Евро-2016 иштирокчиларини олҒа ундовчи шиорлар. УЕФА ўтган ҳафта Франция мезбонлик қилувчи ва старти тобора яқинлашаётган қитъа чемпионатига борувчи миллий жамоаларнинг расмий шиорларини эълон қилди. Ҳа, жорий ёз Франция йўлларида ёрқин рангли автобусларни кўриш мумкин. Улар «кўҳна қитъа» футболининг асосий турнирида қатнашувчи 24та миллий жамоа хизматида бўлади. Ҳар бир автобус муайян мамлакат миллий байроғи ва жамоанинг расмий шиори билан безатилади. Эътиборли томони, жамоалар шиор танлаш масаласини ўз мухлисларига қўйиб беришди. Қисқаси, қуйидаги даъватнамо ибораларнинг барчаси мухлисларнинг ижод намунасидир. Иштирокчиларнинг расмий автобуслари кенг жамоатчилик ҳукмига ҳали расман ҳавола этилгани йўқ (Европа чемпионати бошланиши арафасида тақдим қилинади). Шундай экан, ҳозирча футболчиларни олға ундовчи шиорлар билан танишиб чиқамиз.
Австрия - «Яна, яна ва яна Австрия!» (Immer wieder, immer wieder, immer wieder Osterreich)
Австрия миллий жамоаси автобусида мухлисларга жуда таниш ва қадрли иборалар жой олади. Айтиш жоиз, австриялик фанатлар суюкли жамоаларини ўйинлар давомида айнан шу шиорни баралла айтиш орқали ўзгача олқишлайдилар. Европа чемпионати саралаш баҳсларида ҳам бу ҳолат яққол кўзга ташланди ва натижаларга қарасак, «Яна, яна ва яна Австрия»нинг футболчиларга таъсири чакки эмас.
Албания - «Оҳ, албан бўлиш қандан яхши-я!» (O Sa Mire Me Qene Shqiptar!)
Бу иборалар албаниялик хонанда Розана Радининг эҳтиросли қўшиғидан олинган. Биласиз, Евро-2016 Албания терма жамоаси учун тарихдаги илк халқаро турнир ҳисобланади. Хуллас, ҳаяжонли ва тўлқинлантирувчи воқелик, шундай бўлгач, шиор ҳам жамоани максимал даражада шайлантириши лозим. УЕФА сайтида албаниялик мухлисларга яна 2та вариант ҳавола этилганди («Албания, менга ғурур бағишла» ва «Бургутлар» парвозингиз баланд бўлсин»), лекин улар айнан машҳур қўшиқ сатрларини танлашди.
Англия - «Биттажамоа, биттаорзу» (One team, one dream)
Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатидагига таққослаганда, Англия терма жамоаси шиори нисбатан қисқартирилди. Мундиалда инглизлар «Битта жамоа орзуси - миллионларнинг юрак уриши» шиори остида майдонга тушишганди. Хуллас, энди миллионларнинг юрак уриши ягона орзу билан алмаштирилди.
Бельгия - «Битта жамоа - битта мақсад» (1 team — 1 ambitie)
Бир неча жамоаларнинг шиорлари бир-бирига ўхшаш ва уларда асосан якдиллик, ҳамжиҳатлик ва умумий мақсад руҳи уфуриб туради. Хусусан, бельгияликлар ҳам айнан шундай маъноли шиорни танлашган.
Венгрия - «Риа Риа Венгрия!» (Ria Ria Hungaria!)
Венгриялик фанатлар бу шиорни «Фақат биргаликда ғалаба қозонамиз» ва «Йигитлар, боримизни берамиз» ибораларидан маъқулроқ кўришди. Тушунарлики, мухлислар бунда трибуналардан яхшироқ янграйдиган оҳангни эътиборга олишган.
Германия - «Биз уддалаймиз!» (Wir meistern das!)
Немисларга ҳавола этилган яна бир шиор машҳур велопойгани эслатувчи гўзал иборалардан иборат эди: «Тур де Франс» - соврин учун имконият». Бироқ мухлислар якунда «бундесмашина» руҳига мос тушувчи мантиқий шиорга кўпроқ овоз беришди.
Ирландия - «Орзу қилиш. Ишониш. Эришиш» (Dream it. Believe it. Achieve it.)
Ирландия термаси анча содда шиор олди, лекин у миллий жамоага мутлақо мос тушади. Дейлик, Мартин О~Нил жамоаси бўлажак қитъа чемпионатида асосий аутсайдер ҳисобланмайди, аммо унга паст назар билан қарашади, барибир. Шунинг учун ҳам, ирландлар турнирда ғолиб бўлиш орзусини эҳтиёткорона маълум қилишяпти, чоғи.
