҳақидаги эртак ҳақиқатга айланди. Championat.сom сайти ижодкорлари жамоанинг тарихий ғалаба йўлида босиб ўтган «бекатлар»ига эътибор қаратишди.

1-қадам: Раньерининг тайинланиши

Узоқ вақт давомида Клаудио Ранье­ри омадсиз мураббийлар қаторида юришга маҳкум этилди. Мисол учун, фаолияти давомида ҳали бирор марта чемпионлик унвонини қўлга киритолмаганди. Бу борада италиялик мутахассисга на «Интер», на «Ювентус» ва на «Монако» ёрдам беролди. Греция термаси ва «Валенсия»даги ишлари ҳам қониқарсиз хотима топди. Мураббий нуфузидан батамом жудо бўлган мутахассиснинг «Лестер»га келиши кўпчиликни ажаблантирди. Харри Реднапп ва Гари Линекердек алломалар Раньерининг Англияда ҳеч нарсага эришолмаслигини башорат қилишганди. Ана шу «ношуд» ҳозирда АПЛнинг бош қаҳрамони, матбуот анжуманларининг тўри уники, барча унинг ҳар бир иборасига диққат билан қулоқ солади. Раньери қандайдир бир йил ичида омадсиз мураббий «тамға»сини даҳо мутахассис унвонига айлантирди.

2-қадам: Оказаки, Хут, Фукс, Канте хариди

«Лестер»нинг трансфер фаолияти Раньерининг мураббийликка тайинланишидан ҳам пастроқ баҳоланди. «Тулкилар» 8 млн. фунт эвазига «Майнц»дан Оказакининг харид қилишди. Ҳеч кимга таниш бўлмаган 7 млн.ли француз Н~Голо Канте, «Сток»дан 3 млн.га сотиб олинган Роберт Хут ва «Шальке»дан эркин агент сифатида ўтган Кристиан Фукс асосий таркиб ўзагини ташкил этишди. Уларнинг ҳар қайси бири чемпионлик мавсумида камида 30 мартадан майдонга тушишди.

3-қадам: Илк турда Адвокаат устидан ғалаба

Мавсумнинг дастлабки турида «Лестер» Дик Адвокаатнинг «Сандерленд»ини 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўшандаёқ АПЛнинг бўлажак юлдузлари нур соча бошладилар. Чемпионатнинг энг яхши тўпураридан бирига айланган Жейми Варди гол муаллифига айланди. Мавсумнинг энг яхши футболчиси унвонига лойиқ топилган Риёд Маҳрез «дубл»га эришди. Марк Олбрайтон эса ўз ҳисобига 3(1}2) баллни ёзиб қўйди.

4-қадам: Биринчи ўринга кўтарилиш

Карвонбошилик тизгинини «Лестер» 21 ноябрь оқшомида, «Ньюкасл» устидан қозонилган йирик ғалаба (3:0)дан сўнг қўлга олди. Кейинчалик етакчилик бир неча бор қўлдан чиқарилди. Лекин асосий таъқибчилар - «Тоттенхэм» ва «Манчестер Сити»нинг бир нечта самарасиз ўйинларидан кейин 1-ўринга ўрнашиб олинди. «Қарғалар» устидан эришилган зафардан кейин улар мўъжиза рўй бериши мумкинлигига астойдил ишона бошлашди.

5-қадам: «Манчестер сити» ва «Ливерпуль» устидан қозонилган ғалаба

«Лестер» биринчи даврада чемпионлик учун асосий рақобатчилари бўлган жамоаларга қарши анча камтарона тўп сурди. «Арсенал»дан 2:5 ва «Ливерпул»дан минимал ҳисобда енгилди. «Тоттенхэм» ва «МЮ» билан муроса йўли танланди. Бироқ иккинчи давра нисбатан омадлироқ бўлди: Роберт Хутнинг индивидуал ҳаракати асосий таъқибчи - «Тоттенхэм»ни 1:0 ҳисобида тиз чўктирди, кейин «шаҳарликлар» «тулкилар» «ўлжа»сига айланишди.

6-қадам: Терма жамоалар эътирофи

Мусобақада жараёнида «Лестер» футболчиларига нафақат жамоавий муваффақиятлар, балки улардаги шахсий ўсиш ҳам қўшимча куч, илҳом бағишлади. Жамоанинг энг яхши тўпурари Варди 2015 йили май ойида терма жамоадан таклиф олиб, 7 июнь куни Ирландияга қарши баҳсда илк марта майдонга тушди. Миллий жамоа сафидаги илк голини эса яқинда Германия билан бўлган баҳсда нишонлади. Ҳозирда Жейми Уэйн Руни ва Хари Кейннинг асосий рақобатчиси сифатида Евро-2016 турнирига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Рой Хожсон Дэнни Дринкуотерни ҳам ўз жамосига таклиф этган. Н~Голо Канте эса Франция терма жамоаси таркибида Россияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