Исландия - «Олға, Исландия» (Afram Island)
Кўринишидан, энг содда шиор учун бериладиган соврин Исландиянинг совуқ соҳилларига кетади, шекилли. Эҳтимолки, даъватнамо иборалар оддийлигини исландларда юқори савияли турнирларда иштирок этиш тажрибаси йўқлиги билан изоҳлаш мумкиндир... Ахир Исландия термаси -Европа биринчилиги дебютанти.
Испания - «Битта ранг, ягона эҳтирос. Биз - «қизиллар» (Un color, una pasion. Somos la Roja.)
Испания термаси ўз одатидан юз ўгиришни истамади ва Бразилия-2014 мундиалида янграган шиорига ўхшаш ибораларни танлади. Эслатиб ўтамиз, испан мухлислари ЖЧда«Қизил фурия»ни «Бизнингқалбимиздачемпионларэҳтироси» шиори остида олқишлагандилар.
Италия - «Олға, «мовийлар»!» (Forza Azzurri!)
Итальянлар жаҳон чемпионатида ўз жамоаларини «Мундиалникўкрангбиланбезаймиз»,- дея олға бошлагандилар. Энди эса одатий шиор (Forza Azzurri!)ни яна тиклашга қарор қилишди. Умуман олганда, Апеннин ярим оролидаги мамлакат шарафини ҳимоя этувчи барча жамоалар шундай шиор остида ўйнашади.
Польша - «Бизни футбол бирлаштиради» (Laczy nas pilka)
Польша футбол федерациясининг асосий шиори Евро-2016 давомида миллий жамоага «ҳамроҳлик» қилади. Демакки, ПФФ ўз брендидан максимал даражада фойдаланади. Мухлисларга унча манзур бўлмаган яна 2та шиорга келсак, улар қуйидагича янграрди: «Довюрак! Биргаликда ғалаба учун!» ва «Қизил-оқлар» футболда бирлашинглар».
Португалия - «Битта жамоа. Битта туйғу. 11 миллион қалб.Олға, Португалия!» (uma equipa. uma paixao. 11 milhoes no coracao. forca Portugal!)
«Ягонаорзу, ягонамақсад. Португалия - чемпион!», «Буюкўтмиш, зафарликелажак» — португалиялик мухлислар шундай шиорлардан воз кечиб, жамоа ва мамлакатни шарафлайдиган иборалар фойдасига овоз беришди. Битта савол бор - португалияликлар бунчалик узун шиорни автобусга қандай сиғдиришаркин?
Россия - «Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун!»
Миллий жамоалар учун илгари сурилган шиорларни обдон саралаган УЕФА Россия футбол иттифоқига 5та вариантни тавсия этди ва улардан энг маъқул топилган 3таси мухлисларга ҳавола этилди. Саралаш жараёнида Россия томонидан РФИ раҳбари Виталий Мутко иштирок этди. «Бу яхши шиор. Бошқалари қандайдир баландпарвоз эди. Биз қизиқарли жамоага эгалигимиз, бироқ барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилсаккина у натижага эришиши мумкинлигини инобатга олдик. Таркибимизда биринчи даражали мегаюлдузлар йўқ, шундай экан, аввало, жамоавий ишга шайланишимиз керак. Агар ҳамжиҳат ҳолда катта жонкуярлик билан курашсак, имкониятимиз бўлади, албатта», — дея шиорга изоҳ берди Виталий Леонтьевич.
Руминия - «3та ранг ва миллионлаб юракларни бирлаштирган, Руминия учун курашадиган жамоа!» (O echipa, trei culori si milioane de inimi care bat pentru Romania!)
Руминия термаси шиорида халқаро турнирлар хос жамоавий руҳ, миллий байроқ ва мухлисларга аталган анъанавий иборалар мужассам. Румин жамоаси қитъа чемпионатига мунтазам чиқмайди. Шу маънода айтсак, эҳтимолки, кейинги иштирокларда унинг шиори нисбатан ихчамлаштирилар...
Словакия - «Бир халқ, бир юрак, бир орзу!» (Jeden narod, jedno srdce, jeden sen!)
Бўлажак Европа чемпионатида қатнашадиган яна бир орзуманд жамоа - бу Словакия термаси. Словаклар ушбу шиорни «Битта тўп, битта эҳтирос, битта жамоа. Турнирни биргаликда забт этамиз»дан устун кўришди. Улар шунингдек, «Халқ учун, ғалаба учун биргаликда» даъватига ҳам овоз беришлари мумкин эди.
Туркия - «Миссия ҳали бажарилмади» (Biz Bitti Demeden Bitmez)
Фотиҳ Терим жамоасининг ҳали ўз сўзини айтмагани ва қитъа биринчилигида рақиблар ундан «сюрприз» кутишлари кераклигига шаъма. Кўрамиз, турклар гуруҳ босқичида Чехия, Хорватия ва Испания термаларига ўз сўзларини нечоғли ўтказишаркин?
Украина - «Орзу ғолибларни тарбиялайди!» (Мрія народжэ переможців!)
Танлов учун яна 2та шиор бор эди: «Миллионлаб украин қалблари — сизларнинг 12-ўйинчингиз», «Украинлар учун ўйнаймиз! Орзу учун курашамиз». «Сариқ-кўклар» мухлисларига маъқул келган даъват мантиққа мос, бироқ унда миллий образ йўқ.
Уэльс - «Аждарлар қайтмоқдалар» (The dragons shall rise)
Бир қарашда, энг оригинал ва образли шиор айнан Уэльс термасига тегишли. У аждар тасвирланган миллий байроққа ҳам мос. Қизиғи, Уэльс футбол федерацияси аввалроқ жамоани қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракатларда бошқа шиордан фойдаланаётганди - «Биргаликда кучлироқ». Мухлислар ҳукмига яна : «Эҳтирос, ғурур, бирдамлик» шиори ҳам ҳавола этилди.
Франция - «Сизнинг кучингиз - бизнинг муҳаббат» (Votre force, notre passion)
Қитъа биринчилиги мезбонлари шиорда ўз жамоаларига нисбатан муҳаббатларини намоён қилишган. Айтганча, Франция термаси Бразилия мундиалида мутлақо бошқа маъноли даъват остида майдонга тушганди - «Французчада «имконсиз» сўзи йўқ». Унга таққослаганда, янгиси анча жарангдор.
Хорватия - «Янги аланга, эски тарих, аввалги умид» (Nova vatra, staro mjesto, ista nada)
Хорватия термаси мухлислари яна «Юрак. Ғурур. Хорватия!» ёки «Битта жамоа, битта гол, Хорватия ҳаммадан зўр» шиорини танлашлари ҳам мумкин эди. Улардан иккинчисига жуда кам овоз берилгани табиий ҳол. Чунончи, жўшқин қалбли хорватлар ҳужумкор футбол тарафдорилар ва Евро-2016дан биттагина гол билан ортга қайтишни сира хоҳламайдилар.
Чехия - «Бир жамоа битта мақсад сари» (Jeden tym қ Jeden cil!)
Шиор масаласида Европа чемпионатининг деярли барча иштирокчилари мақсад мавзусига алоҳида қарашган. Умуман, чехлар ҳам оригинал даъват билан мақтана олишмайди. Дейлик, бошқа вариантлар нисбатан қизиқарлироқ эди: «Шер наъраси вақти келди!» ва «Чех ғурури - ғалабага йўл».
Швеция - «Биргаликда Швеция учун» (Tillsammans for Sverige)
Швед терма жамоасининг янги шиори мухлисларни миллий қадриятларга яқинлаштиради. Жамоа Евро-2012да фойдаланган аввалги шиор ҳақида эса бундай дейиш қийин эди: «Ўз ўрнингда бўл. Ҳис эт. Орзуни ушла». Ҳа, шведлар 4 йил аввал анча тушунарсиз даъватни танлашганди.
Швейцария - «Олға, Швейцария!» (Hop Suisse! Hopp Schwiiz! Forza Svizzera!)
Швейцарияликлар кўнглига ўтирган шиор ўз шаклига кўра, анча содда, лекин уни Евро-2016 учун сараланган даъватлар орасида энг оригиналларидан бири дейиш мумкин. Гап шундаки, шиор мамлакатнинг 3та расмий тили - немисча, французча ва итальянчада ёзилади.
Шимолий Ирландия - «Орзуга қараб дадилроқ» (Dare to dream)
Шимолий ирландлар қўшнилари - Ирландияга ҳамоҳанг ўз жамоалари учун бажарилиши мушкул мақсадлар йўлидаги интилишига қараб, муносиб шиор танлашди. Дарҳақиқат, бу терма айни пайт орзу йўлида дадил қадам босиш жараёнида. Зеро, Шимолий ирландлар ўз тарихларида илк марта Европа чемпионати саралаш босқичидан муваффақиятли ўтишди.
Championat.com - А. ҚОДИРОВ тайёрлади