7-қадам: Варди - супертўпурар, Маҳрез - энг яхши футболчи

Мавсумнинг энг яхши футболчиси совринига даъвогарлар рўйхатидан «Лестер»нинг ўзига хос триоси - Варди-Маҳрез-Канте жой олишганди. Очиғи, уларнинг ҳар бири унвонга лойиқ эдилар. Охир-оқибат, мавсумнинг энг сермаҳсул ўйинчиси - Маҳрез ғолиб сифатида эътироф этилди. Жазоирлик ярим ҳимоячи 34 марта майдонга тушиб, 17та гол ва 10та самарали узатмани амалга оширди. Бу АПЛдаги энг юқори кўрсаткич!

Варди хусусида тўхталадиган бўлсак, ундаги фантастик тараққиёт ҳақида жуда кўп ёзилди. Дарвоқе, йўқ жойдан гол пайдо қиладиган «тулки» тўпурарда АПЛнинг энг яхши мерганига айланиш имконияти йўқ эмас. Бу ишда унга чемпионлик унвони қўшимча куч бағишлаб, мадад бўлса, ажабмас.

8-қадам: Рақобатчилар 100 қадамга чекинишди

«Лестер»нинг чемпионлиги хусусидаги баҳсда рақобатчи жамоаларнинг қарама-қарши томонга одимлашганини тилга олиш ўринли. Аниқроғи, шу ҳайратомуз мавсумда уларнинг ўзлари рақобатчи ролини маъқул кўришди. «Челси» узоқ вақтгача турнир жадвалининг тубидан кўтарилиш учун курашди. Бошқа грандларнинг иштироки нисбатан муваффақиятлироқ бўлсада, «Лестер»­чалик қатъият кўрсатишмади. «МЮ» билан «Ливерпул»га барқарорлик етишмади, «Ман.Сити» ЧЛ баҳсларига ғарқ бўлиб, АПЛни унутди. «Арсенал» эса доимий омадсиз жамоа эканига иқрор бўлиб, 4-поғона билан кифояланди. Ваҳоланки, таъқибчилар унга чемпионлик йўлини бўшатиб беришганди. Ниҳоят, «Тоттенхэм» ҳам «тулкилар» ортидан чопишни тўхтатди. Агар «шпорлар» «Вест Бромвич» билан кечган ўйинда очко йўқотишмаганида, вазият янада чигаллашган, сўнгги турларнинг шиддати кучлироқ бўлиши аниқ эди.

9-қадам: Қатъият ва «Вест Хэм» билан дуранг

«Лестер»нинг чемпионлигида сўнгги босқич муҳим ўрин тутади. Маълумки, ҳеч қачон грандлар даврасида юрмаган жамоа учун чўққига чиқиб олиш у ердан тушиб кетмасликдан кўра осонроқ. Чунки кўпчилик жамоалар унинг чиранишларига етарли эътибор бермайдилар. Илгарилаб кетгач, рақиблар унга қарши  жиддий тайёргарлик кўра бошлашади. Ана шу мураккаб вазиятда карвонбошидан ўзини қўлга олиш талаб этилади. «Лестер» худди шундай қатъият, тиришқоқликни «Вест Хэм»­га қарши баҳсда тўла-тўкис намойиш этди. Майдонда озчилик бўлиб қолишига қарамай, 95-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Кейинги турда «Суонси» дарвозасига асосий тўпурар майдонга тушгандагидан кўра кўпроқ гол урди, ниҳоят, «Олд Траффорд»да чинакам олтин очко билан қайтишни уддалади.

10-қадам: «Олд Траффорд» ва «Стэмфорд Бридж»­даги дуранг

Ажойиб эртакнинг хотимаси энди тарихга айланди. «Олд Траффорд»даги муросасиз беллашувда «тулкилар» сардори Уэс Морган мавсумнинг «олтин голи»ни амалга ошириб, «Лестер»га қимматли бир очкони тортиқ этди. Жанговар дурангдан сўнг «тулкилар» Лондон дербиси натижасини кута бошлашди. «Челси» эса Клаудио Раньерининг ажойиб жамоаси байрамни барвақтроқ бошлаши учун бор имкониятини ишга солди ва 0:2 ҳисобини 2:2га айлантирди. Дарвоқе, «тулкилар» мазкур учрашувни томоша қилиш учун Вардининг «уяси»га жам бўлишган. Уларни чемпионлик билан қутлаш ниятида бўлган мухлислар эса уйни қуршаб олишганди. Хуллас, 2 май оқшомида «тулкилар» эртаги ниҳоясига етди. Ўша оқшом Лестер фуқаролари тонггача кўз юммай, чемпионликни нишонлашгани аниқ!

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:22, 09.05.2016.
Ўқилди: 2776 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.